Жаҳон | 22:51 / 02.03.2023
19188
2 дақиқада ўқилади

Молдова тили румин тилига ўзгартирилди

Қонун лойиҳаси муҳокамаси чоғида депутатлар жанжаллашиб кетди. 

Молдова парламентида молдова тилини румин тилига ўзгартириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокамаси чоғида жанжал бўлиб ўтди. Коммунистлар ва социалистларнинг мухолифат блоки (КСБ) депутатлари ташаббусга қарши чиқди.

КСБ аъзолари «Конституцияни масхара қилманг», «Молдова, Молдоваликлар, Молдова тили» деб ёзилган плакатлар билан минбарга чиқди. Мухолифат ҳам «Шармандалик!» деб ҳайқирди. Ҳукмрон «Ҳаракат ва бирдамлик» партияси (PAS) уларни тўхтатишга уринди, шундан сўнг депутатлар ўртасида тўполон бошланди. 

Бироз вақт ўтгач, парламент спикери Игор Гросу қонун лойиҳаси биринчи ўқишда маъқулланганини эълон қилди. Уни 101 депутатдан 56 нафари қўллаб-қувватлади. 

Қонун лойиҳасига кўра, «молдова тили» сўзлари «румин тили» сўзлари билан алмаштирилади. Молдова ҳақида гап кетганда, «давлат тили», «расмий тил», «она тили» сўзлари «румин» сўзлари билан алмаштирилади. Қонун лойиҳаси парламентда 63 ўринга эга бўлган PAS партияси томонидан таклиф қилинган эди. 

2013 йилда Конституциявий суд румин тилини мамлакатда давлат тили деб белгилаган. Лекин Молдова Конституциясига кўра, мамлакатда давлат тили лотин алифбосига асосланган молдова тилидир, бу румин тилига айнан ўхшаш. 

Молдова мактаблари ва университетларида румин тили ўқитилади, кирилл алифбосига асосланган Молдова тили эса фақат тан олинмаган Днестрбўйида ўқитилади. 

Мавзуга оид