Жаҳон | 21:32 / 08.06.2023
61257
7 дақиқада ўқилади

Коммунизмдан 32 йил ўтиб: ўтмиш излари қолган «арвоҳ» шаҳарлар

Бир вақтлар бу шаҳарларда ҳаёт қайнаган. Мактаблар, боғчалар фаолият юритган, одамлар ишга қатнаган, байрамлар нишонланган. Аммо инқироз, етишмовчилик, жиноятчилик ва тушкунлик билан ўтган 90-йиллардан бошлаб собиқ иттифоқ ҳудудидаги бу айрим шаҳарлар бўшаб қола бошлади.

Чаронда (Россия, Вологда вилояти)

Фото: Wikipedia

Чаронда – Россия шимолидаги Воже кўлининг ғарбий қирғоғида жойлашган ягона аҳоли пунктидир. Бу ном қаердан келгани ҳақида бир нечта вариант бор: баъзи тадқиқотчиларга кўра, шаҳарча ўз номини Сами «чарра» – мох билан қопланган тундра ёки қор ва қирғоқ сўзларидан олган.

Чаронданинг юк ташиш пункти сифатидаги мақоми муҳим воқеа билан боғлиқ: 1584 йилда Aрхангелскка асос солингач, у орқали хориждаги кемалар учун қулайроқ бўлган шимолий савдо йўли ўтган. Бу даврда аҳоли пункти гуллаб-яшнаган.

1708 йилда Чаронда шаҳар мақомини олди. XVIII асрга келиб бошқа қуруқлик йўллари оммалаша бошлади, 1770 йилларда Чаронда яна қишлоққа айланди; аҳолиси тез камайиб борди.

Октябр тўнтариши даврида бу ерда мингдан кам одам яшаган. 1921 йилда аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, қишлоқда 70 та уй ва 450 киши бўлган, 2007 йилда эса атиги саккиз киши қолган.

Чарондага келган саёҳатчиларнинг айтишича, ҳозир бу ерда бор-йўғи икки киши доимий яшайди. Қишлоқда электр йўқ, бу ерга фақат кўл орқали ёзда қайиқда ёки қишда чанғида ёки муз устида автомобилда бориш мумкин.

Агдам (Озарбойжон)

Фото: Dmitry Petromarkovsky/TASS

Қорабоғ ҳудудида, Бокудан 365 километр узоқликда собиқ Агдам шаҳри жойлашган. XVIII асрда асос солинган шаҳар озарбойжончада «оқ том» маъносини беради. Айтишларича, Қорабоғ хони ўзига атаб оқ тошдан қаср қурдиради, шаҳар номи ҳам шундан келиб чиқади.

1828 йилда Агдам ҳақиқий шаҳарга айланди, бу ерда заводлар қурила бошланди. Жумладан, ёғ, пишлоқ, вино заводлари бунёд этилди. Ҳатто музейлар очилди. 1989 йилда Агдамда 28 минг киши истиқомат қиларди.

Тез орада Қорабоғ уруши бошланди. 1993 йилда шаҳар «Град»ларда ўққа тутилиб, ер билан яксон бўлди. 2010 йилларга келиб, 360 киши яшайдиган манзилни шаҳар деб ҳам бўлмасди.

2020 йил кузидаги Иккинчи Қорабоғ урушида Озарбойжон шаҳарни узил-кесил ўз назоратига олди. Шахсан Илҳом Алиев Агдамга келиб, Озарбойжон байроғини ҳудуд узра кўтарди.

Припять (Украина)

Фото: AP/Efrem Lukatsky

Украина ҳудудида жойлашган собиқ шаҳар – Припятнинг тақдири бошқалариникидан аянчлироқ ва қайғулироқ.

1986 йилнинг апрелига қадар шаҳарда қарийб 50 минг аҳоли яшар, нақ 160 та уй, 13 414 та квартира бор эди. 1986 йилги Чернобил АЭС ҳалокати шаҳар тақдирини ҳал қилди.

Припят Чернобилдан бор-йўғи уч километр узоқликда жойлашганди. Шаҳар кучли радиация ҳудудида қолди. Натижада ҳукумат аҳолини кўчиришга қарор қилди. Бунинг учун 1125 та автобус, 250 дона юк машинаси жалб этилди.

Кейинчалик олиб борилган ишлар натижасида собиқ шаҳар ҳудудида аҳвол бироз яхшиланди. «Арвоҳ шаҳар»га эндиликда ўқувчилар экскурсияга, туристлар экстремал саёҳатлар учун келадиган бўлди.

Жафокаш ҳудуд Россиянинг Украинага босқини вақтида ҳам тинч қолмади. Босқиннинг дастлабки кунларидаёқ, Россия кучлари Чернобил АЭС билан биргаликда шаҳарни ҳам эгаллаб олди. Фақатгина 2022 йил 31 мартга келиб ўлик шаҳар Украина кучлари назоратига қайтарилди.

Воркута – аҳолиси икки баробарга қисқарган шаҳар

Фото: Getty Images

Россиянинг қарийб Арктика ҳудудида жойлашган Воркута шаҳрида ҳозир ҳам 56 минг киши истиқомат қилади. Аммо ўтмиши ёрқин бўлган ҳудуд айни дамда чуқур тушкунликни бошдан кечирмоқда. Бу ерда на уруш, на атом станцияси ҳалокати бор...

Совет замонида Воркута 120 минг аҳолига эга каттагина шаҳар эди. Иттифоқнинг кўп ҳудудларида кончилар яхши маош учун ҳудудга оқиб кела бошладилар. Минтақа тошкўмирга бой бўлгани саноат ривожига туртки бўлди.

90-йилларда ҳамма нарса ўзгарди. Воркута кўмирининг асосий истеъмолчилари бўлган Aрктикадаги металлургия заводлари тўхтаб, ёпила бошлади. Ўн минглаб ишсиз кончилар жўнаб кетишди: улар нафақат иш излаб, балки абадий совуқ, қутбли тун ва Воркута шамолларидан узоқларга қочиб кетишди.

Йигирма йиллар ўтгандан кейин ҳам Воркутанинг қулаш жараёни давом этмоқда. Шахталар ҳар йили бирин-кетин ёпилади, ҳар йили юзлаб одамлар Воркутадан чиқиб кетади. Шаҳарнинг бутун бошли туманлари эса «ўлик зона»га айланиб бормоқда, бу ерда уйлар ойналари синган, одамсиз квартиралар ваҳимали кўринади.

Орол денгизи бағридаги сирли шаҳар

Фото: Эльёр Нематов

«Арвоҳ шаҳар» эпидемияси Ўзбекистон ҳудудини ҳам четлаб ўтмаган. Собиқ денгиз бағридаги собиқ шаҳар Аралск-7 (Кантубек) ана шундайлардан бири саналади.

Кантубек жойлашган Возрождения оролида 1924-92 йилларда «Бархан» кимёвий полигони (ҳозир Мўйноқ туманига тўғри келади) фаолият юритган. Айрим тарихчиларнинг иддаоларига кўра, советлар ҳудудда ўта махфий, хавфли кимёвий тажрибаларни ўтказишган. Эллик йил давомида микробиологик (бактериологик) қуроллар оролда экспериментал тарзда ҳайвонларда (ит, маймун, каламуш, отлар) синовдан ўтказилган.

Кантубек шаҳарчасида қарийб 1,5 минг киши истиқомат қилган, уларнинг мутлақ кўпчилиги ҳарбийлар ва кимёвий полигон хизматчилари эди. 1992 йилга келиб, денгиз қуриши ва иттифоқ барҳам топиши шаҳарча тақдирини барбод қилди. Аҳоли Россиянинг Киров шаҳрига кўчирилди, лабораториялар ёпилди.

Айни пайтда аҳоли пункти бутунлай вайронагарчиликка юз тутган.

«Ўлиб» яна қайта «тирилган» Жанатас

Фото: goroda-prizraki.narod.ru 

Қозоғистоннинг Жамбил вилоятидаги Жанатас шаҳри ҳам замон ўзгариши билан йўқликка юз тутган жой саналади. Жанатас фосфоритлар қазиб чиқариш билан боғлиқ жараёнларда вужудга келганди. Ҳатто унинг ҳудудидан темирйўл ҳам ўтганди. СССР қулагач, Жанатасда ҳаёт нурай бошлайди, кўпчилик аҳоли ҳудудни тарк этади.

Аммо бу ҳол узоқ давом этмади. 2012 йилда шаҳарда икки йирик иқтисодий лойиҳа ишга туширилди. Шаҳарга ҳаёт қайта бошлади. Металлургия ҳам ривожлана бошлади, натижада «Жанатас» металл заводи ишлай бошлади, цемент заводи ҳам ишга туширилди. 2019 йилда келиб Жанатасда 22 364 киши истиқомат қилаётгани айтилади.

Интернет маълумотлари асосида
Аброр Зоҳидов тайёрлади.

Мавзуга оид