Ташаббусли бюджет: Кўмирчи маҳалласи тўртинчи марта лойиҳа ғолиби
Олтиариқ туманининг Кўмирчи маҳалласи аҳолиси тўрт мавсумки “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида ғолиб бўлиб, қишлоқ шароитини яхшилашга ҳаракат қилишмоқда. Кўмирчиликлар бу мавсумда ҳам ғалабани ўзгача нишонлашди.
1,6 трлн сўм маблағни ўз ичига олган “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2023 йил 1-мавсуми якунланди. 18 март соат 10:00 дан 7 апрел соат 10:00 га қадар давом этган жараёнда Ўзбекистон бўйлаб “Опенбюджет” портали орқали 33 680 та ташаббус учун 16 миллиондан ортиқ овоз берилди. Овоз бериш жараёни якунларига кўра, 1 666 та лойиҳа ғолиб деб топилган.
Лойиҳанинг жорий йилги 1-мавсумида Фарғона вилоятидан 133 та лойиҳа ғолиб деб топилиб, унга жами 148 755 000 000 сўм маблағ ажратилди. Олтиариқ туманининг Кўмирчи маҳалласи ҳам бу йил яна ғолиблар сафидан жой олган.
“Маҳалламизда 3 677 нафар фуқаро истиқомат қилади. Шу кунгача ташаббусли бюджетнинг учта босқичида маҳалланинг жами 5,5 км ички йўллари асфальтланди. Бу тўртинчи ғолибликда яна 2,7 км масофадаги кўчалар асфальт бўлади. “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси ташкил этилгандан бери маҳалламиз тўртинчи марта ғолиб бўлиши.
Навбати билан кўчалар асфальтлаштириляпти. Бу сафар ҳам 11 385 та овоз йиғиб, Олтиариқ тумани бўйича 1-ўринни эгалладик. 1 млрд 200 миллион сўм маблағ ажратилди. Ёш-у қари ҳамжиҳатликда овоз йиғилди.
Кейинги мавсумда ҳам ғолиб бўлиб 2,5 км кўчани асфальт қилиш режаси бор. Ҳар галгидек бу сафар ҳам ғолиб бўлганимизни ўзгача нишонладик”,– дейди Кўмирчи маҳалласи раиси Салимжон Шукуров.
Маҳалла фаоли Тоҳиржон Тожиев ёш-у қари ғалабани ўзгача нишонлашгани ҳақида сўзлади.
“Ташаббусли бюджет” лойиҳаси маҳалла ободончилиги йўлида хизмат қилмоқда. Иккинчидан, лойиҳа маҳалла аҳлини жипслаштиряпти. Кўмирчиликлар ёшларимиз уюшқоқлиги билан ҳар йили лойиҳа ғолибига айланишяпти. Ўтган мавсумда абгор йўлларимизнинг кўп қисми обод бўлди.
Тўртинчи марта ғолиб бўлсак, қишлоғимизда абгор кўча қолмайди деган ният билан астойдил ҳаракат қилдик ва бунинг учун тинимсиз овоз тўпладик. Ғалабани нишонлаш ҳам ўзгача бўлди. Фаолларимиз машиналарга чиқиб олиб, хурсандчилик билан бутун қишлоқни айланиб чиқишди. Карнай-сурнайлар билан ғолибликни нишонладик”, – дейди у.
“Куни кеча ҳам саҳарликни қилиб бўлиб овоз йиғгани чиққан эдик. Соат 10:00 да лойиҳада ғолиб бўлганимиз ҳақида хабар келди. Автомашиналарга байроқлар билан чиқиб қишлоқ айландик.
Қувончимиз ичимизга сиғмай карнай-сурнайлар садоси билан ғалабани нишонладик. Бу албатта овоз йиғиш учун тинимсиз саъй-ҳаракатимизнинг натижаси эди”, – дейди Илҳом Бозоров.
Ҳоким ёрдамчиси Бекзод Мадалиев ва маҳалла фаолларидан бири Авазбек Зикриёевга кўра, маҳалла кўчалари 30 йилдан бери асфальт кўрмаган.
Боғча тарбияланувчилари ва мактаб ўқувчиларининг таълим даргоҳига қатнашларида йўллар абгорлиги қийинчилик туғдириб келган.
Сарвар Зиёев,
Рихситилла Шермуҳаммедов
Мавзуга оид
14:42 / 28.09.2024
Фарғонада эркак қариндош аёлни дўппослади
19:34 / 14.09.2024
“Ташаббусли бюджет”да 177 та лойиҳа қўшимча ғолиб деб топилди
17:08 / 10.09.2024
Ўқитувчиларни овоз йиғишга мажбурлаган мактаб директори 34 млн сўм жаримага тортилди
09:28 / 03.09.2024