Ўзбекистон | 08:35 / 12.02.2023
37741
13 дақиқада ўқилади

Туркияга ёрдам, қурилишлар сифатидан хавотир ва вазирнинг маслаҳати — ҳафта дайжести

Одам зилзиладан эмас, бинолар қулашидан вафот этади. Биноларни 9 баллик зилзилада ҳам қуламайдиган қилиб қуришнинг йўли эса аллақачон ўйлаб топилган. Ҳозир – “биринчи навбатдаги жавобгар объектнинг эгаси” дейдиган эмас, бошқаларнинг хатоларидан сабоқ чиқарадиган пайт. Якунланаётган ҳафтанинг асосий мавзулари – Kun.uz дайжестида.

Туркия ва Сурияда вайронкор зилзила

Душанба куни тонгга яқин Туркия ва Сурияда рўй берган кучли зилзила барчамизни ларзага солди. 7,8 магнитудага тенг бундай кучли ер силкиниши Туркия тарихида 1939 йилдан кейинги, Сурия тарихида эса 1822 йилдан кейинги даврдаги энг вайронкор зилзила бўлди.

Табиий офат Анадолу ва Арабистон тектоник плиталари тўқнашиши натижасида содир бўлгани, Туркия Арабистон томонга 3 метрга силжигани айтиляпти. Худди шу плиталар тўқнашуви бундан аввал ҳам бир неча марта зилзилаларга олиб келган. Силжишни Қаҳрамонмараш ва Ғозиантеп ўртасидаги йўллардан олинган тасвирларда кўриш мумкин.

Эпицентри Ғозиантепдан 34 км масофада бўлган 7,8 балли зилзиладан кейин мингдан ортиқ афтершоклар қайд этилди. Улардан 31 таси 5 балл ва ундан юқори магнитудали зилзилалар бўлди. Бирламчи силкинишдан 9 соат ўтиб Қаҳрамонмараш провинциясида рўй берган энг вайронкор афтершокнинг кучи ноодатий равишда катта – 7,7 магнитудага тенг бўлди.

Туркияда умуммиллий мотам эълон қилинган. 11 феврал ҳолатига Туркия ва Суриядаги жами қурбонлар сони 25 мингдан ошган, жароҳатланганлар эса 80 мингга яқин. Бу рақамлар ўсишда давом этяпти. Қурбонлар орасида камида уч нафар Ўзбекистон фуқароси борлиги маълум. Улардан бири Малатя, яна бири Ҳатай, учинчиси Қаҳрамонмараш шаҳрида яшаган. Ўндан ортиқ ўзбекистонлик бедарак йўқолганлар рўйхатида қолмоқда.

Офат ҳудудларига бутун дунёдан инсонпарварлик ёрдами жўнатиляпти. Ўзбек халқи ҳам мусибат кунларида қардош турк халқига кўмак кўрсатяпти. Тошкентда, вилоятларда ва Туркиянинг ўзида ватандошларнинг кўнгилли гуруҳлари пул, моддий буюмлар юбориш ва бевосита офат рўй берган жойларда хизмат кўрсатиш орқали зилзиладан жабрланганларга елкадош бўляпти. Ўнлаб ватандошлар ҳамдардлик белгиси сифатида Туркиянинг Тошкентдаги элчихонаси олдига гуллар қўйиб кетишяпти.

15 мингдан ортиқ ўзбек яшайдиган Ҳатай вилоятида Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг юзга қутқарувчиси ишлаяпти. Яна 71 нафар қутқарувчи, хусусан Мудофаа вазирлигининг 50 кишидан иборат тиббий отряди Ғозиантеп шаҳрига жалб этилган. Улар керакли техникалар ва бошқа воситалар билан етиб борди. Қутқарувчилар билан бирга Ўзбекистондан инсонпарварлик юклари ҳам Туркияга етказилди.

Президент Шавкат Мирзиёев зилзила рўй берган куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан телефон орқали мулоқот қилди, кейинроқ Туркиянинг Тошкентдаги элчихонасига борган ҳолда ҳамдардлик билдирди.

Одамлар кўнглидаги ғулғула

Туркия – биз учун бегона бўлмаган, қардош мамлакат. У ердаги вайронкор зилзила ва офатнинг кўламини акс эттирган видеолар кўплар қатори ўзбекистонликларни ҳам хавотирга тушириб қўйди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги душанба куни баёнот билан чиқиб, Ўзбекистонда зилзила даракчилари аниқланмаганини маълум қилган ҳолда, аҳолини тинчлантиришга уринди. Эътиборлиси, аслида ҳам шундай бўлиб чиқди: жума куни Афғонистонда, Қирғизистонда ва Қозоғистоннинг жанубида ўртача 4 баллик зилзилалар рўй берди, лекин улар Ўзбекистон ҳудудида деярли сезилмади.

Очиғини айтганда, Туркияда қулаган уйлар орасида ҳатто янги қурилганлари ҳам борлиги хавотирга сабаб бўлмаслиги мумкин эмас. Чунки охирги йилларда Ўзбекистонда, айниқса Тошкентда турк қурувчи компаниялари анчагина фаоллашган. Мамлакатда коррупция қай даражада экани эса ҳеч кимга сир эмас.

Сешанба кунги матбуот анжуманида журналистлар қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Даврон Одиловдан Ўзбекистонда қурилаётган уйлар зилзилага қанчалик бардошли экани, неча баллгача чидашига кафолат борлиги ҳақида сўради.

“Бу ерда инсон омили бор. Мен 36 миллион одамнинг қилаётган иши учун сизга гарантия бера олмайман. Мен кафолатни давлат томонидан ўрнатилган назорат, жорий қилинган тартиб-қоида ва стандартлар бўйича бера оламан. Қурилиш ишларига жавобгар орган биринчи бўлиб уни қурган буюртмачи ҳисобланади. Ўзбекча айтганда, объектнинг эгаси. Объектни қураётган “бой ота” 100 фоиз масъул”, – деб жавоб берди Даврон Одилов.

Вазир ўринбосарининг бу жавоби интернетда кўп танқидларга учради. Чунки уй сотиб олаётган одам биринчи навбатда давлатга, давлатнинг ҳар хил вазирликларига, инспекцияларига, тайёр бинони қабул қилиб олиб, фойдаланишга рухсат берган органларига ишонади. Оддий харидор учун қурувчининг ҳалоллигига нисбатан ишонч энг охирги ўринда. Шундай шароитда, давлатнинг катта бир амалдори, шу соҳанинг эгаси, қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари асосий масъулиятни қурувчига ташлаб қўйиши албатта эътирозларга сабаб бўлиши табиий эди.

Танқидлардан кейин Қурилиш вазирлиги расмий баёнот тарқатиб, Даврон Одиловнинг сўзларига изоҳ берди. Вазирлик унинг сўзларида хато йўқлигини таъкидлаган ҳолда, қурилишлар устидан назоратнинг тўртта тоифаси борлигини билдирган: қурилиш устидан давлат назоратидан ташқари, буюртмачининг техник назорати, лойиҳачининг муаллифлик назорати ва пудратчининг ички назорати ҳам бўлиши керак.

Қурилиш вазирлигига кўра, қурилиш бошланишидан олдин лойиҳа давлат экспертизасидан ўтказилади, бунда бино ҳудуднинг сейсмик жойлашувига қараб, 7, 8 ёки 9 балли зилзилага бардошли қилиб лойиҳалаштирилиши керак. 4-тоифадаги объектлар қўшимча равишда Сейсмология институти томонидан сейсмик экспертизадан ҳам ўтказилади.

Танқидлар ва хавотирлар билан бирга, ҳафтанинг энг яхши хабари ҳам қурилиш соҳасига тааллуқли бўлди. Тошкент шаҳрида ниҳоят янги қурилишларга вақтинча мораторий эълон қилинади. Президентнинг айтишича, пойтахтнинг бош режаси тасдиқланмагунча янги қурилишларни бошлаш тақиқланади. Мораторий қачондан кучга кириши ҳозирча номаълум.

“Ойлик + беморлар берган пул = етмайдими?”

Ҳафта бошида танқидларга дучор бўлган яна бир расмий янги соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов бўлди. У Фарғонада тиббиёт соҳаси вакиллари билан учрашувларда бир неча марта коррупцияга қарши курашни кучайтириши ҳақида гапирди. Шундай учрашувлардан бирида қатнашган журналист унга коррупцияга қарши курашиш учун ойликларни ошириш кераклигини айтиб қолди. Иноятов эса бунга жавобан шифокорларга кутилмаган маслаҳат берди.

“Беморни агар меҳр билан даволаб, тўғри ёндашсангиз, рози бўлиб ўзи сизга баракасини бериб кетади. Сўрамасангиз ҳам. Тўғрими? Сўрамасангиз ҳам ўзи бериб, хурсанд бўлиб кетади. Очиқ-ойдин айтяпман. Мен учун буни вазир сифатида айтиш қанчалик тўғри, лекин мен очиқ айтяпман. Етмайдими деган саволни ўзимизга ўзимиз беришимиз керак.

Гар қаноат бирла бўлсанг барқарор,
Дунёда ҳеч бўлмагайсан хор-у зор, дейди.

Одам сабрли бўлиб, қаноат билан, ўзининг устида ишлаб, ўзининг брендини яратса, зўр мутахассис қилиб ўзининг шахсий брендини яратса, халқ шундай боқадики... Эҳ-ҳе, жонажон халқимизнинг ўзи оёғингизни ерга текиздирмасдан олиб юради”, деди вазир.

Бунақанги фикрлаш билан коррупцияга қарши курашиб бўлмаслиги ҳақида, хайриятки, фақат интернетдаги фаоллар эмас, расмийлардан ҳам садо чиқди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши баёнот билан чиқиб, бемор берган пулни шифокорни рағбатлантиришнинг йўли деб ҳисоблаш қонунчиликка ҳам, коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатига ҳам тўғри келмаслигини тасдиқлади.

Айрим фаоллар эса дўхтирлар ойлиги ҳақида аввалги соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Ҳожибоевнинг гапларини эслади. “Бир йил ичида шифокорларнинг ойлик маоши 40 фоизга кўтарилди. Менимча, яна уларнинг ойлик маошини кўтаришга ҳожат йўқ”, деганди 2019 йили, ўша пайтда вазир ўринбосари лавозимида бўлган Абдуҳаким Ҳожибоев.

Шу ҳафта эълон қилинган 2023 йилги давлат дастури лойиҳасида ойликлар ҳақида фақат битта банд бор. Унга кўра, келаси йили коллеж ва техникумлардаги ойликлар мактаблардаги ойликларга етказилади. Бошқа касб эгаларининг ойлиги масаласи лойиҳада тилга олинмаган. Аввалроқ расман эълон қилинган боғчалардаги маошларни мактаблар билан тенглаштириш ҳам негадир дастур лойиҳасига киритилмаган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилги давлат дастурида малакали ўқитувчилар ва шифокорларнинг ойликларини минг долларга етказиш бўйича аниқ қадамларни белгилаш назарда тутилган эди. Бу қадамлар белгиланганми-йўқми, номаълум.

Аҳоли яшайдиган жойларда тезлик 60 га туширилиши мумкин

2023 йилги давлат дастури лойиҳасида бир қатор яхши янгиликлар бор. 1 июндан бошлаб нафақат шаҳарлар ва улардаги марказий кўчалар, балки умуман аҳоли яшайдиган ҳар қандай жойда транспорт воситаларининг максимал тезлигини 70 км/соатдан 60 км/соатга тушириш режа қилиняпти. Эслатиб ўтамиз, биргина ўтган йилнинг ўзида Ўзбекистон бўйича авариялар оқибатида 2356 киши ҳалок бўлган. Дунё тажрибасига кўра, тезликни 10 километр соатга тушириш ўлим ҳолатларини 15 фоизга камайтиради. Бу дегани биз тезликни тушириш орқали йилига 350 кишининг ҳаётини сақлаб қолишимиз мумкин.

Дастур лойиҳасидаги яхши янгиликлардан яна бири – бу йил my.gov.uz портали орқали олиш мумкин бўлган давлат хизматларини 200 тага кўпайтириш кўзда тутиляпти. Шу тариқа, уйда ўтириб ҳам фойдаланса бўладиган давлат хизматларининг улуши 73 фоизга етиши мумкин. Йил охиригача тиббий маълумотномалар ҳам тўлиқ электрон шаклга ўтади. Масалан, ҳайдовчилик гувоҳномаси учун “086-форма”, ёки ўқитувчиларнинг ҳар йили август ойидаги тиббий кўрик хулосалари электрон шаклда бўлади. Халқ тилида “болничний” деб айтиладиган вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ҳам қоғоз шаклда берилмайдиган бўлади.

