Ўзбекистон | 23:36 / 12.04.2023
15965
3 дақиқада ўқилади

Дала четларини ўзлаштириш, уларда маҳсулотлар етиштириш бўйича президент қарори имзоланди 

Сирдарё вилоятида фойдаланилмай бўш турган дала четлари ҳамда коллектор-дренажлар атрофларидаги 500 гектар майдонда ихчам «ижтимоий иссиқхона»лар ташкил этилади. 

«Қишлоқ хўжалиги корхоналари дала четларидаги ер майдонларида маҳсулот етиштириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори имзоланди. 

Қайд этилишича, фермер хўжаликларининг дала четларида 58,9 минг гектарга яқин майдонлар бугунги кунда ер эгалари томонидан тўлиқ фойдаланилмаяпти. 

Қарор билан Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлигига фермер хўжаликларининг дала четларини ўзлаштириш, уларда маҳсулотлар етиштириш ва етиштирилган маҳсулотларнинг ишончли харидини ташкил қилиш вазифаси юклатилди. 

Бунинг учун агентликка 2023 йилда ҳар бир туманга 4 нафаргача, жами 672 нафаргача мавсумий агрономларни ишга қабул қилишга рухсат берилди. 

Агентликнинг Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармасига 2023 йилда ажратилиши кўзда тутилган 400 миллиард сўм бюджет ссудаси ҳисобидан 100 миллиард сўм йиллик 10 фоиз ставкада қуйидаги мақсадлар учун сарфланиши белгиланди. 

Дала четини ўзлаштириш ва маҳсулот етиштириш учун зарур бўлган уруғ, кўчатлар, минерал ўғитлар, кимёвий препаратлар, моддий-техник ресурслар билан таъминланади. Сув билан таъминлаш учун насос ва қувурларни ўрнатишга қарз шартномаси асосида, нақд пул шаклида қишлоқ хўжалиги корхоналари ва дала чети ер эгаларига 6 ойгача имтиёзли давр билан 12 ой муддатга йиллик 14 фоиз ставкада қарз ажратилади. 

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши қуритиш цехи ва совиткичли омборхоналарни харид қилишга Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан 50 миллиард сўм маблағ ажратилади.

Ушбу маблағлар Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан қишлоқ хўжалиги корхоналарига 36 ойгача имтиёзли давр билан 84 ой муддатга йиллик 14 фоиз ставкада ажратилади. 

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида қишлоқ хўжалиги ерлари атрофида коллектор-дренаж тармоқлари мавжуд бўлган фермер хўжаликларига зовур сувларида 200-250 бошдан ўрдак боқиш ва асалари уяси ташкил қилишучун йиллик 14 фоиз ставкада имтиёзли кредитлар ажратилади. 

Сирдарё вилояти ҳокимлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 2023-2025 йилларда Сирдарё вилоятида фойдаланилмай бўш турган дала четлари ҳамда коллектор-дренажлар атрофларидаги 500 гектар майдонда ихчам «ижтимоий иссиқхона»ни ташкил қилиб, «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари», «Аёллар дафтари»га киритилган ҳамда меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларга тайёр ҳолда 2,5 сотихдан ажратилишини таъминланади. 

Қишлоқ хўжалиги вазирлигига «ижтимоий иссиқхона» лойиҳасини амалга оширишни молиялаштириш учун халқаро молия институтларидан 50 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит ресурсларини жалб қилиш топширилди. 

Мавзуга оид