Жаҳон | 19:18 / 16.06.2023
42093
9 дақиқада ўқилади

«Қўшниларимиз очликда ҳалок бўлмоқда». Шимолий Кореяда яшовчиларнинг ноёб интервюси

Фото: BBC Russian

Шимолий кореялик кишилар BBC нашрига берган интервьюсида мамлакатдаги озиқ-овқат тақчиллиги ҳақида гапириб, вазият одамлар очликдан ўлишигача етганини айтган.

Экспертлар фикрича, дунёнинг энг иҳоталанган давлати аҳолисидан олинган ушбу эксклюзив интервю Шимолий Корея 1990-йиллардан бери энг ёмон аҳволга тушганидан далолат беради.

Корея халқ демократик республикаси (КХДР) аҳолиси вакилларининг сўзларига кўра, 2020 йилда ҳукумат чегараларни бутунлай ёпиб қўйган ва барча ҳаётий муҳим таъминотни тўхтатган. Шунингдек, улар ўз фуқароларининг ҳаёти устидан назоратни кучайтирган.

Расмий Пхенян BBC нашрига ўз фуқаролари манфаатларини биринчи ўринга қўйишини айтган.

Шимолий Кореяда ўз манбалар тармоғига эга бўлган Daily NK газетаси ёрдамида BBC уч нафар оддий шимолий кореяликдан яширинча интервю олишга муваффақ бўлган. Уларнинг айтишича, чегаралар ёпилганидан кейин улар ё очликдан ўлиш, ёки қонунни бузгани учун қатл этилишидан қўрқиб яшамоқда.

Шимолий Кореяда яшовчи одамлар фикрини эшитиш камдан кам кузатилувчи ҳолат.

КХДРдан қочганларга ёрдам кўрсатувчи «Шимолий Кореяга эркинлик» ташкилоти вакили Пак Сокилнинг сўзларига кўра, бу интервюлар «мамлакатда содир бўлаётган ҳалокатли фожиа» ҳақида гувоҳлик беради.

BBC билан суҳбатлашган пхенянлик аёл, ўз уйида очликдан ўлган уч кишилик оилани шахсан танишини айтган.

«Биз сув таклиф қилиш учун уларнинг эшигини тақиллатдик, лекин ҳеч ким жавоб бермади», дейди пхенянлик Жи Ён. Унинг сўзларига кўра, ҳукумат вакиллари квартирага кирганда унинг қўшнилари аллақачон ўлган бўлган.

Жи Ён — аёлнинг ҳақиқий исми эмас, унинг ва бошқа суҳбатлашган одамларнинг исмлари уларнинг хавфсизлиги учун ўзгартирилган.

Хитой чегараси яқинида яшовчи, Чанг Ҳо исмли шимолий кореялик қурувчининг айтишича, озиқ-овқат шунчалик тақчилки, унинг қишлоғида беш киши аллақачон очликдан ҳалок бўлган.

«Олдинлари мен ковиддан ўламан деб қўрқардим, лекин энди очликдан ўламан деб қўрқа бошладим», дейди у.

Шимолий Корея ҳеч қачон 26 миллионлик аҳолиси учун етарли миқдорда озиқ-овқат етиштира олмаган. Ҳукумат 2020 йил январ ойида чегараларни ёпгач, аҳоли Хитойдан ғалла, шунингдек, ҳосил етиштириш учун зарур бўлган ўғит ва техника импортини тўхтатди.

Ҳукумат тўсиқлар ўрнатиш орқали чегараларни мустаҳкамлаган. Айрим маълумотларга кўра, аскарларга чегарани кесиб ўтмоқчи бўлган ҳар қандай шахсни отиб ташлаш буюрилган. Шу тариқа, улар Шимолий Корея аҳолисининг аксарияти сотиб олувчи қора бозордаги озиқ-овқат контрабандасига амалда чек қўйган.

Мамлакат шимолидаги бозор сотувчиси Мёнг Сукнинг айтишича, унинг маҳаллий бозоридаги маҳсулотларнинг деярли тўртдан уч қисми Хитойдан келган, аммо ҳозир «ҳамма пештахталар бўш».

Сук ва чет элдан ноқонуний олиб кирилган маҳсулотларни сотиш ҳисобига кун кечирганларнинг барчаси даромадларининг катта қисмини йўқотган.

Мёнг Сукнинг айтишича, унинг оиласида ҳеч қачон бунчалик кам егулик бўлмаган ва охирги пайтларда одамлар жуда оч қолгани туфайли уларнинг эшигини тақиллатиб, овқат сўрашган.

Пхенянлик Жи Ёнгнинг ҳикоя қилишича, у уйида ўз жонига қасд қилган ёки кун кечира олмай ўлиш учун тоғларга кетган инсонлар ҳақида эшитган.

Ёнгнинг тан олишича, у болаларини зўрға овқатлантирмоқда. Бир марта у икки кун кетма-кет овқатланмаган ва уйқусида ўлиб қолишдан қўрққан.

1990-йиллар охирида Шимолий Кореяда уч миллионга яқин одам ҳалок бўлган катта очарчилик юз берган. Очлик ҳақидаги янги миш-мишлар, BBC интервюларида ҳам таъкидланганидек, мамлакат янги фалокат ёқасида экани ҳақидаги хавотирларни кучайтирмоқда.

«Ўрта синфнинг оддий вакиллари ўз қўшниларида очликни кўраётгани катта ташвиш уйғотади. Биз ҳали жамиятнинг кенг кўламли ҳалокати ёки оммавий тўйиб овқатланмаслик ҳақида гапирмаяпмиз, бироқ барибир аҳвол жиддий кўринади», дейди Шимолий Корея иқтисоди бўйича мутахассис Питер Уорд.

Шимолий Кореядаги инсон ҳуқуқлари бузилишини ҳужжатлаштирувчи NKDB ташкилоти директори Ханна Сон ҳам шундай фикрда.

«Сўнгги 10-15 йил ичида биз очарчилик хабарини гоҳ-гоҳида эшитдик. Аммо энди биз яна Шимолий Корея тарихидаги энг оғир даврларга қайтмоқдамиз», дейди Сон хоним.

Ҳатто, қишлоқ хўжалигини яхшилаш учун турли уринишлар амалга ошираётган КХДР етакчиси Ким Чен Иннинг ўзи ҳам вазият жиддийлигига ишора қилиб, «озиқ-овқат инқирози» ҳақида очиқ гапирди.

Аммо, у ўз ядро дастурига молиявий устуворлик беришда давом этмоқда. 2022 йилда 63 та баллистик ракета синови ўтказилди, бу КХДР учун рекорд кўрсаткич.

Баъзи ҳисоб-китобларга кўра, ушбу синовларнинг умумий қиймати 500 миллион доллардан ошади, бу Шимолий Кореянинг ҳар йилги ғалла танқислигини қоплаш учун керак бўладиган маблағдан кўпроқ.

Шимолий Кореяда пандемия вақтида олинган ноёб фотолардан бири
Фото: NK NEWS

BBC нашри билан суҳбатлашган инсонлар сўнгги уч йил ичида ҳукумат одамлар ҳаёти устидан назоратни кучайтиргани, жазо чоралари қаттиқлашгани ва янги қонунлар қабул қилингани ҳақида ҳам сўзлаб берган.

Жанубий Корея ҳукумати маълумотларига кўра, пандемиядан олдин ҳар йили мингдан ортиқ одам Ялу дарёси орқали Шимолий Кореядан Хитойга қочиб ўтган.

Шимоллик сотувчи Мёнг Сук журналистларга эндиликда қочиб ўтиш деярли имконсиз эканлигини айтган. «Ҳозир, ҳатто агар сиз бу дарёга яқинлашсангиз ҳам қаттиқ жазоланасиз, шунинг учун деярли ҳеч ким таваккал қилиб дарё орқали қочмайди», дейди у.

Қурувчи Чанг Ҳонинг сўзларига кўра, яқинда унинг дўстининг ўғли ёпиқ эшиклар ортидаги бир нечта қатлга гувоҳ бўлган. Ҳар бир қатлда мамлакатдан қочишга уринган уч-тўрт киши бирданига отиб ташланган.

«Ҳаёт кундан кунга оғирлашиб бормоқда. Биргина нотўғри ҳаракат ва сизни қатл этишлари мумкин. Биз бу ерда ўлимни кутиб яшамоқдамиз», дейди Ҳо.

Нашр Шимолий Корея ҳукуматидан олинган маълумотларга изоҳ беришни сўраган. Улар «ҳар доим, ҳатто энг оғир дамларда ҳам ўз халқи манфаатини биринчи ўринга қўйиши»ни айтган.

«Халқ фаровонлиги, синовлар ва қийинчиликларга қарамай, бизнинг устувор вазифамиздир», деган КХДРнинг Лондондаги элчихонаси матбуот котиби.

Шимолий Корея расмийлари, шунингдек, нашр маълумотлари «ҳақиқатга мутлақо тўғри келмаслиги»ни таъкидлаб, улар «Кореяга қарши кучлар фитнаси натижасида қўлга киритилган» дея даъво қилган.

Бироқ, «Шимолий Кореяга эркинлик» ташкилоти вакили Пак Сокилнинг сўзларига кўра, бу интервю бирданига «уч карра зарба» берадиган қийинчиликлардан далолат беради.

«Озиқ-овқат билан боғлиқ вазият ёмонлашган, инсонлар эркинлиги янада чекланган ва қочиш амалда имконсиз ишга айланган», дейди Парк Сокил. Унинг фикрича, буларнинг бари «Шимолий Корея ҳар қачонгидан ҳам репрессивлашгани» ҳақидаги назарияни тасдиқлайди.

Пхенянлик Жи Ёнгнинг айтишича, кузатув ва таҳдид шу қадар шафқатсизлашиб кетганки, одамлар бир-бирига ишонмай қолган. Унинг ўзи ҳам, 2020 йил декабр ойида қабул қилинган, хорижий филмлар, телекўрсатувлар ва қўшиқларни кўриш, тинглаш ва тарқатишни тақиқловчи янги қонун бўйича сўроққа чақирилган.

Хорижий маълумотларга киришни ёпиб қўйишга қаратилган «Реакцион мафкура ва маданиятни рад этиш тўғрисида»ги қонунга кўра, Жанубий Корея контентини тарқатишда гумонланиб қўлга олинган ҳар қандай шахс қатл этилиши мумкин.

2019 йилда мамлакатни тарк этган КХДР собиқ дипломати Рю Ҳёнг У Шимолий Корея ҳукуматининг ташқи таъсирга қарши кураши бу даражага етганидан ҳайратда қолганини тан олган.

«Ким Чен Ин аҳоли қандай вазиятда эканлигини ва Жанубий Кореянинг қанчалик бойлигини билиб қолса, ундан нафратланиб, исён кўтаришидан қўрқади», дея тушунтиради Рю Ҳёнг У.

BBC интервюси шуни кўрсатадики, сўнгги уч йил ичида баъзи шимолий кореяликларнинг ўз ҳукуматига содиқлиги камайган.

«Агар ковидгача одамлар Ким Чен Инга ижобий муносабатда бўлган бўлса, ҳозир деярли ҳамма ундан норози», дейди Мюнг Сук.

Мавзуга оид