Ўзбекистон | 16:34 / 17.02.2023
9195
3 дақиқада ўқилади
Реклама

Озарбойжон делегациясининг “Ўзбекэкспертиза” АЖга ташрифи якунланди

Фото: Ўзбекэкспертиза

2023 йилнинг 13-16 феврал кунлари Озарбойжон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг Монополияга қарши сиёсат ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат хизмати ҳузуридаги “Истеъмол товарлари экспертизаси маркази” МЧЖ раҳбарларидан иборат Озарбойжон Республикаси делегацияси “Ўзбекэкспертиза” акциядорлик жамиятига ташриф буюрди.

Ташрифдан кўзланган мақсад – “Ўзбекэкспертиза” АЖ нинг товар ишлаб чиқарилган мамлакатни аниқлаш ва сертификатлаш соҳасидаги тажрибасини ўрганиш.

Фото: Ўзбекэкспертиза

Ташриф давомида Истеъмол товарлари экспертизаси маркази делегацияси Жамият фаолияти билан яқиндан танишди, хусусан, уларга ташкилот тузилмаси, АЖ нинг ҳудудий филиаллари тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилди. Меҳмонларнинг алоҳида эътибори миллий ва халқаро қонунчилик, товар келиб чиқиш мамлакатини аниқлаш ички қоидаларини тартибга солувчи меъёрий ҳужжатлар, қоидалар, тарифларни ўрганишга қаратилди.

Шунингдек, Озарбойжон делегацияси аъзоларига Компания ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан кўрсатиладиган барча хизматларни автоматлаштиришни ўз ичига олган “ЯАТ” Ягона ахборот тизими фаолияти намойиш этилди. Истеъмол товарлари экспертизаси маркази ходимлари “Ўзбекэкспертиза” акциядорлик жамиятининг экспорт ҳажмларини ошириш ва тадбиркорлик субъектлари учун экспертизадан ўтказиш ва товарларнинг келиб чиқиши тўғрисида сертификатлар бериш жараёнларини соддалаштириш борасидаги фаолиятини амалиётда ўрганиш мақсадида Тошкент вилоятидаги ишлаб чиқариш корхонаси негизида жойлашган Жамият филиалларидан бирида бўлди.

Фото: Ўзбекэкспертиза

“Ўзбекэкспертиза” акциядорлик жамиятининг озиқ-овқат ва алкогол маҳсулотлари, енгил саноат маҳсулотлари, кимё ва полимер маҳсулотлари, матбаа ва чарм маҳсулотлари каби йўналишларда синовлар ўтказилаётган синов мажмуаси меҳмонларда айниқса катта қизиқиш уйғотди.

Озарбойжон делегацияси Ўзбекистонга ташрифининг сўнгги кунида, “Ўзбекэкспертиза” акциядорлик жамияти бош директори в.б. Артём Григорянц меҳмонларга Жамият фаолиятига билдирилган қизиқиш учун ўз миннатдорчилигини билдириб, ҳамкорликни янада кенгайтириш, экспертиза ўтказиш ва товарларнинг келиб чиқиши бўйича сертификатлар бериш бўйича амалий тажриба алмашиш жараёнларини давом эттиришга тайёрлигини билдирди.

Фото: Ўзбекэкспертиза

Ўз навбатида, делегация раҳбари “Истеъмол товарлари экспертизаси маркази” масъулияти чекланган жамияти директори Эмил Аҳмедов “Ўзбекэкспертиза” акциядорлик жамияти раҳбариятига Озарбойжон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ҳузуридаги Монополияга қарши сиёсат ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат хизмати раҳбарияти номидан миннатдорчилик билдирди ва Ўзбекистонда товарларнинг келиб чиқиш мамлакатини аниқлаш экспертизаси ва сертификатлаштириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. Жаноб Аҳмедовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон товарларнинг келиб чиқишини экспертизадан ўтказиш бўйича хизматлар кўрсатиш жараёнлари халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган ва чуқур ўрганишга лойиқ кам сонли давлатлардан биридир.

“Ўзбекэкспертиза” АЖ матбуот хизмати

Мавзуга оид