Жаҳон | 10:57 / 20.05.2023
21113
2 дақиқада ўқилади

Белградда яна минглаб одамлар зўравонликка қарши намойишга чиқди

Намойишчилар бир неча идора раҳбарларининг истеъфосини, зўравонликни тарғиб қилувчи таблоидлар ва телеканалларни ёпишни талаб қилмоқда.

Фото: Getty Images

Сербия пойтахти Белградда сўнгги икки ҳафта ичида учинчи марта минглаб одамлар зўравонликларга қарши намойишга чиқди. Унинг иштирокчилари мамлакат Ички ишлар вазирлиги раҳбари Бранислав Гашич, Хавфсизлик ва ахборот агентлиги раҳбари Александр Вулиннинг истеъфога чиқишини, шунингдек, электрон оммавий ахборот воситаларини тартибга солиш бўйича ҳукумат қўмитасини тарқатиб юбориш, нафрат ташвиқоти ва контенти туфайли ҳукуматпараст таблоидлар ва телеканалларни ёпишни талаб қилмоқда.

Намойишлар май ойида Сербияда ўнлаб одамларнинг ўлимига ва яраланишига сабаб бўлган икки оммавий отишма ортидан мамлакатда зўравонлик даражаси ортиб бораётганидан хавотирлар фонида бошланди. AFP маълумотларига кўра, мухолифат томонидан уюштирилаётган жорий митинглар 20 йилдан кўпроқ вақт аввал Сербия собиқ етакчиси Слободан Милошевич режимининг қулашига сабаб бўлган оммавий намойишлардан кейинги энг йирик шундай акциядир. 

Шу билан бирга, Сербия президенти Александр Вучич норозилик намойишларини сиёсий найранг деб атади. У келаси ҳафта ўз тарафдорлари томонидан намойиш ўтказилишини эълон қилди ва у «Сербия тарихидаги энг йирик йиғилиш» бўлишини айтди. Вучичнинг яқин иттифоқчиси, бош вазир Ана Брнабич ҳам «ташқи разведка хизматларини» мамлакатни беқарорлаштириш учун тартибсизликлар уюштирганликда айблади. 

3 май куни Белграддаги мактабда 13 ёшли ўсмир ўт очди: ўшанда саккиз киши ҳалок бўлди - ўқувчилар ва мактаб қўриқчилари, яна олти киши яраланган. Бир кун ўтиб, 21 ёшли йигит Младеновац муниципалитети яқинида ўткинчиларга қарата ўт очди. У саккиз кишини ўлдирган ва 14 кишини яралаган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид