Ўзбекистон | 10:54 / 28.04.2023
6507
2 дақиқада ўқилади

Корея Ўзбекистонда электромобилларни қувватлаш жиҳозлари ишлаб чиқармоқчи

Амалий ташриф билан мамлакатда бўлиб турган Жанубий Кореянинг AHA компанияси бошқарув кенгаши раиси Ку Ги Дон Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров билан учрашди, деб  хабар бермоқда «Дунё».

Фото: Dunyo

Мулоқот чоғида AHA компанияси томонидан режалаштирилаётган Фарғонада электромобилларни қувватлаш жиҳозлари ишлаб чиқариш лойиҳаси муҳокама қилинди.

Суюқ кристалли дисплейлар ва доскалар, рақамли тиббиёт жиҳозлари ҳамда электромобилларни қувватлаш жиҳозлари ишлаб чиқаришда Кореянинг етакчи компанияларидан бири бўлган AHA, электромобилларни оммалаштириш бўйича Ўзбекистонда тадбиркорларга тақдим этилаётган имтиёзлардан фойдаланган ҳолда Фарғонада ўз инвестицион лойиҳасини амалга оширишга киришмоқда. Лойиҳа Экошаҳар ҳудудида ташкил этилаётган кичик саноат зонаси ҳудудида жойлаштирилиши режалаштирилмоқда.

Вилоят ҳокими электромобиллар ва уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш орқали ҳавога чиқариладиган зарарли газлар ҳажмини қисқартириш бугунги кун давлат сиёсатида муҳим ўрин тутаётганини таъкидлаб, лойиҳани муваффақиятли амалга оширишга кўмак берилиши ва қўллаб-қувватланишини билдирди.

AHA компанияси инвестициялари ҳисобига Қозоғистоннинг Қарағанда шаҳрида ташкил этилган корхонада ишлаб чиқарилаётган суюқ кристалли электрон доскалар Марказий Осиёнинг бошқа давлатларига, жумладан, Ўзбекистонга ҳам экспорт қилинмоқда. Бугунги кунда мамлакатда бу маҳсулот турига бўлган талаб кун сайин ортиб бораётганига эътибор қаратган Хайрулла Бозоров, AHA компанияси бошқарув кенгаши раисига Фарғонада ҳам электрон доскалар ишлаб чиқаришни ташкил этишни таклиф қилди.

Таклиф ижобий қабул қилинди ҳамда бу борадаги лойиҳа истиқболлари ўрганиб чиқиладиган бўлди.

Мавзуга оид