“Бу кетишда инқирозга учраймиз” — инвестор чорвачиликда яширилаётган муаммолар ҳақида
Кредит ҳисобига эмас, ўз маблағига Европадан наслли қорамоллар олиб келиб, тадбиркорликни йўлга қўйган инвестор соҳадаги оғриқли муаммолар сабаб катта йўқотишларга учраётганини айтиб, масъулларни реал ҳолатни тан олмаслик ва муаммоларни яширишда айблади.
Сўз эркинлиги нимага керак? Дейлик, жамият учун аҳамиятли бир соҳа бор. Аммо ўша соҳа жамият назоратида эмас, кўзидан панада. Натижада ўша соҳа пароканда бўлади ва жамият ҳаёти жиддий хатар остида қолади.
Савдо-саноат палатаси ўтказган давра суҳбатларида қатнашган эдим, йиғилишлардан бирида бир чорвадор йигит чиқиш қилиб, муаммоларни гапира кетди. У гапираётган маҳалда телефонига соҳа мансабдорлари томонидан қўнғироқлар қилина бошланди: “гапирма” деган маънода.
“Гапирма”...
Хўш, гапирмадик ҳам, гапирмаслик оқибатида соҳалар батамом таназзулга учраса, кимга фойда-ю, кимга зарар? Бир кун келиб барибир очиладими? Ё очилмайдими? Аммо бу энг муҳими эмас – бир кунлик “тинчлик” оқибатида эл бошига катта муаммолар келишидан қўрқмаймизми?
Оммавий ахборот воситаларини баъзилар ўзи учун душман деб билади, сўз эркинлигини ёмон кўради. Бироқ шу – сўз эркинлиги бўлмаса, жамият жар ёқасига келиб қолишини тушунишмайди. Охирги 6 йилда ОАВ фаолияти сабаб очилган муаммоларнинг ҳисоби юритилаётгани йўқ. Фаразан, бундай ҳисобот мавжуд бўлганда эди, аминманки, шу 6 йил ичида айнан сўз эркинлиги сабаб мамлакат жар ёқасидан узоқлашганини тушунган бўлардик. Жар эса шундай бир нарсаки, ҳаммани ажратмасдан бағрига тортиб кетади.
Нега бу ҳақда гапиряпман? Чунки сўз эркинлиги биз учун ҳаётий эҳтиёж эканини ҳали кўпчилигимиз англаганимиз йўқ – унинг йўқолишини истайдиганлар кўп. Коррупционерлар-ку майли – улар алоҳида гуруҳ – биз... буни тушундикми?
Йиғилишда гапирган ўша йигит – чорвадор Азиз Мирзакаримов билан боғландим, суҳбатлашдим. Келинг, унинг ичида йиғилиб қолганларни тинглайлик.
— Билишимча, сиз Россияда бизнес қилиб юргансиз, бинойидек бизнесингиз бўлган, 2018 йилда Ўзбекистонга қайтгансиз ва чорвачилик билан шуғуллана бошлагансиз. Нима сабаб бўлди қайтишингизга?
— Биринчи навбатда – болаларимизнинг келажакдаги хавфсизлиги. Қайтиб келиш масаласи доим бор эди. Фақат, қайтганимизда нима қиламиз, 12-14 йил давомида топилган маблағларимиз дахлсизлиги кафолати борми, деган саволлар бўлган. Ўзбекистондаги қариндошлар билан гаплашдик, янгиликларни кузатдик. Президентимизнинг АҚШга борганда, ўзбекистонлик тадбиркорлар билан учрашиб, Ўзбекистонга қайтиб бизнес қилишни сўрагани ва барча ёрдамлар берилишини айтган видеолавҳани кўриб қолдим. Энг асосийси, пул маблағлари олиб киришда ҳеч қандай чеклов йўқлиги, президент томонидан кафолатлангани бўлди. Ўзбекистонга қайтамиз, деган қарорга келдик.
Шеригим “вазиятни билиб кел”, деди. Келдим Ўзбекистонга.
Туман ҳокими билан кўришишни маслаҳат беришди. Қўрғонтепа туманининг ўша пайтдаги ҳокими нима қилмоқчи эканимни сўради. Мен қурилиш моллари ишлаб чиқариш ёки Россиядан олиб келиб сотмоқчи эканимни айтдим. Ҳоким “бизда чорвачилик оқсаяпти, чет элдан чорва моллари олиб келиш имкони бор, хориждан юқори маҳсулдор моллар олиб келиб, аҳолига тарқатиш даражасигача олиб чиқишимиз керак, давлат томонидан ҳам алоҳида эътиборга олиниб, фойдаси катта бўлса керак”, деди.
