Уддалаб бўлмас вазифа: Шассида носозлик бўлган самолётни Нева дарёсига қандай қўндиришганди?
1963 йилда Таллиндан Москвага учган Ту-124 самолёти самога кўтарилгач шассисида носозлик кузатилади ва у охиригача ёпилмайди. Самолёт Ленинградга яқинлашиб қолган, унинг бортида 50 нафардан ошиқ одам бор эди. Учувчилар ҳарчанд уриниб шассидаги носозликни тузата олишмайди. Шундан сўнг экипаж самолётдаги ёқилғини охиригача сарф қилиб, Ту-124ни Нева дарёсига қўндиришга қарор қилади.
Самолётларда учрайдиган носозликларнинг бир қисми уларнинг шассиси билан боғлиқ бўлади. Улар гоҳида ёпилмайди, бошқасида очилмай қолиши мумкин.
Бундай пайтларда учувчилар ўз маҳоратини кўрсатиб, самолётни талафотсиз қўндиришга уринади. Вазиятдан келиб чиқиб, йўловчилар тан жароҳатлари олмаслиги учун охиригача курашади.
Бундай ҳолатларнинг аксариятида учувчилар самолётларни сув ҳавзаларига қўндиришга ҳаракат қилади. Мабодо сув ҳавзалари бўлмаса, унда бошқа чораларни қўллашади. Захира аэродромларга, ҳатто далаларга ҳам қўнишлари мумкин.
1963 йилда Таллин-Москва йўналишида парвоз қилган Ту-124нинг шассисида носозлик юз берганда учувчилар самолётни Санкт-Петербург шаҳри ўртасидан оқиб ўтувчи Нева дарёсига қўндиришган.
Ўшанда ҳар қадамда кўприклари бўлган Нева дарёсига самолёт муваффақият билан қўндирилган ва ҳодисада ҳеч ким жароҳат олмаган.
Муваффақиятсиз лойиҳа
Гарчи Ту-124 самолётлари дунёда оммавий тарзда ишлаб чиқарилган турбопарракли двигател ўрнатилган илк самолёт ҳисобланса ҳам, у муваффақиятсиз лойиҳа деб топилади.
Ту-124 самолётлари илк бор 1960 йилда Ту-104 базасида ишлаб чиқарилган бўлиб, унда 56 нафаргача йўловчи ўрни бўлган. Ту-124 совет авиация саноатида энг кам ишлаб чиқарилган самолётлардан бири ҳисобланади.
1960 йилдан 1966 йилгача ундан бор-йўғи 166 дона ишлаб чиқарилган. Таққослаш учун, Ту-124 дан кейин чиққан Ту-134 самолётларидан жами 854 дона ишлаб чиқарилган.
Aviation Safety Network сайти маълумотларига кўра Ту-124 самолётлари билан боғлиқ 17 та ҳалокат содир бўлиб, уларда 308 киши ҳалок бўлган.
Ту-124 кичик аэропортларга ҳам қўна олгани учун ундан асосан кичик шаҳарларга парвоз қилишда фойдаланишган. СССРда Ту-124дан фойдаланиш 1983 йилда тўхтатилган. Айрим давлатларда улардан 1990-йиллар охиригача фойдаланишган.
Нева дарёсига қўнган Ту-124 самолёти 1962 йилда ишлаб чиқарилган бўлиб, ҳодисагача бор-йўғи бир йилдан ошиқроқ вақт парвоз қилган эди.
Ҳодиса тафсилотлари
1963 йил 21 август куни маҳаллий вақт билан соат 8:55 да бортида 45 нафар йўловчи ва 7 нафар экипаж аъзоси бўлган Ту-124 самолёти Эстония пойтахти Таллин шаҳридан Москва томон парвоз қилади.
Самолёт ҳавога кўтарилгач экипаж командири унинг тумшуқ қисмидаги шасси охиригача ёпилмай, тиқилиб қолганини пайқайди. Ёрдамчи учувчи шассини чиқариш учун роса уринади, бироқ эплай олмайди. Ўшанда Ту-124 Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) шаҳрига яқинлашиб қолганди.
Экипаж командири самолётни ортга қайтармоқчи бўлади. Бироқ Таллиндаги Юлемисте аэропорти диспетчери аэропортни қалин туман қоплаганини айтиб, ортга қайтишга рухсат бермайди.
Шу билан бирга диспетчерлар учувчиларга Москвагача учишни тақиқлашади ва самолётни Ленинграддаги Пулково аэропортига қўндириш лозимлигини айтишади.
Бироқ шассиси тиқилиб қолган самолётни аэропортга қўндириш осон эмасди. Қўниш чоғида носоз шасси туфайли самолётда ёнғин келиб чиқиши ёки ҳалокатга ҳам учраши мумкин эди.
Самолёт Ленинград аэропорти томон кетаётганида икки нафар учувчи учувчилар кабинасидаги махсус тешикни очиб шассини чиқариш учун анча уринади. Бироқ бунинг иложи бўлмайди.
Экипаж командири Ленинград тепасида келганда диспетчерлар учувчиларга самолётдаги ёқилғи камайгунча парвоз қилишни, сўнг тезликни пасайтириб, шаҳар аэропортига фавқулодда қўнишни буюришади.
Хавфли қўниш
Пулково аэропорти Ту-124нинг фавқулодда қўнишига тайёргарлик кўра бошлайди. Аэропортга зудлик билан ўт ўчирувчилар, тез ёрдам машиналари, қутқарувчилар бўлинмаси етиб келади. Носоз самолётнинг қўнишига барча нарса шай қилиб қўйилади.
Учувчилар ёқилғини сарф қилиб юбориш мақсадида Ленинград шаҳри тепасида 500-600 метр баландликкача пастлашади ва айланиб уча бошлашади. Одатда бу иш қўниш пайтида кучли ёнғин келиб чиқмаслиги учун қилинади.
Самолёт шаҳар тепасида учар экан, бир соатда саккиз марта айланади. Ўн олтинчи айланишдан сўнг самолётда 750 литр ёқилғи қолади. Бу Пулково аэропортигача етиб олиш учун кифоя қиларди. Бироқ самолёт Пулково аэропортига етиб боролмайди.
Диспетчерлар экипажга Пулковога бориш учун рухсат беришади. Самолёт аэропорт томон кетаётганида тўсатдан унинг битта двигатели тўхтаб қолади. Самолёт шаҳар тепасида пастлай бошлайди. Вазият таҳликали тус олади.
Самолёт Пулково аэропортигача етиб боролмаслиги ойдинлашади. Етиб борган тақдирда ҳам битта двигател ишлаб турганда талафотсиз қўниш осон бўлмасди.
Ана шундай вазиятда экипаж командири олдида самолётни Нева дарёсига қўндиришдан бошқа чора қолмайди. Бироқ дарёда жуда кўп кўприклар бўлиб, улар орасида муносиб жой топиш керак эди.
Экипаж командири самолётни қўндириш учун Нева дарёсида жой излар экан, Ту-124 битта двигател ишлаган ҳолда пастлаб бораверади. Самолёт Малоохотинский кўчасидаги 6-уй ва унга яқин бўлган Невский кўпригидан бор-йўғи 4 метр баландликдан учиб ўтади.
Учувчилар самолётни Александр Невский ва темирйўл кўприги оралиғидаги жойга қўндиришга қарор қилишади. Шу жойда дарё ёйилиб оқар ва унинг кенглиги 400 метр атрофида эди.
Самолётни қўндиришдан аввал учувчилар унинг иккинчи двигателини ҳам ўчиришади. Орадан 14 секунд ўтиб Ту-124 дарёга зарб билан урилади. Самолёт Нева дарёсига қўндирилганда кўприклардан бирига жуда яқин келиб қолади.
Шу жойда учувчилар ўз маҳоратини кўрсатади. Самолёт дарёга қўнганда йўловчилар ва экипаж аъзоларидан ҳеч ким тан жароҳати олмайди.
Самолёт талафотсиз қўнганидан сўнг унга сув кира бошлайди. Дарҳол йўловчилар ва экипаж аъзоларини эвакуация қилиш ишлари бошланади.
