Ўзбекистон | 23:49 / 06.05.2023
20479
4 дақиқада ўқилади

Миллиардлар ва триллионлар: Энергетика компаниялари 1-чоракда қанча зарар кўрди?

“Иссиқлик электр станциялари”, “UzGasTrade”, “Ўзтрансгаз”, “Ҳудудгазтаъминот”, “Ўзбеккўмир”, “Ҳудудий электр тармоқлари” компанияларининг 2023 йил биринчи чораги бўйича молиявий ҳисоботлари эълон қилинди. Уларнинг барчаси катта зарар билан ишлашда давом этмоқда.

Фото: Kun.uz

Ягона корпоратив ахборотлар портали маълумотларига кўра, бу компаниялар йилнинг 1-чорагини қуйидагича миқдорлардаги зарар билан якунлаган:

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили табиий газни улгуржи сотиб олиш ва сотиш функциясини бажарувчи “UzGasTrade” АЖ ташкил этилган, шу тариқа “Ўзтрансгаз”нинг бу функцияси бекор қилиниб, у фақат транспортировка билан шуғулланиши белгиланган эди. 2023 йилги давлат бюджетида UzGasTrade'нинг зарарларини қоплаш ва жорий фаолиятини молиялаштириш 14,2 трлн сўм ажратиш кўзда тутилган.

Энергетика соҳасидаги асосий йирик компаниялардан яна бири – “Ўзбекнефтгаз” компанияси ҳисоботи очиқланмаган.

Иқтисодчи Отабек Бакиров энергетика гигантларининг зарарларига муносабат билдирар экан, энергетикада бозорга ўтиш масаласини кун тартибига қайтаришга чақирди.

“Турли стратегик режалар, улкан шартномалар, ташрифлар, форумлар, саммитлар, кредитлар умуман маънога эга эмас. Агар энергетика тизими бозор рельсларига ўтказилмаса ва энергетика бозори яратилмаса.

Самарасизлик, мисли кўрилмаган ўғирлик ва зараркунандалик давом этаверади. Кўлами ошаверади.

Энергетика тизими бозор қоидалари асосида ишламаса, ҳар қандай лойиҳадан пул ўзлаштириш приоритетга айланади. Янги ва янги шиширилган лойиҳалар тўқиб чиқарилаверади. Иқтисодиёт чўкаверади. Халқ қашшоқлашаверади. Саволлар оғирлашаверади

Тубга қулаётган энергетика мамлакатимиз учун ундан ҳам оғир оқибатлар яратадиган сувсизлик хатарларини шу яшаётган кунларимизда реаллаштиради.

Шунинг учун энергетикада тарифларни қайта кўриб чиқиш масаласига, нархларни эркинлаштиришга ва бозорга яқинлаштиришга бугуноқ киришилиши керак. Эртага жуда кеч бўлади. Индинга эса бошқа имкон қолмайди”, – дейди Отабек Бакиров.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 2022 йил декабридаги парламентга мурожаатида энергетика соҳасида эркин бозорга ўтиш ҳақида гапирган эди.

“Очиқ айтиш керак, кўп иқтисодчилар энергетика соҳасида эркин бозорга ўтишни таклиф қилмоқда.

Бу – тўғри йўл. Мен ҳам буни хоҳлайман. Лекин, халқимизнинг жон бошига даромади, ижтимоий ҳимоясини ўйлаб, бу соҳадаги ислоҳотларни шошмасдан, босқичма-босқич қилишимиз керак. Ҳозир бозор нархига ўтсак, одамлар тўлай олмай қийналади.

Биз албатта эркин бозор тизимига ўтамиз, фақат бунда шароити оғирларга 2-3 йилга аниқ субсидия берамиз.

Даромади яхши, 3 та саунаси, 20 та телевизори борлар хоҳлаганча олаверсин, фақат бозор нархида олсин. Ҳозир даромади яхши ҳам, даромади ёмон ҳам бир хил нархда оляпти, бу адолатсизлик”, – деганди давлат раҳбари.

Бош вазир Абдулла Арипов ўтган қишдаги энергетика инқирозидан кейин, 2023 йилда газ қазиб олишни 9 фоизга ошириш имконияти борлигини айтганди. Шунга қарамай, Статистика агентлиги ҳисоботига кўра, 2023 йилнинг биринчи уч ойида табиий газ қазиб олиш 9,6 фоизга қисқарган.

Мавзуга оид