Фан-техника | 19:58 / 04.03.2023
96350
6 дақиқада ўқилади

2022 йилнинг энг харидоргир автомобиллари вa Nokia ребрендинги — ҳафта технодайжести

Kun.uz якунланаётган ҳафтадаги технология ва илм-фанга оид энг қизиқарли хабарларни жамлади.

2022 йилнинг энг харидоргир автомобиллари

Фото: Toyota

Focus2Move 162та мамлакатдаги маълумотларини жамлаган ҳолда ўтган йилда дунё миқёсида энг кўп сотилган автомобиллар рейтингини эълон қилди.

Таҳлил натижаларига кўра, 2022 йилда жаҳонда энг кўп миқдорда Toyota Corolla модели сотилган. Ушбу кроссовердан 1,12 млн дона харид қилинган. Toyota Corolla савдоларида 2021 йилга нисбатан кичик пасайиш (2,8 фоиз) кузатилган бўлса-да, дунё бўйлаб энг кўп сотилган автомобил мақомини сақлаб қолган.

Иккинчи ўринни Toyota RAV4 кроссовери эгаллаган. Ўтган бир йил давомида 868 минг 398 дона ушбу моделдаги автомашина харид қилинган. Қайд этилишича, бу 2021 йилдаги кўрсаткичга нисбатан 13,7 фоизга кам.

Кучли учликни Ford F-Series якунлаган. Бу моделдан 786 минг 337 дона сотилган ва савдоси бир йил олдингига нисбатан 8,8 фоизга камайган.

4- ва 5-ўринларни Tesla Model Y (сотув – 759 минг 579 дона, ўсиш – 88,7 фоиз) ва Toyota Camry (сотув – 667 минг 968 дона, камайиш – 2,6 фоиз) моделлари эгаллаган. 

Рейтингнинг дастлабки ўнталиги қуйидагича:

1.Toyota Corolla – 1,12 млн дона;

2.Toyota RAV4 – 868 минг 398 дона;

3.Ford F-Series – 786 минг 337 дона;

4.Tesla Model Y – 759 минг 579 дона;

5.Toyota Camry – 667 минг 968 дона;

6.Chevrolet Silverado – 591 594 дона;

7.Honda CR-V – 591 минг 293 дона;

8.Toyota Hilux – 566 минг 838 дона;

9.Hyundai Tucson – 549 минг 918 дона;

10.Ram Pick-up – 545 минг 420 дона. 

Nokia ребрендинг ўтказди

Caption

Финландиянинг Nokia компанияси сўнгги 60 йил ичида илк марта ўз логотипини ўзгартирди. Янгилаш тўғрисидаги қарор компания стратегиясининг ўзгариши билан боғлиқ. Эски логотип смартфонлар билан боғлиқликни англатарди, бироқ ҳозирда Nokia бошқа фирмаларга ускуналар сотишга ихтисослашган бизнес-технологиялар компанияси ҳисобланади.

“Кўпчиликнинг фикрига кўра, биз ҳали ҳам мобил телефон ишлаб чиқарувчи брендмиз, аммо ҳозирда Nokia бу иш билан шуғулланмайди. Биз тармоқлар ва саноатни рақамлаштиришга катта эътибор қаратадиган янги брендни ишга туширмоқчимиз”, деган компания бош директори Пекка Лундмарк.

Renault Ўзбекистон бозорини тарк этади

Renault Ўзбекистон бозоридан чиқиб кетади. Бунга автомобил ишлаб чиқарувчисининг Россиядан чиқиб кетиши фонида эҳтиёт қисмлар етишмаслиги сабаб бўлган.

“Renault Россияни тарк этгач, эҳтиёт қисмлар танқислиги юзага келди. Кўплаб бутловчи қисмлар Европадан олиб келинарди. Бироқ барча жараёнлар вақтинча тўхтатилган”, дейилади компания дилерлик маркази изоҳида.

