Жаҳон | 12:17 / 03.04.2023
9457
3 дақиқада ўқилади

Арманистон Путинни Ҳаага ордери бўйича ҳибсга олмасликка ваъда берди

Арманистон ҳукуматининг Путинни ҳибсга олиш нияти ҳам, истаги ҳам йўқ, деди Ереван парламенти спикери ўринбосари Аршакян. Унинг сўзларига кўра, Арманистон Рим статутига қўшилгани учун Россия томонидан билдирилган ташвишга шундай жавоб қайтарган.

Акоп Аршакян

Арманистон ҳукумати Россия президенти Владимир Путинни мамлакатга келганида Халқаро жиноий суд (ХЖС) ордери бўйича ҳибсга олмайди, дея ваъда берди 1 апрел куни «Арменпресс» агентлигига берган интервьюсида Арманистон парламенти вице-спикери Акоп Аршакян. «Табиийки, ҳукмрон партия ва жамоанинг бундай нияти ҳам, истаги ҳам йўқ», деди у.

Аршакяннинг сўзларига кўра, Арманистон Ереваннинг Рим статутига қўшилиш режаларини қабул қилиб бўлмас деб атаган Россиянинг ташвишига шундай жавоб қайтарган. Вице-спикер Рим статутининг ратификация қилиниши Путиннинг Арманистонга келса ҳибсга олинишини муқаррар қилади деган фикрни рад этди ва вариантлардан бири сифатида Россияга Рим статутининг Москва ва Ереван икки томонлама муносабатларига таъсирини истисно қилувчи алоҳида шартнома имзолашни таклиф қилди. 

«Яқинда биз бошқа давлат билан шартнома имзоладик, унга кўра, Рим статути икки томонлама муносабатларимизга таъсир қилмайди. Бундай келишув Россия билан ҳам бўлиши мумкин. Лекин бу вариантлардан бири, холос. Бошқа вариантлар ҳам бор. Бир нарса аниқ: биз Россия томонидан билдирилган хавотирларни эшитдик ва ўйлайманки, Рим статути билан боғлиқ кейинги жараённи таъминлашда Арманистон ва Россия ўртасидаги стратегик муносабатларга путур етказмасликни таъминлай оламиз», — деди Аршакян. 

17 март куни Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд Путинни ҳибсга олишга ордер берди. ХЖС уни Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан болаларни Россияга мажбуран депортация қилишга алоқадорликда гумон қилмоқда. Кремл Россия бу суднинг юрисдикциясини тан олмаслигини эслатиб, ХЖС   қарорини «ғазаблантирадиган» деб атади. Россия Ташқи ишлар вазирлиги ордернинг «муҳим эмас»лигини маълум қилди. Путиннинг ўзи ХЖС   қарорига изоҳ бермади. 

24 март куни Арманистон Конституциявий суди Рим статути мамлакат Асосий қонунига зид эмаслиги ҳақида қарор чиқарди. Эндиликда Арманистон ҳукумати Рим статутини ратификация қилиш учун парламентга тақдим этиши мумкин. Агар Ереван низомни ратификация қилса, у ҳолда ҳужжатга мувофиқ, мамлакат расмийлари Путин Арманистонга ташриф буюрган тақдирда уни ҳибсга олишга мажбур бўлади. Россия ТИВ Ереванни Арманистон Рим статутига қўшилса, бу икки томонлама муносабатлар учун ўта салбий оқибатларга олиб келиши ҳақида огоҳлантирган.

Арманистоннинг таъкидлашича, Рим статутини ратификация қилиш жараёни 2022 йил охирида, яъни ХЖС Путинни ҳибсга олиш учун ордер бергунига қадар бошланган. Акоп Аршакян таъкидлашича, мамлакатнинг Рим статутига қўшилиш истаги Арманистоннинг Озарбойжон раҳбариятини Тоғли Қорабоғдаги эҳтимолий ҳарбий жиноятлар учун Халқаро жиноий суд олдида жавобгарликка тортиш нияти билан боғлиқ.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид