Жаҳон | 11:51 / 23.02.2023
4122
2 дақиқада ўқилади

БМТ: Дунёда ҳар икки дақиқада бир бўлажак она вафот этяпти

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2016 йилдан 2020 йилгача бир қанча ҳудудларда оналар ўлими кўпайганини қайд этди. Миллионлаб аёллар ҳамон сифатли тиббий ёрдамдан маҳрум, деди ЖССТ бош директори.

Фото: UNICEF

Дунёда ҳар икки дақиқада бир аёл вафот этади - ҳомиладорлик ёки туғиш пайтида. Бундай маълумотлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва БМТнинг бошқа агентликлари томонидан тайёрланган ҳамда 23 февраль, пайшанба куни эълон қилинган «Оналар ўлими тенденциялари» ҳисоботида келтирилган.

Шундай қилиб, 2020 йилда 287 мингта шундай ўлим қайд этилган. 2000 йилдан 2015 йилгача экспертлар оналар ўлимини камайтиришда сезиларли ютуқларга эришган. Ҳисоботда айтилишича, 2016-2020 йиллар оралиғида оналар ўлими Европа ва Шимолий Америкада 17 фоизга, Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзасида эса 15 фоизга ошган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, оналар ўлимининг энг юқори мутлақ кўрсаткичлари ҳамон дунёнинг энг қашшоқ ҳудудлари ва қуролли можаролар бўлаётган давлатларда қайд этилган. Масалан, 2020 йилда барча оналар ўлимининг қарийб 70 фоизи Саҳрои Кабирдан жанубдаги Африка мамлакатларида содир бўлган.

ЖССТ Бош директори Тедрос Адҳаном Гебрейесуснинг айтишича, ҳомиладорлик сифатли тиббий хизматдан фойдалана олмайдиган миллионлаб аёллар учун «ўта оғир ва хавфли тажриба» бўлиб қолмоқда. Янги маълумотлар ҳар бир аёл ва қизга туғуруқдан олдин, туғуруқ вақтида ва туғишдан кейин зарур тиббий ёрдам олиш имконини берувчи шарт-шароитларни зудлик билан яратиш зарурлигини кўрсатади, дея қўшимча қилди у.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид