Спорт | 19:21 / 12.06.2023
31058
7 дақиқада ўқилади

Тошкент мезбонлик қилаётган футбол мусобақасида қимор ўйинлари ноқонуний реклама қилинмоқда

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоасининг ўйинларида букмекерлик компаниялари очиқдан очиқ реклама қилинмоқда. Бу Ўзбекистоннинг амалдаги қонунларига зид. Масъул давлат ташкилотлари эса ҳолатга эътибор қаратишни истамаяпти.

Кеча, 11 июн куни Тошкентдаги «Бунёдкор» стадионида футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси Марказий Осиё кубоги доирасида мусобақа меҳмони Уммон билан ўйин ўтказди.

“Спорт” телеканали орқали жонли эфирда трансляция қилинган учрашувда стадион дисплейида букмекерлик компанияси рекламаси айланиб турди. Бу – Ўзбекистоннинг амалдаги қонун ҳужжатларига зид. Шу жиҳатдан мазкур ҳолат жамоатчилик норозиликларига сабаб бўлмоқда.

Турнир ташкилотчиси бўлмиш Марказий Осиё футбол ассоциациясининг Twitter’даги саҳифасида келтирилишича, букмекерлик компанияси CAFA Nations Cup 2023 турнирининг бош ҳомийси сифатида белгиланган.

Шартнома шартларига кўра, тотализатор логотипи турнир расмий рақамли платформаларида, жумладан, мусобақа 2023 веб-сайти ва ижтимоий тармоқларда намойиш этилади. Бундан ташқари, букмекерлик идорасининг рамзлари стадионларда, жумладан, интервю учун майдонларда ва скамейкаларда, шунингдек, LED панеллари ва 3D гиламларида мавжуд бўлади.

Қонунчиликда қандай жавобгарлик бор?

Амалдаги қонун ҳужжатларига кўра, Ўзбекистонда қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва реклама қилиш маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 16 августдаги 176-сонли қарорига асосан, 2007 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида қимор ўйинларини ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни (шу жумладан тотализаторлар) ташкил этиш ва ўтказиш тақиқланган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 191-моддасига кўра, Ўзбекистон ҳудудида қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш, ўтказиш учун хизмат кўрсатиш ёки уни тарқатиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади.

Ушбу кодекснинг 178-1-моддаси иккинчи қисмига кўра фуқаролар ва мансабдор шахслар томонидан реклама қилиниши қонунчилик билан тақиқланган маҳсулотни реклама қилганлик учун БҲМнинг 5 бараваридан 7 бараваригача миқдорда жарима солиниши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 46-моддасига кўра, Ўзбекистон ҳудудида қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар, шунингдек, телекоммуникация тармоқлари ва интернетдан фойдаланган ҳолда ташкил этиладиган қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар рекламаси тақиқланган.

Мазкур қонуннинг 47-моддасига биноан, реклама қилиниши қонунчиликда тақиқланган маҳсулот тўғрисида реклама тарқатганлик – БҲМнинг 100 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Kun.uz билан гаплашган Рақобат қўмитаси мутахассисининг сўзларига кўра, Ўзбекистон миллий жамоаси ўйини вақтида букмекерлик компаниясининг реклама қилиниши юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда ва қўшимча маълумот тақдим қилинади.

Умуман олганда, айни пайтда Ўзбекистонда букмекерлик билан шуғулланиш ёки уни реклама қилиш учун ҳуқуқий асослар мавжуд эмас, яъни ушбу фаолият ноқонуний ҳисобланади. Аммо Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ўйинларида бу ҳолат иккинчи марта такрорланяпти.

2022 йил 20 ноябр куни Тошкентдаги «Пахтакор» стадионида ўтказилган Ўзбекистон ва Россия миллий жамоалари
ўртасидаги ўртоқлик учрашувидан олинган кадр

Онлайн қиморнинг иқтисодий ва ижтимоий оқибатлари

Сўнгги вақтларда ўзбекистонликлар ўртасида спорт ўйинларига пул тикиш ортидан ўз жонига суиқасд қилган, уй ва мол-мулкларини сотган ва бошқа ҳуқуқбузарликларга йўл қўяётганлар ҳақида тез-тез хабарлар тарқаляпти.

Юқорида келтириб ўтилганидек, нафақат букмекерлик фаолияти билан шуғулланиш, балки уни реклама қилиш ҳам қонунларга зид. Шунга қарамай, ижтимоий тармоқларда кўплаб букмекерлик компаниялари фаол равишда реклама қилинмоқда. Бу эса онлайн қиморнинг янада оммавийлашишига туртки бўлди. Нимагадир, Рақобат қўмитаси очиқ ва ошкора тарзда олиб борилаётган бундай тарғибот ишларини бир четда кузатишдан нарига ўтмаяпти. Ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик таниқли спортчилар, катта аудиторияга эга блогер ва влогерлар Telegram-каналларида берилаётган рекламаларни чеклаш ва қонуний чора кўриш имконсиз ва мураккаб вазифа эмас.

Масалан, ўтган йили букмекерлик компаниясини реклама қилгани учун бир гуруҳ Instagram блогерлари Тошкент шаҳар ИИББ томонидан жавобгарликка тортилганди. Шундан кейин ҳам тотализаторни реклама қилиш тўхтаб қолгани йўқ. YouTube'даги бир нечта каналлар айни пайтда ҳам онлайн қиморни тарғиб қилишда давом этмоқда.

Қиморга қарамлик – бу кўплаб салбий психологик, жисмоний ва ижтимоий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган прогрессив «гиёҳвандлик» ҳисобланади. Бунинг бир қанча салбий оқибатлари бор:

Вақт бекорга сарфланиши. Дастлаб қўшимча даромад топиш, кейинчалик «азарт» сиртмоғига тушиб ютқазилган пулнинг ўрнини қоплаш мақсадида кунлаб, ҳафталаб, ойлаб ва ҳатто йиллаб кетказилган вақт натижасида инсон ўз шахсий тараққиёти учун инвестиция қилиши керак бўлган даврини йўқотади.

Соғликка таъсири. Таваккалчиликка асосланган ўйинлар инсонда умидсизлик ва ночорлик ҳиссиётларини келтириб чиқаради. Ушбу «гиёҳвандлик» билан яшайдиган одамлар депрессия, мигрен, ичак касалликлари ва стресс билан боғлиқ бошқа муаммоларга дуч келишлари исботланган. Йирик суммадаги маблағни ютқазиш инсон ҳузур-ҳаловатини йўқотишига олиб келади. Ўйинга берилиб кетганлар ётганида ҳам, турганида ҳам, ҳар доим пул тикиб ютиш ҳақида ўйлашади. Зарарли оқибатлари туфайли кўплаб мамлакатларда қимор ўйинларига қарамлик соғлиқни сақлаш соҳасининг муҳим муаммоларидан бири ҳисобланади.

Молиявий муаммолар. Инсон ўзига, яқинларига ва хайрли ишларга ажратиши керак бўлган маблағларни асоссиз тарзда йўқотади. Молиявий қийинчиликлар сабаб одамлар орасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар кўпаяди. Жумладан, Ўзбекистоннинг ўзида ҳам тотализаторга катта миқдорда маблағ ютқазиши ортидан ўнлаб инсонларнинг ўз жонига қасд қилиши кузатилди.

Осон пул топиш илинжида юрган инсонлар ҳам бу нарсадан пул топишнинг умуман иложи йўқлигини, ютганлар ҳам аслида мағлуб эканини тушунишлари лозим. Аммо онлайн қиморга муккасидан кетганлар сони Ўзбекистонда ҳам кун сайин кўпайиб боряпти. Бунга очиқ тарғибот ишлари ва уларга қарши чора кўрилмаётгани ҳам бевосита таъсир кўрсатмоқда.

Достон Аҳроров

Мавзуга оид