Жаҳон | 15:09 / 01.05.2023
36159
13 дақиқада ўқилади

«Хитойнинг вассалига айланаётган Россия»: нега бу энди уятли ҳол эмас?

Апрел ойи ўрталарида Хитой мудофаа вазири Ли Шангфу Москвага ташрифи чоғида Владимир Путин «бутун жаҳонда тинчликни таъминлаш ва ривожланиш учун муҳим ҳисса қўшаётгани»ни қайд этиб, уни «мисли кўрилмаган давлат етакчиси» деб атади.

ХХР мудофаа вазири Ли Шангфу Москвада. Фото: 1tv.ru

Шангфу Россияга ХХР раиси Си Жинпинг билан бирга келган эди. Музокара чоғида Си ва Путин бир-бирини «азиз дўстим» деб аташган. Негалиги тушунарли: Украинадаги уруш туфайли ғарб сакнциялари жорий қилингач, Хитой РФ билан муносабатларни сақлаб турган кам сонли йирик давлатлардан бири бўлиб қолмоқда.

ОАВ маълумотларига кўра, Си Жинпинг Курил оролларининг тегишлилиги бўйича ўз позициясини ҳам ўзгартирган: аввал Хитой бу масалада Японияни қўллаб келган бўлса, энди нейтраллигини намойиш қилмоқда; Хитой компаниялари 2022 йил ёзидан буён Россияга қурол-яроғ етказаётгани гумон қилинади; 2022 йил якунларига кўра икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси қарийб 30 фоизга ошган.

Путин ва Си Жинпинг музокаралар «илиқ ва дўстона муҳитда» ўтганини хабар қилишди. Ёзувчи Герман Садулаев ташриф якунларига кўра Россия Хитойнинг вассалига айланганини эълон қилди ва бу яхши ҳол экани, чунки ғарб энди Россияни талаб, парчалай олмаслигини таъкидлади. Публицист Дмитрий Олшанский ҳам Россия АҚШнинг эмас, айнан Хитойнинг вассалига айланиши кераклигини ёзди, чунки Хитой бегона қадриятларни тиқиштирмас экан. Сиёсатчи Роман Юнеман эса Россия Хитойнинг «кичик укаси» эканини таъкидлаган.

Хўш, Россия доим Хитойни иттифоқчи деб билганми?

Йўқ.

XIX аср охирларида жаҳонда ғарбнинг насронийча «оқтанли» дунёсига таҳдид солувчи «сариқ хавф» (Yellow Terror, ёки Yellow Specter) ҳақидаги тасаввурлар жуда кенг тарқала бошлади. 1895 йилда Олмония императори Вилҳелм II Россия императори Николай II’га сурат совға қилди: унда Европанинг асосий миллатларини тамсил этувчи аёллар шарқда Будда образи кўтарилаётганини кузатиб туришибди; фаришта уларни «ўз эътиқоди ва уйини сақлаб қолиш учун» бирлашишга чорламоқда (мана бу ва мана бу ҳаволаларда ушбу сурат ирқчилик мафкурасига асосланганини исботлаб берувчи илмий қарашлар келтирилган).

Николай II’га совға қилинган ўша сурат. Фото: Wikipedia

«Сариқ хавф» термини тезда академик фикрлар доирасига кўчиб ўтди. Айрим тадқиқотчилар жиддий тарзда нега Осиё давлатларига таҳдид келтиришини таҳлил қила бошлашди: кўп сонли аҳоли ва ишчи кучи арзонлиги уларга иқтисодий жиҳатдан етакчилик қилишни таъминлайди, шунингдек миграцион кризис эҳтимоли ҳам ошади. 

Кейинги ярим асрдан сал зиёд давр мобйанида Россия ва Хитой ўртасидаги муносабатлар қарама-қарши чегарагача етиб борди: Аввал Россияда болшевиклар инқилоби рўй берди, кейин 1949 йилда Хитойда советлар иттифоқи қўллови остида Мао Жедонг раҳбарлигида коммунистик партия ҳокимиятга келди. Шундан сўнг пропаганда «рус ва хитойлик — тоабад биродар» деган ғояни айлантира бошлади. 

