Иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида президент фармони имзоланди
1 апрелдан пенсиялар ва нафақалар миқдори 7 фоизга, 1 майдан бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи миқдори 7 фоизга оширилади.
Президент Шавкат Мирзиёев «Иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида»ги фармонни имзолади.
Унга кўра, 1 апрелдан бошлаб пенсиялар ва нафақалар миқдори 7 фоизга оширилади.
Шунингдек, 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида:
- пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – ойига 347 000 сўм;
- ёшга доир энг кам пенсия миқдори – ойига 677 000 сўм;
- ногиронлик пенсиялари, жумладан иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори – ойига 747 000 сўм;
- меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ва болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа миқдори – ойига 747 000 сўм;
- 1941–1945 йиллардаги уруш оқибатида ногирон бўлган шахслар ва унинг қатнашчилари, шунингдек, фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган шахсларнинг энг кам пенсия миқдори устамаларни инобатга олган ҳолда – ойига 3 296 000 сўм;
- белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан (677 000 сўмдан) 747 000 сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир пенсиялари миқдори – ойига 747 000 сўм;
- зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги фуқароларга бериладиган нафақа миқдори – ойига 535 000 сўм;
- иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда – ойига 535 000 сўм;
- ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига бериладиган нафақа миқдори – ойига 535 000 сўм қилиб белгиланади.
Боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори – ойига 535 000 сўм этиб белгиланади ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун – 198 000 сўмдан қўшилади.
Боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори – ойига 535 000 сўм этиб белгиланади ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тўланади.
1 майдан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи миқдори 7 фоизга оширилади.
Шу билан бирга, 1 майдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида:
- меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – ойига 980 000 сўм;
- базавий ҳисоблаш миқдори – ойига 330 000 сўм этиб белгиланади.
Иш берувчиларга иш ҳақи миқдорини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган ҳолда тўлашни таъминлаб, иш ҳақи миқдорини меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига мувофиқ ошириш тавсия этилади.
Мавзуга оид
08:30 / 01.11.2024
Пенсия тайинлаш ва тўлашда бюрократия қисқартирилади
07:20 / 30.10.2024
2025 йилда иш ҳақи ва пенсияларни оширишга қанча маблағ ажратилиши маълум қилинди
07:50 / 28.10.2024
Фуқарога нафақа қилиб беришни ваъда қилган тиббиёт ходими пора билан ушланди
20:56 / 20.10.2024