Одамлар чиқариб олингандан сўнг ҳодисанинг эртаси куни, 22 августда самолёт дарёга чўкиб кетади. Йўловчилар бошқа самолёт билан Москвага учиб кетишади.
23 август куни дарёга махсус понтон олиб келинади. Самолёт кранлар ёрдамида унинг устига чиқариб олинади. Сўнг понтон шатакка олиниб, Ленинград яқинидаги ҳарбий қисмга олиб кетилади.
Ҳодисадан сўнг уни ўрганиш учун комиссия тузилади. Комиссия ҳодисада учувчиларнинг айбли йўқлигини маълум қилади. Бироқ нега двигателлардан бири ўчиб қолгани сабаби аниқланмай қолиб кетади.
1998 йилда ҳодисага 35 йил бўлганда телеканаллардан бирида ҳужжатли фильм намойиш этилади. Унда қатнашган иккинчи учувчи Василий Чеченев ҳодисанинг янги тафсилотларини ошкор қилади.
Унга кўра, Ленинград тепасида парвоз қилинаётганда экипаж учувчилар кабинасидаги тешик орқали шассини очиш учун овора бўлиб самолётдаги ёқилғи жуда кам қолганини сезмай қолади.
Бу ҳақда хабар топишганда самолётда қолган ёқилғи билан Пулково аэропортигача етиб бўлмаслиги аён бўлади. Шунда ҳам экипаж командири таваккал қилиб самолётни аэропорт томонга йўналтиради. Оқибатда йўлда битта двигател айнан ёқилғи тугагани учун ўчиб қолади.
Иккинчи двигател ўчса аэропортга етиб боролмаслигини ва муқаррар ҳалокат содир бўлишини билган экипаж командири самолётни Нева дарёсига қўндиришга қарор қилади.
Кейинчалик экипаж командирининг беваси «Известия» газетасига берган интервьюсида ўша пайтда самолётни талафотсиз қўндирган учувчилар «Қизил юлдуз» орденига тавсия қилингани, бироқ бу ҳақдаги қарор имзоланмай қолганини айтиб беради.
Гарчи орден берилмаган бўлса ҳам «Аэрофлот» авиакомпанияси учувчиларни муносиб тақдирлайди. Экипаж командири ва штурманга икки хонали уй совға қилинади. Бошқаларига ҳам қимматбаҳо совғалар беришади.
Самолёт ва экипажнинг кейинги тақдири
Экипаж командири Виктор Мостовой кўп ўтмай Краснодардаги авиаотрядга ўтиб кетади ва 1978 йилгача ўша ерда ишлайди. Сўнг Москвадаги Внуково аэропортига навбатчилик қисми бошлиғи вазифасига тайинланади. У 1988 йилда соғлигидаги муаммолар туфайли бўшаб кетгунига қадар шу ерда ишлайди.
Виктор Мостовой 1989 йилда оиласи билан Исроилга кўчиб кетади ва 1997 йилда 64 ёшида шу ерда вафот этади. Иккинчи учувчи Чеченев кейинчалик экипаж командири, авиация билим юртида инструктор бўлиб ишлайди ва 2002 йилда вафот этади.
Ту-124 самолёти Невага қўниш пайтида жиддий шикастланганди. Уни рўйхатдан чиқаришга қарор қилишади.
Самолёт қайта таъмирлангач уни Кирсанов шаҳридаги (Тамбов вилоятида жойлашган) авиация мактабга беришади. Курсантлар ундан авиатренажёр сифатида фойдаланишади.
Ту-124 самолётлари эксплуатациядан чиқарилгач, Невага қўндирилган самолёт ҳам бошқалари каби металлолом топшириб юборилади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
14:01 / 15.11.2024
Лавров самолётига хорижда ёнилғи қуйишдан бош тортишаётганидан шикоят қилди
21:10 / 10.11.2024
Тошкентдан Жиддага учган самолёт ортга қайтишга мажбур бўлди
12:02 / 02.11.2024
Мюнхендан Шанхайга учаётган самолёт Тошкентга фавқулодда қўнди
11:56 / 02.11.2024