Адашмасам, ўша йили Андижон вилоятида ўз маблағи эвазига хориждан мол олиб келган битта мен эдим. Йиғилишларда чорвадор тадбиркорлар гап эшитган пайтда ҳам менга индашмас эди, “сизни чорвангиз нақдга келган” деб айтишарди.
Йиғилишлар жуда кўп эди, кўп вақт сарфланарди. Кейин, битта катта инвестицион лойиҳамни ҳозирги туман ҳокими фойдасига бериб юборишгач, йиғилишларга бормай қўйганман.
— Қанча вақт сарфланади йиғилишларга?
— Одатда эрталаб соат 7-8 га чақириласиз, лекин йиғилиш 11 да бошланади. Доим бир хил гаплар: нимага дастур бўйича силжиш йўқ, нега молинг келмади? Ҳаммаси кредитлар билан боғлиқ.
Президентнинг бўш ётган давлат активларини тадбиркорларга бериш тўғрисида қарори бор эди. Пахта ишлаш заводига тегишли бўш ётган 6 гектар жойни олиш таклифи бўлди. Лекин рози бўлмадим, чунки у ерга сарфланиши керак бўлган маблағ 5 млн доллардан ошиб кетар экан. 300 бош қорамолга етадиган 1,5 гектар жой бўлса етади, дедим.
Санкт-Петербургга қайтиб бордим. У ердаги бизнесларимизни сотдик.
Туман ҳокимига кириб, ер бўйича қарорни сўрадим. Ишни бошлайвер, деди. Олдин ҳужжат қилиш керак деганимда, сенга ўхшаб иш қиламан деб ерни олиб қўйиб, ҳеч нарса қилмай юрганлар кўп, олдин ишни кўрсат, деди ҳоким.
— Нега сергак тортмадингизлар? Нима панд берди? Ривожланган мамлакатда эмас, Россияда бизнес қилиб юргансизлар-да, тўғрими?..
— Хато қилдик. Яна бир сабаби – орқага йўл йўқ эди, асосий активларнинг катта қисмини реализация қилиб қўйгандик. Орада вилоят қишлоқ хўжалиги бўлимига йиғилишларга боришни бошладик – имтиёздан фойдаланганлар бориши мажбур эди. Ҳатто прокуратура томонидан кунлик фото ҳисобот сўралган, қилинаётган ишлар бўйича...
— ССПда ўтказилган йиғилишда чиқиш қилишингизга нима туртки бўлди?
— 4,5 йил мобайнида биз бундай йиғилишларга яқинлаштирилмаганмиз. Яъни тасвирга олинадиган, эфирларда кетадиган йиғилишларга бизни чақиришмас эди. Чунки қонунийлик талаб қилардик, танқидий фикрлар айтардик.
Чорва молларининг хавфсизлиги, соғлиғи, узоқ яшаб сифатли насл беришига бевосита таъсир қилган юқумли касалликларга қарши вакциналар биринчи масала бўлди. Республика миқёсида чорвачиликда энг катта муаммо бу – яшур (оқсил) касаллиги. Шунинг учун бу масалани кўтардим. Мени ҳайрон қолдиргани шу бўлдики, менинг гапларим ваколатли идоралар томонидан (Ветеринария қўмитасининг вилоят, туман бўлимлари раҳбарияти) жуда салбий қабул қилинди. Эфир пайтида вилоят ветеринария қўмитаси вакили менга қўнғироқ қила бошлади, шунинг учун интернетим ҳам узила бошлади. Тушундимки, ҳамма масалани кўтара олмайман, қисқача тўхталдим. Сабабларни тўлиқ айтиб улгурмадим ҳам.
Кейин кўп қўнғироқлар бўлди менга, бир соатча жавоб бермадим.
Бу масалани кўтаришимга сабаб ҳар йили бу касалликдан катта талафот кўрамиз. Ветеринария вакцина қилади, аммо у вакцина ишламайди. Дори-дармонига ҳар йили 100-150 млн атрофида пулимиз кетади. Бундан ташқари, моллар нобуд бўлади. Айниқса, кичкина, бир ойликкача бўлган бузоқлар орасида бу кўрсаткич катта. Тирик қолганларида ҳам ички аъзолари шикастланган бўлади. Кейин эса маҳсулдорлик тушиб кетади. Ҳатто касалликдан 5-6 ой ўтгач, нобуд бўлиш эҳтимоли бор.
2019-2022 йилларда бу ҳолат такрорланаверди, давлат томонидан эса чора кўрилмади. Вилоят, туман раҳбарларига бу масалани кўп айтдим. Ўша видеочиқишдан кейин республика ветеринария қўмитаси раҳбари ва вилоят қўмитаси раҳбари томонидан “бу масалани олиб чиқмагансан олдин”, деган даъволар бўлди менга нисбатан, “аҳолини хавотирга солиб ташладинг”, дейишди. “Ростдан ваҳима қиладиган ҳолат-ку бу”, дедим. Республика миқёсида чорвалар кўраётган талафот, давлат иқтисодиётига келаётган зарар масаласини кўтармоқчи бўлганим, гапиртиришмади ўшанда. Муаммо борлигини тан олиб, ечимини қилайлик, деганимда ҳам ўз фикридан қайтмади раҳбарлар, “сен ёлғон гапирдинг, бундай муаммо йўқ”, дейишди.
Бу масала бўйича 2021 йил апрель-май ойларида президент администрациясига, бош вазирга, бош прокурорга, Қишлоқ хўжалиги вазирлигига, Андижон вилояти ҳокимига, Андижон вилояти прокуратурасига хат жўнатганман. Ҳеч қайси биридан на жавоб хати, на муносабат бўлди.
2021-2022 мавсумида бундай талафотли ҳолат яна такрорланди. Мен ҳолатни вилоят ва туман ветеринария қўмитаси раҳбарларига айтганман. Менинг таклифим – Ўзбекистонда шу касалликка қарши вакцинани чиқаришни йўлга қўйиш керак.
Масалан, Қўрғонтепа туманида 88 та чорва фермер хўжалиги бор. Дейлик, менинг чорва хўжалигимда бу касаллик пайдо бўлди. Ветеринария ходимлари келиб моллардан таҳлил учун қонидан ёки сўлагидан намуна олиб, республика лабораториясига жўнатиб, касалликнинг шу типига қарши тезкор вакцина ишлаб чиқса бўлади-ку. Қайтадан вакцина қилинганда, 88 та чорва хўжалигидан 50-60 таси қутулиб қолади. Булар эса касалликнинг янги турдан намуна олиб, Россиядаги ишлаб чиқарувчига жўнатишади. У ердан вакцина етиб келгунча бизда чорва йўқ бўляпти...
Айни шу масалаларни кўтардим мен. Тўғри, бунинг қийинчиликлари бордир, лекин қачонгача биз тадбиркорлар зарар кўрамиз, бизда айб нима? Ким зараримизни қоплаб беради?
Ҳолатни яшираверсак, ким кафолат беради вазият янада ёмонлашиб кетмайди деб? Масалани тан олиб, ечим қилиш ўрнига, инкор қилишни ва ўзини ҳимоя қилишни бошлашади. Мен шу нарсани тушунмайман.
Президент ҳам ёшларни ҳақиқатгўй ва ташаббускор қилиб тарбиялашимиз керак деяпти. Улар катта бўлгунча биз ёлғон гапириб турайликми?.. Ветеринария қўмитасидагилар президентдан гап эшитмаслиги учун биз чидаб туришимиз керак шекилли... Танқид муаммодан келиб чиқади, муаммони эса ечиш керак.
Олдимга келиб, “инкор қилувчи интервью қилиб беринг”, дейишди. Йўқ дедим, ёлғон гапирганимни исботлаб беринглар, дедим. Вилоят ветеринария бошқармаси раҳбари келиб: “Нимага асосланиб, лаборатория текширувларисиз гапирдинг” деди. Ҳолбуки у бундай вазиятда умуман бошқача ёндашиши керак, вазифасидан келиб чиқиб.
Бу кетишда чорвамизнинг истиқболи йўқ. Мол сони озайяпти, сифат ўляпти, наслчилик маҳсулдорликни йўқотяпти. Бу кетишда инқирозга учраймиз.
Мен-ку молларни ўз маблағимдан олиб келганман. Қолганлар кредит олиб мол келтиряпти.
Чет эл кредитларидан оляпмиз, яна ўша чет элдан мол сотиб оляпмиз. Натижада улар ҳам молиявий ресурслардан фойда қиляпти, ҳам ички ишлаб чиқарувчиси ривожланяпти. Биз эса кўпайтиролмай, ўлдиряпмиз ва яна бориб мол олиб келяпмиз. Қанчадан қанча валюта чиқиб кетяпти.
Ветеринария қўмитаси қанчадир минг мол олиб келяпмиз, деб видеороликлар чиқарибди. Қачонгача олиб келади? Молия вазирлиги баҳо берсин ҳолатга. Улар олиб чиқиб кетаётган пуллар бизнинг иқтисодга зарар келтираётганини текширсин. Бу фақат фермернинг зарар кўриши масаласи эмас, бутун давлат миқёсидаги муаммо. Фақатгина хўжалик муаммоси эмас, иқтисодий муаммо.
