Жаҳон | 11:13 / 28.02.2023
9350
2 дақиқада ўқилади

Apple Россияда деярли бир миллиард рубл миқдорида жарима тўлади

Америка компанияси "Лаборатория Касперского" билан боғлиқ монополияга қарши иш бўйича 906 миллион рубл жарима тўлади.

Фото: AP

Американинг Apple компанияси "Лаборатория Касперского" билан монополияга қарши қонунлар бузилиши юзасидан ишда Россия бюджетига 906 миллион рубл миқдорида жарима тўлади. Бу ҳақда Федерал монополияга қарши хизмат (ФАС) матбуот хизмати 27 февраль, душанба куни хабар берди.

"Компания хизмат қарори ва буйруғи, шунингдек, жарима солиш тўғрисидаги қарор устидан судга шикоят қилди. Бироқ 2022 ва 2023 йилларда учта инстанция судлари ФАС позициясини қўллаб-қувватлади, шундан сўнг компания буйруқни бажарди", деб хабар қилди Россия регулятори.

2020 йилда Федерал монополияга қарши хизмат Apple'ни иловалар бозоридаги устун мавқейини суиистеъмол қилишда айбдор деб топди, чунки иловани фақат App Store'дан Аппле мобил қурилмаларига қонуний равишда ўрнатиш мумкин. Ўшанда "Лаборатория Касперского" Федерал монополияга қарши хизматга мурожаат қилган, унда Apple компания томонидан ишлаб чиқилган ота-оналар назорати дастурини блоклаганини даъво қилган - гўёки ўзининг шунга ўхшаш иловасини чиқаришни режалаштиргани учун.

2021 йилда ФАС Apple'га қарши яна бир иш қўзғатди. Унга кўра, компания россиялик ишлаб чиқувчиларга App Store иловалари харидорларини муқобил тўлов усуллари ҳақида хабардор қилишни тақиқлаган ва россиялик ишлаб чиқувчиларни Apple'нинг тўлов хизматларидан фойдаланишга мажбур қилган. Ушбу иш доирасида, 2023 йил январида ФАС Apple'ни 1,2 миллиард рубл миқдорида жаримага тортди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид