Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эрдўған ютқазса нима бўлади? У мағлубиятни тан оладими?
У намойишларни куч билан бостириши мумкинми? Ҳарбий ҳолат эълон қилиниши эҳтимоли борми?
Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг узоқ йиллик бошқаруви тез орада ўз якунига етиши мумкин. 20 йилдан буён Туркия бошқарувини ҳеч кимга бермаётган Эрдўған бугун ўтказилган мамлакатдаги президентлик сайловлари якунларига кўра мағлубиятга учраши мумкин.
Эрдўған сайловдаги асосий рақиби Камол Қиличдорўғлига ютқазса, мағлубиятни тан оладими? Ёки куч билан тахтда қолишга уринадими? Эрдўған енгилса, Туркия Украина ва Россия ўртасидаги музокараларда воситачи вазифасида бўлишда давом этадими? Бу саволларга «Медуза» мустақил нашрининг Яқин Шарқ бўйича мутахассиси Руслан Сулаймонов жавоб беради.
– Сайловдан кейин Туркиянинг Россия ва Украина ўртасидаги муносабатларга қараши қандай ўзгаради?
– Менимча, Эрдўған ғалаба қозонса, деярли ҳеч нарса ўзгармайди. Эрдўған европаликлар учун, айниқса Россия учун қулай вариант. У Москва билан ҳам, Киев билан ҳам алоқада бўлиб турибди. Эрдўған айнан шунга урғу беришини ҳам яширмайди. У шу тариқа ўзини дунёдаги можароларни ҳал қила оладиган сиёсатчи сифатида кўрсатмоқчи бўлади. Яъни, бу аввало Эрдўған учун имиж масаласи.
Аммо Қиличдорўғли ғалаба қозонса, бу борадаги муносабатлар қандай бўлиши тушунарсиз. Мухолифатнинг сайловолди дастурида Украинадаги уруш ҳақида ҳеч нарса дейилмаган ва фақат Қора денгиздаги Туркия махсус иқтисодий зонаси ҳақида гапирилганда уруш тилга олинган. Мухолифат Эрдўған олиб борган барча ташқи сиёсат масалаларини қайта кўриб чиқмоқчи. Унинг Украина ва Россия борасидаги сиёсати ҳам қайта кўриб чиқилса керак. Мухолифат асосий эътиборни мамлакат ичкарисидаги ҳолатга қаратган. Айнан ташқи сиёсат масаласидаги аниқ дастури йўқлиги учун мухолифатни кўп танқид қилишади.
– Йирик нашрлар Туркиядаги сайловларни бу йил дунёдаги энг муҳим сайлов деб аташмоқда. Натижаларга кўра бу жараён нималарни ўзгартириши мумкин?
– Кўп нарсани ўзгартира олади. Агар Эрдўған ғалаба қозонса, Туркия мухолифатига нисбатан ишончсизлик пайдо бўлади. Одамларнинг мамлакатда ниманидир ўзгартира олиш умиди пучга чиқади. Мухолифат мағлубияти Эрдўғаннинг «қўлларини ечиб юборади». Ваҳоланки унда шундоғам суперпрезидентлик ваколатлари бор. 2017 йил конституцияга киритилган ўзгартиришлар унинг ваколатларини чексиз қилиб юборган. Бундан ташқари, Эрдўған амалдаги конституция ўрнига яна янгисини қабул қилмоқчи. Табиийки, унда президентнинг ваколатлари янада оширилади. Ўшанда Туркия деспотияга айлангани ҳақида гапиришга асос пайдо бўлади.
29 октябр куни Туркия республикасининг 100 йиллиги нишонланади. Эрдўған бу кунни давлат раҳбари сифатида қарши олишни истайди. Ахир уни тез-тез Туркия давлати асосчиси Мустафо Камол Отатурк билан қиёслашади, тадбирларда суратларини ёнма-ён қўйишади. Аммо Эрдўған, менимча, ўзининг Туркиядаги ролини янада каттароқ деб билиб, ўзини Усмонийлар даври меросхўри ва мусулмон оламининг катта вакили деб ҳисоблайди. Шу боис, Эрдўған ҳукмронлигини турк мусулмонларининг XX аср учун қасоси деб ҳам аташади (ўтган аср Туркияда дунёвийлик ҳукм сургани назарда тутилмоқда – тарж.).
Мухолифатнинг асосий мақсади эса мамлакатга парламентар бошқарувни қайтариш. Бир нарсани унутмаслик керак, мухолифатда олтита бир-бирига умуман ўхшамайдиган партия мавжуд. Улар орасида мусулмонлар ҳам, миллатчилар ҳам, либераллар ҳам бор. Уларнинг барчаси парламентар бошқарувни қайтариш керак деб ҳисоблайди. Ўз навбатида, бу жуда оғриқли ўтиш даври бўлишини ҳам унутмаслик керак.
– Айнан қандай муаммолар юзага келиши мумкин?
– Аввало, мухолифат ичида ҳам мавжуд бўлган қарама-қаршиликлар юзага чиқади. Улар ҳозир унчалик кўзга ташланмаяпти ва одамларга муаммо туғдираётгани йўқ. Лекин улар бўй кўрсата бошласа, қийин бўлади. Масалан, иқтисодий ислоҳотларда, исломнинг жамиятдаги ўрни, Россия билан муносабатлар, НАТОга аъзолик масаласида хилма-хил фикрлар мураккаб вазиятни келтириб чиқаради. Мухолифат коалицияси парчаланиб кетишини ҳам истисно қилмаган бўлардим.
Ўтиш даври икки йилгача вақт олади ва ҳар қанақасига жуда қийин кечади. Бундан ташқари, [ҳозирги конституцияга кўра] Қиличдорўғли президент бўлса, жуда катта ваколатларга эга бўлади, кўпчилик уни эшитишга мажбур бўлади. 74 ёшли Қиличдорўғли эса асосий мақсади – Туркияни парламентар бошқарувга қайтариб, кейин «секин оёғини узатиш» эканини айтмоқда. Мухолифатнинг ҳам «камтарона режаси» шу дейиш мумкин, аммо ўша гап – бу ишни амалга ошириш осон эмас.
– Натижалар халқаро ҳамжамиятга қандай таъсир ўтказиши мумкин?
– Сайловда мухолифат ғалабаси бутун дунёдаги кўплаб одамларни илҳомлантирса керак. Чунки бу узоқ йиллик автократияни тўполонсиз, сайловлар ёрдамида ҳам ағдариш мумкинлигининг яққол мисоли бўлади.
Эрдўған даврида сайловдан ташқари бошқа демократик институтлар фаолияти сустлашди. Кўп мухолифатчилар қамалди ёки мамлакатдан чиқиб кетди. Мухолифат ғалабаси Туркияни яна демократия олимпига қайтаради. Эрдўғаннинг ғалабаси эса демократия тарафдори бўлганларни хафа қилади, хатто Туркия ташқарисидагиларни ҳам.
– Одамларда Путин Эрдўғанни қўллаши ва у ютиши учун сайловга аралашиши ҳам мумкинлиги ҳақида тушунча бор. Бунинг имкони борми?
– Бор. Бу масала Туркияда анчадан буён муҳокама қилинади. Кремл Эрдўғанни қўллайди ва буни яширмайди ҳам. Буни Россия Туркиядаги АЭС учун 20 миллиард доллар ажратганидан ҳам билиш мумкин. Бундан ташқари, Россия ўтган йил Туркиянинг газ учун тўлаши керак бўлган 20 миллиард долларининг муддатини кечиктириб берди. Путин ҳам Эрдўған билан яхши муносабатда ва унинг қолишини истайди.
Туркия мустақил нашрлари Эрдўған сайлов олдилан рус ҳакерларидан фойдаланиши мумкинлиги ҳақида ёзишди. Ҳозирча бу борада бирор исбот йўқ, лекин ушбу вариатни ҳам истисно қилиб бўлмайди. 11 май куни Камол Қиличдорўғли ўзининг твиттердаги саҳифасида «рус дўстлар»га нисбатан яхшигина кескин баёнот билан чиқди ва улардан «турк давлатидан қўлини тортиш»ни сўради. Менимча, бу Эрдўған ҳамон фойдаланиши мумкин бўлган рус ҳакерларига ишора.
– Ижтимоий сўровларда мухолифат етакчиси кичик устунликка эгалиги кўринмоқда. Уларга ишониш мумкинми?
– Туркиядаги ижтимоий сўровлар, жамоатчилик фикрига ишониш мураккаб масала. Чунки кўпчилик ўз фикрини очиқ айтишдан қўрқади. Ахир охирги йилларда сўз эркинлиги ҳаминқадар бўлиб қолди, Туркиядаги йирик нашрларнинг 95 фоизи Эрдўғаннинг атрофидаги одамларга тегишли. «Президентни ҳақорат қилиш» айблови билан жуда кўп ишлар очилиб кетди, одамлар ёзган твити учун ҳам қамалган ҳолатлар бўлди.
Бунинг устига кўп сўровларни холис деб бўлмайди. Сўров ўтказадиганларнинг қайсисидир мухолифатни, бошқалари Эрдўғанни қўллайди. Нисбатан холис ижтимоий ташкилотларнинг сўровлари эса Эрдўғаннинг рейтинги қулаётганидан далолат бермоқда.
Эрдўғаннинг рейтинги айниқса 6 февралдаги зилзиладан кейин тушиб кетди. Аввалига у ўзини миллат қутқарувчиси сифатида кўрсатишга уриниб, ҳаммани бир дард атрофида тўпламоқчидек кўринганди. Аммо бу ҳаракатлари ўхшамади, чунки Туркиядаги бошқа партиялар Эрдўғаннинг 20 йиллик бошқарувида йўл қўйилган хатоларни санай бошлашди. Ахир унинг ўзи ҳам 1999 йилги вайронкор зилзиладан 3 йил ўтиб ҳукумат тепасига келганди. Одамлар зилзиладан кейин жавоб излаган асосий савол шундай бўлди: давлат шу каби фалокатлар оқибатида зарар камроқ бўлиши учун нима қилди ўзи?
Охирги ҳафталарда Эрдўған катта-катта маросимларда иштирок этишга уринди. Масалан, «Аққую» АЭС очилишида Путин билан онлайн қатнашди. У қайсидир маънода одамларни иқтисодий муаммолардан чалғитишга уринди. Бу воқеалар фонида Эрдўғаннинг рейтинги ошгандек бўлди, аммо Қиличдорўғлининг рейтинги ҳам ўсишдан тўхтаб қолгани йўқ. Менимча, имкониятлар тенг ва Эрдўған чиндан ютқазиши мумкин.
– Жонли эфир вақтида мазаси қочиб қолгани Эрдўғаннинг рейтингига таъсир қилдими?
– Менимча, жиддий таъсир қилгани йўқ. Чунки эфир вақтида Эрдўған билан қўрқинчли нимадир бўлмади. У йиқилмади, юрагини чангаллаб қолмади. Шунчаки эфир узилиб қолди ва 20 дақиқа ўтиб Эрдўған ошқозонида муаммо борлигини айтди. У 2-3 кунлик тадбирларда иштирок этмади, аммо кейин яна кўриниш бера бошлади. У фаол сайлов кампанияси олиб борди дейиш мумкин.
Табиийки, бу 2002 йил ўз партиясини сайловдаги ғалабага олиб борган забардаст Эрдўған эмас. У секин гапирадиган, оҳиста юрадиган бўлиб қолди. Бу табиийки одамларда саволлар туғдиради. Менимча, 69 ёшли Эрдўғанга қараган электоратнинг бир қисми у аллақачон олдингидек эмаслигини пайқаб, ундан воз кечиб бўлган. Қизиғи, Эрдўғаннинг рақиби ундан 5 ёш катта бўлишига қарамай одамлар айнан амалдаги президент бу ҳолатда бошқарувни эплай оладими, деб ўйлай бошлади.
– Ёш рейтингига таъсир қиладими?
– Қилиқдорўғли ҳақида бундай дейиш қийин. Аммо у мухолифатнинг асосий номзоди сифатида кўрсатилишидан аввал мухолифат ичида бошқа ёрқин сиёсатчиларга рейтинг борасида ютқазгани бор гап. Масалан, 2022 ва 2023 йилги сўровларда Истанбул мэри Акром Имомўғли ва Анқара мэри Мансур Явошнинг рейтинги анча юқори бўлган. Шу сабаб Қиличдорўғлини номзод сифатида кўрсатиш жиддий муҳокама қилинган, ҳатто мухолифат парчаланиб кетиши ҳам мумкин бўлганди.
Қиличдорўғли номзод сифатида бир неча кун аввал «Саодат партияси» етакчиси Мерал Акшенер унинг номзод бўлишига қарши чиқиб, Имомўғли ва Явошдан бири номзод бўлиши кераклигини айтган, бунга уларнинг рейтинги баландигини асос қилиб кўрсатганди. Аммо энг муросали вариант сифатида Камол Қиличдорўғли танланди. У турли сиёсий гуруҳлар вакили ҳисобланади. Масалан, мусулмонлар, миллатчилар ва бошқаларнинг. Охирги вақтларда мухолифат етакчиси ёшлар орасида ҳам яхшигина машҳурликка эришди. У ижтимоий тармоқлардан, хусусан, ТикТок’дан фаол фойдалана бошлади.