Фермерлар кредит тўлаши керак. Инфляция натижасида улар валютада олган имтиёзли кредитлар имтиёзлилик мазмунини йўқотяпти. Жуда кўп фермерлар қийналяпти, инқироз ёқасида турибди. Фақат ҳеч ким буларни гапиролмаяпти. Олиб келинаётган юз минглаб моллар йўқолиб, эртага бозорга маҳсулот етказиб беролмай қолишимиз хавфи кучайиб кетганини Ветеринария қўмитаси тан олгиси келмаяпти. Оддий вакцина нотўғри қўлланилаётганини тан олиш ўрнига, ўзларини ҳимоя қилишаётганининг натижаси булар.
Яна бир оғриқли ҳолат бўлди. Менинг чиқишимдан кейин Самарқанд давлат ветеринария медицинаси институти олимлари йиғилиш қилишибди. Ўша ерда бир профессор Ўзбекистонда 30-40 йилдан бери юқумли касалликлар йўқ, биз касалликдан тоза мамлакатмиз, деган қатъий гапни айтиб, республика миқёсида маълумот берибди...
Фермерларнинг моли кўп, ўз ветеринарлари бор. Лекин битта мол билан кун кўрадиган одамлар ҳам бор. Улар учун бу жуда катта талафот.
Ҳақиқий инқироз шундаки, ҳеч ким ҳеч нарсани билмагандек, одамларга ёлғон гапиришяпти. Ёлғон гапиргандан кўра, жим ўтиришгани яхши эди.
Илмий тадқиқот институти раҳбари эса фермерларнинг ўзи айбдор, ҳудудий ветеринария бўлимлари билан маслаҳат қилмайди мол олиб келишдан олдин, деяпти. Мол олиб келишдан олдин маслаҳат қилса, мутахассис Германияга бориб ўрганиб келармиш. Ҳеч қачон бундай бўлган эмас. Давлатлар ўртасидаги келишувга кўра, сотаётган давлат касалланмаган мол сотиш мажбуриятини олган. Бу нарса уларнинг манфаатига хизмат қилишини билишади, шунинг учун соғлом мол жўнатишади. Европадан келадиган молларга эътироз йўқ. Лекин келгунча Россияда, Полшада, Қозоғистонда тўхташади. Ўша ерларда моллар тоза жойда бўлишига ҳеч ким кафолат бермайди.
Касаллик йўқ деб хулоса бераётган олийгоҳ ўқитувчилари соҳани ислоҳ қилиши керак бўлган ёшларга дарс беряпти... У кадрлар эса кўзбўямачилик, ҳақиқатни яшириш, мансабини ушлаб қолишни ўрганиб чиқяпти.
Мендан кўра анча кўпроқ – 500 та мол олиб келганлар ҳам бор... Уларда муаммолар янада катта, қолган параллел бизнесларини ҳам тортиб кетди бу соҳа...
Лойиҳанинг мақсади – наслли молларни кўпайтириб, аҳоли ўртасида оммалаштириб, уларга тарқатишни бошлаш. Лекин буни қилолмаяпмиз. “5800 та лойиҳа амалга ошди”, дейишяпти. Амалга ошди – мол келди, давоми нима бўлди? Бизнес ривожланяптими? Ҳеч кимнинг иши йўқ. Лойиҳани бошлаётган пайтимда ҳокимият, фермерлар кенгаши, агроинспекция, прокуратура, ветеринария, вилоят бошқармалари, банклар – ҳамманинг назоратида эди. Кейин ўзим якка қолдим. Ҳеч қайси муаммомни ҳеч қайси ташкилот ечиб бермади. Молларга ўт захирасини ўз маблағимиздан қилдик – кераклича ер ажратишмади. Қора молни четдан келтирганимдан кейин эса пайдо бўла бошлашди...
Орада вилоят бошқармасига бориб, дастурдан чиқаринглар мени деб айтдим. Йиғилишларга ҳам бормай қўйдим. Кейин президент аппаратидан, Вазирлар Маҳкамасидан ишчи гуруҳлар кела бошлади. Ўқимишли, тушунган одамларга ўхшашди. Лекин бирортаси ҳокимликка ё тегишли ташкилотга кириб, ер ажратиб беринглар бунга демади.
“Лойиҳани амалга ошириш” мана шундай бўлади бизда: ҳамма нарсани ўзингиз қиласиз, кейин улар келиб ёнингизда байроқ кўтаришади, телевизорга чиқиб бонг уришади...
Бу кетишда ёпиламиз, аниқ биламан, кўп қолмади...
Шокир Шарипов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
20:46 / 07.11.2024
Президент 10 та сел сув омбори қуриш ишларини бошлашни буюрди
19:07 / 07.11.2024
2025 йилда каналларни бетонлаштиришга 800 миллиард сўм ажратилади
18:21 / 07.11.2024
Президент сув таъминоти оғир туманларда суғоришни «ақлли тизимга» ўтказишни буюрди
20:28 / 01.11.2024