Аммо мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар ҳар доим ҳам «биродарлик» кўринишида эмасди. Чегараолди можаролари сериясиСССРнинг парчаланиши ва шундан сўнг 1990-йилларда Россия дучор бўлган беқарор иқтисодий ва сиёсий вазият «сариқ хавф» қўрқувини тушунарлироқ ва оддийроқ «Хитой таҳдиди»га алмаштирди.

Бунда асосан Хитойнинг Россияга демографик экспансияси (тўғри, гарчи ҳаддан зиёд бўрттирилган бўлса-да), шунингдек, Хитойнинг етакчилиги туфайли Россиянинг Осиёга таъсири камая бошлаши тушунила бошланди. Ундан ташқари, «Хитой таҳдиди» мифини қўллай туриб, Россия ҳудудларидаги амалдорлар ўз самарасизлигини хаспўшлаб, федерал марказ диққат-эътиборини жалб этишга ҳаракат қилиб, субсидиялар талаб қила бошлашди. Миллатчилар учун Хитой экзотик «дўст», душманнинг тушунарли образи эди. Россиянинг сиёсий ва ҳарбий раҳбарияти эса ХХР билан ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантиришдан чўчиб турар, чунки Пекин мамлакатга бостириб кириши мумкин бўлган эҳтимолни жиддий тарзда кўриб чиққан эди. 

Бироқ вақт ўтиши билан Хитой таҳдиди ҳақидаги миф оммавий муҳокамадан ғойиб бўлди. Хитойни геосиёсий рақиб сифатида тасвирлашни бас қилишди. Бунга етарли сабаблар бор эди: 1990-йиллар охирларида Россия ҳам, Хитой ҳам «кўпқутбли дунё» мафкурасини илгари сура бошлади. Икки мамлакат орасидаги ҳозирги муносабатлар «бирқутбли дунё» (яъни АҚШнинг глобал етакчилиги) номақбул ва/ёки имконсиз деган тасаввур билан қурилмоқда.

Хитой учун Россия ким — иттифоқчими?

Ҳа, лекин Россия сиёсий раҳбарияти ўзи учун тасавввур қиладиган даражада эмас.

Хитой Россиянинг шарқ томон ҳар бир юзланишини скептик қабул қилади. Сўнгги 200 йил ичида бундай бурилишлар бир неча бор рўй берган — улардан сўнг Россия албатта яна Европа томон юзланган. Пекиндагилар Россия учун Хитой нечоғлик муҳим «дўст» бўлмасин, ғарб дўстлашиш учун ҳам, қарама-қаршилик учун ҳам алалоқибатда муҳимроқ бўлиб чиққанини яхши эслашади.

Хитойлик цензорлар Россия билан муносабатларни тасвирловчи ҳар қандай терминларнинг Хитой интернетида пайдо бўлишини синчиклаб кузатишади ва назорат қилишади. Хитойлик интернет фойдаланувчилари ўртасида ўтказилган сўровга, шунингдек, Хитой ижтимоий тармоқлари мониторингига кўра, Россия пропагандачилари томонидан зўр бериб айлантирилаётган Россия ва Хитойнинг яқинлашуви хитойликлар учун умуман сезилмаган.

Очиқ интернет-мунозараларда «Россия — Хитойнинг кичик укаси», «Россия — Хитойнинг вассали», «Россия энди бизники», «Россия ва Хитой Ғарбга қарши елкама-елка турибди», «Россия — Хитойнинг ягона иттифоқчиси» каби таъкидлар умуман йўқ.

Бироқ, Украинадаги урушда хитойлик интернет фойдаланувчиларининг мутлақ катта қисми Россияни ва хусусан Владимир Путинни қўллаб-қувватлашмоқда. Тўғри, бунда уларни ягона жиҳат қизиқтиради: гўёки Россия НАТОга қарши урушмоқда. Бироқ хитойликлар ХХР раҳбариятини Россияга ҳарбий ёрдам беришга ёки «коллектив Ғарб» билан курашиш учун пул ажратишга чақирмаяпти. 

Хитой учун Украина — бу узоқ бир жойда жойлашган давлат. Россия очган уруш эса шунчаки ҳудудий можаро. Агар Путиннинг Ғарб билан қарама-қарши туриш ҳақидаги нарративи бўлмаса, бу урушга умуман эътибор ҳам бермаган бўлишарди.

Сўнгги бир неча йил ичида Хитой «инсониятнинг ягона тақдири ҳамжамияти»ни яратиш ғоясини илгари суриб келади. Бу концепция ХХР компартияси низомига киритилган ва БМТнинг айрим ҳужжатларидан ҳам ўрин олган.

Бу «ҳамжамият»да узоқ муддатли тинчлик, ялпи хавфсизлик, биргаликдаги фаровонлик, очиқлик ва инклюзивлик ҳукмрон бўлиши керак. Концепция совуқ урушдан воз кечишни, барча давлатларнинг суверенитетини ҳурмат қилишни, ўзаро тушуниш асосида тенг ҳуқуқли маслаҳатлашувлар ўтказишни назарда тутади. Мамлакатлар сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан ўлчамларидан қатъи назар, тенглик принципларида бир-бири билан ҳамкорлик қилишлари керак.

Хитой интилаётган ягона нарса — ташқи сиёсий қарорлар қабул қилинаётганда ўз суверенитетини ҳимоя қилиш, Россия Украина билан урушда ўзини қўллашни талаб қилиб қанчалик ёпишиб олмасин, АҚШ ва ЕИ Россияни айблашни ундан талаб қилмасин, нейтралликни сақлаб қолишдан иборат.

Бу ҳолатда Американинг 2022 йилги Миллий хавфсизлик стратегиясида Хитой ва Россияга, уларнинг ўсиб бораётган ҳамкорлигига алоҳида эътибор қаратилган. АҚШ уларни синчиклаб ажратиб кўрсатган: тизимли ўйинчи сифатида Хитой билан энг аввало рақобат қилиш керак, ўткир таҳдидлар яратаётган Россияни эса тийиб туриш керак. 

Хитой, шубҳасиз, буни ўз ривожланиш стратегиясида ҳисобга олади, АҚШ билан потенциал қарама-қаршилик учун тайёргарлик кўришда, жумладан, ўз ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини кучайтириш учун Россия билан ҳарбий-сиёсий ҳамкорлик энг рационал стратегия эканини билади. Россия бу ҳолатда шимолдан катта қалқон вазифасини ўташи мумкин.

Кремл Хитой билан дўстликдан умид қиляптими?

Буниси аниқ эмас. Лекин, токи режим алмашмас экан, улар шунга ишонишига тўғри келади.

Россия сиёсий элитаси гарчи айрим хусусиятлари фарқ қилса-да, бутун тарихи мобайнида ўзини Европага хос деб билиб келган. Россия элитасининг фарзандлари Ҳейлонгжианг ёки Шангҳай университетида эмас, Стэнфорд ёки Сорбоннада ўқийди. Россия сиёсатчилари, амалдорлари ва пропагандачилари Ғарбда кўчмас мулкларга эга ва активларини ҳам ўша ерда сақлашади. Шу сабабли ҳар сафар ғарб давлатлари билан муносабат бузилганда «Шарққа юзланиш» «чипта сотиб олиб, кондукторга аччиқ қилиб пиёда кетиш» мантиғи асосида рўй беради.