– Нега рейтинги баланд бошқа номзодлар бўлишига қарамай мухолифат айнан Қиличдорўғлини танлади?
– Менимча, аввало компромисс учун. Бу турк сиёсати фахрийси Камол Қиличдорўғлига кўрсатилган ҳурмат ҳам дейиш мумкин. У узоқ йил асосий мухолиф партияни бошқариб келаётганди. Бундан ташқари, Имомўғли ва Явошда муаммолар бор эди. Ўтган йил декабр ойида Истанбул мэри Имомўғлини ҳукумат вакилларини ҳақорат қилгани учун шартли равишда 2 йилга озодликдан маҳрум қилиб, 5 йил сиёсат билан шуғулланишни тақиқлади. Бу борада ҳукм чиқарилган суд мажлисида эса Имомўғли қатнашгани ҳам йўқ.
У мэр сифатида ишлашда давом этмоқда, суд эса апелляция жараёнида. Аммо бундай ҳолат билан таваккал қилиб бўлмасди, чунки суд тизими тўлалигича Эрдўған назоратида. Сайлов вақтида ҳамма нарса бўлиб кетиши мумкин эди.
Мансур Явошнинг эса курдлар билан муносабати яхши эмас. Уни курдларга нисбатан айтгани гапи ва миллатчилиги учун кўп танқид қилишган.
– Мухолифатнинг Эрдўғанга асосий эътирози нимада?
– Гап шундаки, улар Эрдўған Туркияни бир киши бошқарувидаги давлатга айлантириб қўйганидан ташқари ўз атрофига профессионалларни эмас, содиқ инсонларни тўплаб олган дейишмоқда. Бугунги мухолифатда Эрдўғаннинг ўтмишдаги яқин дўстлари ва тарафдорлари борлигини ҳам унутмаслик керак. Масалан, собиқ бош вазир ва собиқ ташқи ишлар вазири Аҳмад Довудўғли. Уни Эрдўғаннинг ташқи сиёсат бўйича архитектори ҳам дейишарди.
Али Бобожон ҳақида ҳам унутмаслик керак. У ўз вақтида молия вазири, ташқи ишлар вазири ва бош вазир ўринбосари бўлиб ишлаган. У Эрдўған ва унинг атрофидагилар иқтисодни тушунмаслиги ҳақида кўп гапирган. Президентга Туркия лираси охирги йилларда беш бараварга қадрсизланганини тез-тез эслатишади. Ўтган йил инфляция 83 фоизга етиб, 25 йиллик антирекордни қайд этди.
Иқтисодий соҳада Эрдўғаннинг энг жиддий хатоси – фоиз ставкасини туширгани бўлди. Бутун дунё ставкани ошираётган бир вақтда Эрдўған исломда судхўрлик қилиш ярамаслигини айтиб уни туширди. У ставкани тушириш орқали инфляцига қарши курашмоқчи бўляпти, аммо вазият боргани сари ёмонлашиб кетяпти.
Эрдўғаннинг партияси 2000-йиллар бошида чиндан мамлакатни қийин истисодий инқироздан олиб чиқиб кетганди. Аммо мамлакат бир айланиб яна ўша 20 йил аввалги инқироз ҳолатига келиб қолди.
Эрдўғанни Ғарб давлатларига нисбатан тутаётган сиёсати учун ҳам танқид қилишади. Мухолифат НАТО давлатлари билан «оғиз-бурун ўпишиш»ни қўлламайди, аммо камида улар билан одамга ўхшаб муаомала қилиш тарафдори. Эрдўған эса исталган вақтда ким биландир муносабатларни кескинлаштириши мумкин. Масалан, жорий йил феврал ойида Туркия ТИВ кўплаб давлатлар элчиларини чақиртириб, эътирозларини билдирганди.
Бу масалада Эрдўған жуда мураккаб инсон. Мухолифат эса бундай вақтда муаммони мулоқот йўли билан ҳал қилиш тарафдори. Масалан, мухолифат сайловда ютиб чиқса, Швециянинг НАТОга аъзолиги масаласи тезда ҳал бўлади.
– Мухолифат парламентар республикага ўтишни истамоқда. Лекин парламент сайловларида ғалаба қозона олмаса, бунга эриша олмайди. Бу борада қандай тахминлар бор?
– Эрдўғаннинг партияси Қиличдорўғли етакчилик қиладиган Жумҳурият халқ партиясини ортда қолдирмоқда. Катта эҳтимол билан коалициядаги ҳеч ким партия ўз қонунини кирита оладиган даражада (бунинг учун 600 ўринлик парламентдаги камида 301 овоз бўлиши керак) ўрин ололмайди. Ҳозир Эрдўған тарафдорлари парламентда мутлақ кўпчиликни ташкил этмаяпти ва бирор қонунни киритиши жуда қийин бўлади. Аммо Туркияда президентлик сайловлари Эрдўған парламентни айланиб ўтиб имзолаган қонунга асосан 18 июндан 14 майга кўчирилди. Шундай экан, парламентда вазият янада чалкаш бўлади. Яна такрорлайман, ҳеч ким қонун чиқариш органида етарли ўринларни қўлга кирита олмаса керак.
– Парламентдаги мандатларни тақсимлаш бўйича қандай тахминлар билдирилмоқда?
– Ҳозирча 50 га 50. Менимча, мухолифат барибир Эрдўғаннинг партиясига қараганда кўпроқ овоз олса керак. Кичик устунлик улар томонда бўлади, аммо бу устунлик ўз қонунларини ўтказадиган даражада катта бўлмайди.
– Бирлашган мухолифат АҚШ билан алоқаларни яхшилаш ва Европа Иттифоқига қўшилиш йўлини тутишини айтди. Коалициянинг Россия билан алоқалари қандай бўлади?
– Юқоридаги мухолифатнинг ташқи сиёсат масаласида аниқ режаси йўқ дегандим. Худди шу каби улар Москва билан қандай муносабат ўрнатишни ҳам ўйлаб кўрмаган. Мухолифат вакилларининг ўтган йилги фикрлари бир-бирини рад этмоқда. Аммо охирги вақтларда мухолифат Россия билан алоқаларни яхшилашга интилиши ҳақида гаплар айтилди. Масалан, Қиличдорўғли Россия ҳақида гапирганда илиқ ва хотиржам фикр билдиради.
Албатта, Қиличдорўғли Путин билан Эрдўған каби оғайни бўлиб кетолмайди, аммо Москва ва Анқаранинг жуда кўп умумий манфаатлари бор. Шундай экан, бу борада катта ўзгариш кутмаслик керак. Аниғи шуки, янги ҳукуматда Туркия ва Россия ўртасидаги муносабатлар Эрдўған ва Путиннинг шахсий муносабати каби ривожланмайди. Туркияда мамлакатнинг Россия билан ҳеч қандай алоқаси йўқлиги, фақат Эрдўғаннинг Путин билан алоқаси борлиги айтилади. Қиличдорўғли келса, бу муносабатлар тизимли кўриниш олади.
– Мухолифат суриялик қочоқларни кўнгилли тарзда уйига қайтаришини айтган. Бунинг имкони борми?
– Менимча, бу популистик чиқиш, чунки бунақа ишларни амалга ошириш осон эмас. Менимча, бу баёнот очко ишлаш учун қилинган. Чунки суриялик қочоқлар туркларнинг сабр косасини тўлдирган. Турклар тўлаган солиқлар уларга кетмоқда, сурияликлар жамиятга мослашишга уриняпти, болалари туркча мактабга чиқа бошлади. Кўпчилик турклар суриялик қочоқлар қайтиб кетишини истайди, лекин бу амалга ошиши осон бўлган иш эмас, бу катта муаммо.
– Мухолифатнинг курдлар билан муносабати қандай? Улар турли манбаларга кўра Туркиянинг 18-23 фоиз аҳолисини ташкил этади ва курдларнинг қўлловисиз сайловда ютиб бўлмайди.
– Ҳа, курдлар масаласи жуда муҳим ва ҳатто ҳал қилувчи омил бўлиши мумкин. Эрдўған ҳукуматга келган илк йилларида улар билан битта коалицияда бирлашишига ҳам бир бахя қолганди. Эрдўған курд масаласи унинг учун шахсий масала эканини кўп марта айтган. Аммо 2015 йилги сайловларда курдларни қўлловчи Халқлар демократик партияси кутилмаганда катта овоз тўплаб, Эрдўған партиясининг яккаҳукмронлигига чек қўйганида, Туркия президентининг курдлар билан муносабати ёмонлашди-да, уларни террорчи деб атай бошлади.
Курдлар катта эҳтимол бир овоздан Қиличдорўғлини қўллайди. Февралдаги зилзила Туркиянинг асосан курдлар яшайдиган қисмида содир бўлди. Уларда шундоғам норозилик кайфияти кучли эди ва зилзиладан кейин норозилик янада кучайди.
Шу боис, Эрдўған Қиличдорўғлини террорчи деб атаб, уни Туркияда террорчилик ташкилоти деб тан олинган Курдистон ишчи партиясига алоқадор деб атамоқда. Ўз навбатида, мухолифат Эрдўғаннинг айбловларидан қўрқмай курдларга хайрихоҳ муносабатда эканини яширмаяпти.
– Қиличдорўғли ижтимоий сўровларда етакчилик қилаётганини билган Эрдўған қандайдир чора кўрадими?
– Ҳозирча Эрдўған Қиличдорўғлини очиқчасига террорчи деб аташидан ортиқ қандайдир кўшимча ҳаракат кўринмаяпти. Эрдўған қандайдир ҳаракат қилиши ҳақида гапириш қийин, аммо сайловда рус ҳакерларининг аралашувини рад этиб бўлмайди. Шунингдек, Эрдўған сайловда ютқазса, миллионлаб тарафдорларини кўчага олиб чиқа олишини унутмаслик керак. Сайловда ютқазса, Эрдўған овозларни қайта санашни талаб қилиши ва ҳатто сайловни қайта ўтказишга уриниши ҳам мумкин.
– Агар иккинчи тур бўлса, Эрдўған орадаги танаффусда нимадир қила оладими?
– Охирги ҳафтада Эрдўған вазият оғирлигини сезадиган бўлса, қандайдир авантюрага бориши ҳақида гаплар пайдо бўлди. Туркиянинг Сурия ёки Греция билан чегарасида провокация ташкил қилиш вариантлардан бири сифатида айтилди. Лекин менимча, Греция билан можаро яхши вариант эмас, чунки греклар зилзила оқибатларини бартараф этишда Туркияга жуда катта ёрдам берди. Сурия билан эса нимадир бўлиши мумкин. Ҳозир Башар Асад музокаралардаги ўз позициясини кучайтириб олган, у Туркия аскарларини олиб чиқиб кетиши кераклигини талаб қилмоқда.
Туркия ва Сурия ўртасидаги муносабатлар доимгидек таранг ва бу ҳолатда Эрдўған ҳарбий ҳолат эълон қилиб юборишини ҳам истисно қилиб бўлмайди. Туркия конституциясига кўра, фақат ҳарбий ҳолат сайловларни бекор қилиш ва қолдиришга асос бўла олади. Шундай экан, икки тур орасида, агар ютқаза бошласа, ундан ноодатий бирор ҳаракат кутиш мумкин.
– Туркия Марказий сайлов комиссияси Эрдўғандан бошқа кимнидир ғолиб деб эълон қила оладими?
– Сайлов комиссияси Қиличдорўғлининг ғалабасини эълон қила олади. Имомўғли билан ҳам шундай бўлганди. Эрдўған қўлламаган номзод 2019 йил Истанбул мэрлиги учун сайловда ғалаба қозонди. Аввалига Имомўғли кичик фарқ билан ғолиб бўлди, аммо Эрдўған ва партияси қайта сайловни талаб қилгач, Имомўғли қайта сайловда каттароқ фарқ билан ғалабасини мустаҳкамлади. Шундай экан, сайлов комиссияси ғолиб мухолифат вакили бўлса, бу ҳақда бемалол эълон қилади.
– Ҳукуматнинг тинч йўл билан топширилишини ҳам кутиш мумкинми?
– Ҳа, мумкин. Аммо менинг фикримча, Эрдўған ҳукуматга қолишга интилади. Камида бунга уриниб кўради. Албатта, одамлар кўчага чиқиб қон тўкилиши шарт эмас, Эрдўған суддаги таъсири орқали сайловларни бекор қилдириши мумкин. Масалан, Конституцион суд натижаларни бекор қила олади. Аммо барча мухолифат ғалабасига хайрихоҳ бўлса, Эрдўған мағлубиятни тан олишга мажбур бўлади.
Мавзуга оид
16:21 / 22.05.2025
«Яқин орада Шимолий Кипрнинг Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлган кунларни ҳам кўрамиз» – Эрдўған
11:32 / 19.05.2025
Португалияда ўнг марказчилар навбатдан ташқари сайловларда ғалаба қозонди
20:30 / 17.05.2025
Эрдўған Қора денгизда 30 миллиард долларлик газ кони топилганини эълон қилди
10:26 / 16.05.2025