Жаҳон | 17:56 / 18.03.2023
14081
3 дақиқада ўқилади

Тони Блэр Ироққа босқинни Россия уруши билан солиштирмасликка чақирди

Фото: Reuters

Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Блэр 2003 йилда ўзи қўллаб-қувватлаган ҳолат - Бирлашган Қироллик иштирокида АҚШнинг Ироққа бостириб кириши ва Россиянинг Украинадаги урушини таққосламасликка чақирди.

Буюк Британия собиқ бош вазири Тони Блэр 2003 йилда ўзи қўллаб-қувватлаган ҳолат - Бирлашган Қироллик иштирокида АҚШнинг Ироққа бостириб кириши ва Россиянинг Украинадаги уруши ўртасидаги таққослашни рад этди. Блэр 18 март, шанба куни dpa, AFP, ANSA, EFE агентликлари билан эксклюзив интервьюсида ўз нуқтайи назарини билдирди. 

Британия вазирлар маҳкамаси собиқ раҳбарига кўра, Ироқ президенти бўлган Саддам Ҳусайн халқаро ҳуқуқни бузган ҳолда икки марта урушда қатнашган ва кимёвий қурол қўллашни буюрган, улардан фойдаланиш оммавий қурбонларга олиб келган. 

Ироққа кириб борган ва Ҳусайнни ағдарган коалиция кучларининг ҳаракатларини Россия президенти Владимир Путиннинг Украинага бостириб кириши билан тенглаштириб бўлмайди - «билишимча, демократик йўл билан сайланган президенти бўлган, минтақавий можароларни бошламаган ва қўшниларга қарши тажовузкорлик қилмаган мамлакатга», деди Блэр. 

Собиқ бош вазир Путин 2003 йилда БМТ Хавфсизлик кенгаши мандатисиз амалга оширилган Ироққа бостириб кириш ҳолатидан ўзининг босқинчилик урушини оқлаш учун фойдаланиши мумкинлигини тан олди. 

Аммо агар у бу далилга мурожаат қилмаса, «бошқа баҳонани ишлатади», дейди Тони Блэр. 

Россия ва Хитойнинг БМТ Хавфсизлик кенгашида мавжудлиги халқаро қоидаларга асосланган дунё тартибини сақлашни «жуда қийин» қилади, деди Британия вазирлар маҳкамаси собиқ раҳбари. 

Ироққа 45 минг британиялик аскарни юбориш, баъзи экспертларга кўра, Блэрнинг 10 йил бош вазирлик даврида қабул қилган энг зиддиятли қарорларидан бири. Бу ҳаракатни оқлаш учун Тони Блэр Саддам Ҳусайн режими шубҳасиз оммавий қирғин қуролига эга эканлиги ҳақидаги маълумотни келтирган. Бироқ, бундай қурол топилмади. 

Британия ҳукуматининг кўплаб юридик маслаҳатчилари ҳам Ироқда БМТ рухсатисиз операция ўтказишнинг қонунийлигига шубҳа билдирган. Шундай қилиб, ўша пайтдаги маслаҳатчилардан бири Майкл Вуднинг айтишича, Блэр маъмуриятидаги Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Жек Стро Вуднинг Ироққа қарши БМТ Хавфсизлик кенгашининг рухсатисиз ва бошқа ҳуқуқий асоссиз ҳарбий куч ишлатиш ҳақидаги огоҳлантиришларига эътибор бермаган.

Dpa агентлигининг эслатишича, Саддам Ҳусайн ҳокимиятдан ағдарилганидан сўнг Ироқда тезда зўравонлик жараёни бошланди, натижада юз минглаб одамлар ҳалок бўлди. ИШИД террорчилик ташкилоти ҳам сиёсий бетартибликдан унумли фойдаланиб, мамлакатнинг катта қисмини вақтинча ўз назоратига олишга муваффақ бўлди. 

Мавзуга оид