Автокредитларни ўз вақтида тўлашни таъминлашнинг инновацион усули

Фото: Ford

Американинг Ford автомобилсозлик компанияси автокредитларни тўламасликка қарши турли усуллар билан курашувчи технология учун патент олди. Унга кўра, келажакда машиналарда ушбу тизим жорий қилинса, мижоз Ford автомобилини кредитга олган бўлса ва тўловни ўз вақтида тўламаса, машина мижозга бу ҳақда эслата бошлайди.

Аввалига автомобилнинг круиз-контроль, кондиционер сингари тизимлари ўчирилади, кейин салонда ёқимсиз овоз чиқаради. Мижоз барибир эътибор қаратмаса, машина қулфлаб қўйилиши мумкин. Шунда ҳам мижоз кредитни тўламаса, машина банк кўрсатган жойга ўзи кетади.

Ford 2021 йилдаёқ АҚШ Патент идорасига бу ҳақда ариза топширган ва ҳозирда у тасдиқланган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, патентни олиш бундай технологияларнинг амалда жорий этилишини англатмайди. Шунингдек, бундай автопилотдан фойдаланиш учун аввало ривожланган автоном бошқарув тизими ишлаб чиқилиши ва у регулятор томонидан тасдиқланиши керак. 

Ўзбекистонда Exeed заводи очилади

Ўзбекистонда Exeed заводи очилиши кутилмоқда. Ҳозирда Тошкентдаги саноат майдонига зарур ускуналар етказиб берилмоқда.

“Ўзбекистон жадал ривожланаётган бозор, бу ерда янги автомобилларга қизиқиш муттасил ортиб бормоқда. Ўйлайманки, ўзбек автомобиль ишқибозлари Exeed автомобилларининг барча афзалликларини қадрлашади”, – дея таъкидлаган компаниянинг Осиё ва Тинч океани минтақаси директори Жефф Лю.

Янги завод дастлаб йилига 5 мингта автомобиль йиғиш имкониятига эга бўлади. Келгусида ишлаб чиқариш қувватини йилига 20 минг донага етказиш режалаштирилган.

Lenovo’dan катталашадиган экранли ноутбук

Lenovo компанияси MWC 2023 кўргазмасида қизиқарли концептуал ноутбукни намойиш этди. Оддий режимда бу 12,7 дюймли 4:3 нисбатли дисплейга эга стандарт ThinkBook ультрабуки. 

Бироқ агар корпуснинг ўнг томонидаги кичик тугма босилса, дисплей бўйига катталаша бошлайди. Ушбу механизм экран панелини клавиатура остидан тортиб олади. 

Журналистларнинг таъкидлашича, ҳажмни ошириш жараёни анча секин. Тўлиқ очиш 10 сониядан кўпроқ вақтни олади ва у 8:9 нисбатли 15,3 дюймли дисплейга айланади. Панелнинг ўзи Sharp компанияси томонидан ишлаб чиқарилган. Механизмнинг ресурси 20-30 минг циклни ташкил қилади. Ҳозирча бу технология лойиҳа босқичида холос.

TikTok вояга етмаганлар учун вақт чегарасини ўрнатади

TikTok яқин орада 18 ёшгача бўлган ҳар бир фойдаланувчи аккаунтида кун давомида 60 дақиқалик фойдаланиш вақти чеклови ўрнатилишини эълон қилди

Бу ўзгариш ёшлар орасида ўта машҳур мобил иловадан фойдаланишга муккасидан кетиш ҳолатлари ошаётган ва у билан боғлиқ хавотирлар кучайиб бораётган бир даврга тўғри келмоқда. 

TikTok платформасининг ишонч ва хавфсизлик бўлими бошлиғи Кормак Кинан ўз блогида чекловларнинг хусусияти қандай бўлишини тушунтирди. Унинг сўзларига кўра, 60 дақиқалик чеклов муддати тугагандан сўнг, вояга етмаган фойдаланувчидан иловадан фойдаланиш учун калит сўзни киритиш сўралади. 13 ёшдан кичик бўлган болаларга ота-онаси ёки васий томонидан калит сўз ўрнатилиши мумкин. Ана шу калит сўз киритилганидан сўнг иловадан яна қўшимча 30 дақиқа фойдаланиш мумкин бўлади.

Мавзуга оид