Давлат дастурида, шунингдек, бюджет ташкилотларига ёппасига қуёш панеллари ва иссиқ сув коллекторларини ўрнатиш, метан-шохобчаларга электрон ҳисоблагич қўйишни мажбурий қилиш, ўтган йилга қараганда 2 баробар кўп янги хонадонни қуриб фойдаланишга топшириш, прокурорларнинг тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкция бериш ваколатини судларга ўтказиш каби ўзгаришлар ҳам санаб ўтилган.

Ўзбекистоннинг собиқ “бош фармацевти” ҳибсга олинди

Ҳафта давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бир нечта шахсларни ҳибсга олди.

Давлат хавфсизлик хизмати ўнлаб болаларнинг ўлимига сабаб бўлган “Док-1 Макс” дориси бўйича тергов доирасида Фармацевтика агентлигининг собиқ директори Сардор Қориев ва яна бир неча кишини қамоққа олди. Улар ДХХнинг тергов изоляторида сақланяпти. Бунгача, январ ойи бошида бу иш бўйича 4 киши ҳибга олинганди.

Прокуратура органлари Нукус воқеалари бўйича ҳуқуқ-тартибот идораларининг 3 нафар ходимини қамоққа олди. Уларнинг қайси тузилмага мансублиги ва лавозими ошкор қилинмаяпти. Улар ўтган йили июлида Қорақалпоғистондаги қонли воқеалар пайтида ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этганликда айбланяпти. Ҳозирга қадар халқаро ташкилотлар бу намойишларни бартараф этишда орган ходимлари ваколатидан четга чиққан бўлса, уларга ҳам чора кўришга чақириб келаётган эди.

Ички ишлар органлари эса блогер Абдуқодир Мўминовни ҳибсга олди. У икки модда бўйича – фирибгарлик ва товламачиликда гумонланяпти. Хусусан, интернетда видео тарқатиш орқали жиноят ишини ҳал қилиб бериш учун 10 минг доллар сўраб, шундан 3800 долларини олгани, бошқа бир ҳолатда эса саҳифасида танқидий видеони чиқармаслик эвазига бир ташкилот раҳбаридан 70 минг доллар сўрагани айтиляпти.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Туркманистонда Ўзбекистонга газ етказиб бериш узилиб қолгани туфайли мансабдорлар ҳибсга олинди. Бундан ташқари, расмий Ашхобод 9 кунлик узилиш учун компенсация сифатида Ўзбекистонга бепул суюлтирилган газ партиясини етказиб берди. Шунингдек, дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Туркманистонга 20 та Volkswagen Caddy русумли тез ёрдам машиналарини жўнатди.

Ҳавонинг ифлослиги сабаб тошкентликлар йилига 503 та сигарета чеккандек бўляпти. Аниқроқ айтадиган бўлсак, Тошкентда ҳаво сифатининг ёмонлиги шаҳар аҳолисининг саломатлигига худди йилига 503 та сигарета чеккан каби салбий таъсир қилиши маълум бўлди. Ифлос ҳаво одамлар соғлигига энг кўп зарар келтирадиган 20 та катта шаҳар орасида Ўзбекистон пойтахти 16-ўринни эгаллади.

Россия Ўзбекистон ва Қозоғистон билан газ иттифоқи тузиш бўйича ҳаракатларини давом эттиряпти. Томонлар бир-бирига ва учинчи давлатларга газ етказиб беришни муҳокама қиляпти. Учта давлат ташқи газ бозоридаги позицияларини мувофиқлаштириши мумкин. 9 феврал куни Ўзбекистон ва Қозоғистон энергетика вазирлари “Газпром” раиси билан учрашди. 1 мартдан бошлаб Россиядан газ импорт қилиш бошланиши кутиляпти. Нарх масаласидаги муҳокамалардан ҳозирча маълумотлар йўқ, кейин ҳам бўлмаслиги мумкин. Умуман, энергетика соҳасида билганларимиз билмаганларимиздан қанчалик кўплигини шу ҳафта борган сари яхшироқ тушуниб олдик.

Мавзуга оид