Жаҳон | 09:46 / 04.04.2023
5567
2 дақиқада ўқилади

Болгариядаги сайловлар: коалиция тузишда қийинчиликлар кутиляпти

Болгариядаги парламент сайловларида европапараст икки блокнинг натижаларидаги фарқ минимал. Олдинда - қийин коалиция музокаралари, деб ёзади Reuters.

Фото: AP

Болгарияда бўлиб ўтган навбатдан ташқари парламент сайловлари натижаларига кўра, энг кўп овозни (26,51 фоиз) Демократик кучлар иттифоқи ва 2009 йилдан 2021 йилгача бу лавозимни деярли узлуксиз эгаллаган собиқ бош вазир Бойко Борисов бошчилигидаги энг йирик мухолифат партияси «Фуқаролар Болгариянинг Европа тараққиёти учун» (ФБЕТ)дан ташкил топган блок қўлга киритди. Сайлов натижалари 3 апрел, душанба куни Марказий сайлов комиссиясида овоз бериш бюллетенларининг 100 фоизи кўриб чиқилганидан сўнг маълум қилинди.

Европапараст ва Евроатлантика иттифоқига эга бўлган «Ўзгаришларни давом эттирамиз» ва «Демократик Болгария» («ЎДЭ-ДБ») партияларининг натижаси – 24,54 фоиз.

Россия президенти Владимир Путинга яқин бўлган миллатчилик кайфиятидаги «Тикланиш» партияси 14,15 фоиз овоз билан учинчи ўринга мустаҳкамланди.

Турк озчиликнинг манфаатларини ҳимоя қилган «Ҳуқуқ ва эркинлик ҳаракати» (ҲЭҲ) 13,72 фоиз овоз олди.

«Болгария учун Болгария социалистик партияси (БСП)» 8,94 фоиз овозга эга бўлди.

Сайловнинг 4 фоизлик чегарасидан «Шундай халқ бор» партияси ҳам (4,11 фоиз) ўтди.

Айни пайтда, Reuters агентлигининг таъкидлашича, олдинда ҳукумат тузиш учун қийин коалиция музокаралари кутиб турибди.

Бу охирги икки йилдаги бешинчи сайловдир. Бир қатор экспертлар коалиция тузишга уринишлар яна барбод бўлиши мумкинлигини ва овоз бериш олтинчи марта ўтказилишини истисно қилмаяпти. Шу билан бирга, аҳолининг ҳокимиятга нисбатан ишончсизлиги кучаймоқда, дейди экспертлар.

2020 йилда кенг тарқалган коррупцияга қарши оммавий норозилик намойишларидан сўнг Болгария сиёсий боши берк кўчада қолмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид