Ўзбекистон | 17:08 / 15.05.2023
36720
2 дақиқада ўқилади

Олмалиқда “қизил”да ўтган Дамас ҳайдовчиси 2 нафар мактаб ўқувчисини уриб юборди

Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБнинг Kun.uz'га маълум қилишича, ўқувчи қизлардан бирининг аҳволи оғир. Бош прокуратура ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Тармоқларда Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳридаги мактабнинг 2 нафар ўқувчи қизларини автомашина уриб юборгани акс этган видеолар тарқалди.

Маълум бўлишича, ҳолат 15 май куни эрталаб содир бўлган. Ушбу туманда 19 ёшли С.Х. “Дамас” автомашинасида “Тинчлик” кўчасидаги чорраҳадан йўлни кесиб ўтаётган 14 ёшли 2 нафар мактаб ўқувчиларини уриб юборган. ЙТҲга Дамас ҳайдовчисининг светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланиши сабаб бўлган.

Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБнинг Kun.uz'га маълум қилишича, ўқувчи қизлардан бирининг аҳволи оғир: бош мия ёпиқ жароҳатини олган, ҳозир реанимацияда. Яна бири эса енгил жароҳат олган, аҳволи яхши. Иккаласи ҳам Олмалиқ шаҳар марказий шифохонасига олиб келинган.

Ҳодиса юзасидан судга оид тиббий экспертизаси тайинланган, шунингдек, Олмалиқ тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Ишни назоратга олган Бош прокуратуранинг маълум қилишича, айни вақтда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Мавзуга оид