2000 йилдан бошлаб ва Қрим аннексия қилингунга қадар Хитой Россияда на душман, на мустаҳкам ва ишончли иттифоқчи сифатида қабул қилинарди. Россия-Хитой муносабатлари шунчаки нормал конструктив ҳамкорлик ўзанида ривожланиб келган. Россия қаердадир ўртароқда бўлган. Россия доим кимнингдир «кичик укаси»га айланиб қолишдан қочиб келган — ғарбнинг «цивилизациялашган дунёси»нинг ҳам, Хитойнинг ҳам; «жаҳон имеприализми»га қарши курашувчиларнинг ҳам, «Хитой таҳдиди»га қарши турувчиларнинг ҳам олд сафида эмасди.

2014 йил ёзида Россия Хитойга 400 млрд долларлик газ етказиб бериш бўйича 30 йиллик шартнома имзолади. Айнан мана шу ондан бошлаб россиялик пропагандачилар «Шарққа юзланиш» ҳақида оғиз кўпиртира бошлашди. Россиянинг Шарқ томон «бурилгани» факти Ғарбдан «юз ўгиргани» олдида мафкуравий жиҳатдан у қадар муҳим эмаслиги унутилди.

«Шарқ» деганда биринчи навбатда Хитой тушуниларди, лекин сиёсатчилар ХХР Россиянинг бу минтақадаги ягона ҳамкори эмаслигига урғу бера бошлашди. «Бурилиш»нинг маъносини улар янги иттифоқчилар: Япония, Ҳиндистон, Осиё-Тинч океани минтақасининг барча асосий ўйинчиларини жалб қилиш билан тушунтиришди. «Шарққа юзланиш» ғоясини Кремл бошқа кўп ҳолатларда бўлганидек, АҚШдан олган, лекин уни ўзларига мослаб талқин қилишди.

Ўшанда «Шарққа юзланиш» айнан Россиянинг танлови сифатида қабул қилинган эди. Бироқ, 2022 йилда «Валдай» музокара клубининг дастурий директори Тимофей Бордачёв «Россиянинг АҚШ ва Европа билан гибрид уруши» туфайли «Шарққа юзланиш» заруратга айлангани ва Россия унга «чиндан ҳам жиддий» эътибор қаратиши кераклигини таъкидлади.

Ҳали узоқ давом этиши тахмин қилинаётган уруш ва тобора кўпайиб бориши аниқ бўлган санкциялар шароитида «Хитойнинг вассали»га айланиш уят эмас. Ҳа, гарчи бу ибора расмий шахслар оғзидан янграмаётган, экспертлар бу борада баҳслашишга тайёр бўлишса-да, асосий ҳиссиётлар уфуриб турибди.

Хитой — дунёнинг аҳоли сони бўйича йирик давлатларидан бири (тарихда илк бор уни яқинда Ҳиндистон қувиб ўтди) ва жаҳоннинг иккинчи иқтисодиёти. У ердаги сиёсий бошқарув Россиядагидан самаралироқ экани кўриниб қолди. АҚШ жиддий тарзда Хитойни асосий хавф сифатида қабул қилмоқда, чунки улар икки мамлакат қарама-қаршилиги нима билан тугашини яхши билишади. Бундай шароитда гарчи мамлакат ўзи талабгор бўлган «буюк барқудрат давлат» статусига кўп ҳам тўғри келмаса-да, Россияга қандайдир бўйсунувчи вазиятда бўлиш у қадар шармандали ҳол эмасдек.

Лекин унинг мутлақо аҳамияти йўқ. Россиянинг «коллектив Ғарб» билан қарама-қаршилик оловида ёнаётган ҳозирги сиёсий раҳбарияти учун Америка «вассали»га айланиб қолмасликнинг ўзи катта натижа. Айниқса, «ҳукмдори» Хитой билан ички ва ташқи сиёсий курслари ўхшаш бўлиб турганда. 

Хитой каби давлатнинг «вассали»га айланиш шунчаки қулай ҳам — «ҳукмдор» сўз эркинлигини чеклаш, озчиликлар ҳуқуқини топташ ва қатағонлар учун таъна қилмайди. Чунки унинг ўзи эркинликларни чеклайди ва бу унга ҳамма ҳисоблашадиган давлат бўлишда асло халақит бераётгани йўқ.

Мавзуга оид