Зўравондан асровчи ҳужжат — ҳимоя ордери муддатини 1 йилгача узайтириш мумкин бўлди
11 апрелда президент томонидан хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга доир қонун имзоланди. Қонундан ҳимоя ордери бўйича янги бандлар ҳам ўрин олган. Амалда зўравонликдан жабр кўрган шахсга ҳимоя ордери ички ишлар идоралари томонидан 30 кунга берилаётган бўлса, янги қонунда бу муддат суд томонидан 1 йил муддатгача узайтирилиши мумкин.
Ҳимоя ордери нима?
Ҳимоя ордери – тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи, хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга ёхуд бир гуруҳ шахсларга нисбатан ушбу қонунда белгиланган таъсир кўрсатиш чоралари қўлланишига сабаб бўладиган ҳужжат. Тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган, уларни содир этишга мойил бўлган шахсга ҳимоя ордерининг нусхаси берилади.
Ордер қуйидаги ҳолатларда берилади:
- тазйиқ ва зўравонликдан жарбланган хотин-қизларнинг мурожаати;
- жисмоний ёки юридик шахсларнинг хабарлари, шу жумладан, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар;
- тазйиқ ёки зўравонлик ҳолатларининг ваколатли органлар ва ташкилотлар ходимлари томонидан аниқланиши;
- давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан олинган материаллар.
Олдинги қонунда айнан ҳимоя ордери бериш тартиби тўғрисида 8та қисм киритилган бўлса, янги қонунда тўлдирилиб 14 қисмга етказилган. Янги қонунда ҳимоя ордерини 1 йилга узайтириш имконияти ва бунинг учун судга мурожаат қилиш белгиланган. Қуйидаги қонундаги муҳим жиҳат ва қўшимчалар келтирилган.
Огоҳлантириш
Ҳимоя ордерини берган ички ишлар органининг мансабдор шахси тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахсни ҳимоя ордерининг шартлари ва уни бажармаслик оқибатлари, зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастурларидан ўтиш зарурлиги тўғрисида хабардор қилади.
Ҳимоя ордерини ким ва қанча муддатга беради?
Тегишли ҳудудда тазйиқ ва зўравонликнинг якка тартибдаги профилактикасини амалга ошириш учун масъул бўлган ички ишлар органининг мансабдор шахси тазйиқ ва зўравонлик факти ёки уларни содир этиш хавфи аниқланган пайтдан эътиборан 24 соат ичида ҳимоя ордерини ўттиз кун муддатгача беради ва ушбу ордер расмийлаштирилган пайтдан эътиборан кучга киради.
Ҳимоя ордерини имзолашдан бош тортиш
Шахс ҳимоя ордерини олиш тўғрисидаги тегишли ҳужжатни имзолашни рад этган тақдирда, ҳимоя ордерини топшираётган ички ишлар органининг мансабдор шахси томонидан холислар иштирокида далолатнома тузилади.
Иш ва ўқиш жойига тақдимнома
Жабрланувчи ва зўравон бир жойда ишласа ёки ўқиса, ИИБнинг мансабдор шахси томонидан жабрланувчига ҳимоя ордери берилганидан кейин 1 кун ичида уларнинг иш ёки ўқиш жойига жабрланувчи ва зўравон ўртасидаги бевосита алоқани тақиқлаш тўғрисида тақдимнома юборилади. Агар зўравон раҳбар бўлса, тақдимнома ундан юқори органга жўнатилади. Ташкилот раҳбари эса 3 иш кунида 2 томон ўртасидаги бевосита алоқани бартараф этишга қаратилган ҳаракатларни амалга оширади.
1 йилгача узайтириш
Агар хавф ҳали бартараф этилмаган бўлса, ҳимоя ордерининг амал қилиш муддати тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг аризасига кўра кўпи билан бир йилгача муддатга жиноят ишлари бўйича суд томонидан узайтирилиши мумкин. Бу олдинги таҳрирда 30 кун эди. Ҳимоя ордерини бериш, ҳимоя ордерини беришни узайтиришни рад этиш устидан судга шикоят қилиниши мумкин.
Ҳимоя ордери назорати
Ҳимоя ордерининг шакли ва уни бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан, ордер талабларининг ижроси устидан назорат ички ишлар органи томонидан амалга оширилади.
Судда кўриб чиқилиши
Тазйиқ ўтказган, зўравонлик содир этган ёки уларни содир этишга мойил бўлган шахснинг суд мажлисида узрсиз сабабларга кўра қатнашмаслиги ишни кўриб чиқишга монелик қилмайди. Агар суд мазкур шахснинг судда қатнашишини шарт деб топса, суд уни мажбуран олиб келиш тўғрисида ажрим чиқариши мумкин.
Судя иш материаллари билан танишиб чиққанидан кейин ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисида ёки рад этиш ҳақида қарор чиқаради.
Суднинг ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарори ўқиб эшиттирилган пайтдан эътиборан кучга киради ва ички ишлар органлари томонидан дарҳол ижро этилади.
Мавзуга оид
18:52 / 08.11.2024
Ҳар йили дунёда 1 миллиарддан ортиқ бола зўравонликка дучор бўлмоқда — ЖССТ
20:57 / 31.10.2024
Суданда 130 аёл жинсий зўравонликдан қутулиш учун ўз жонига қасд қилди
09:30 / 23.10.2024
Болаларга нисбатан оилавий зўравонлик содир этганлик учун жавобгарлик белгиланди
17:57 / 12.10.2024