Ўзбекистон | 16:39 / 01.07.2023
28074
2 дақиқада ўқилади

Чодакда канатга чиқиб дор йўлининг ярмида тўхтаб қолган фуқаро қутқариб олинди

Фото: Видеодан кадр

Тelegram-каналларда 30 июнь куни Наманган вилояти Поп тумани ҳудудида жойлашган Чодак дам олиш масканида қўлбола услубда қурилган канатга чиққан одам дор йўлининг ярмига бориб тўхтаб қолгани акс этган видеолар тарқалди.

Наманган вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси интернетда тарқалган видеоларнинг бирида дор йўлида осилиб турган одам осма канат ишчиси экани, у канатни мойлаётганда дам олиш масканига келганлар бу ҳолатни видеога олгани, дор йўли ҳар куни мойланишини маълум қилди.

Бошқарма ахборот хизматига кўра, Telegram-каналларда тарқалган иккинчи видеода эса уч нафар аёл осма канат ишчи ходимлари томонидан йўриқнома берилишига қарамасдан дор йўлига чиқишган пайтда ўзбошимчалик билан ҳар хил ҳаракатлар қилгани туфайли ўртада қолиб кетишган.

Таъкидланишича, бу икки ҳолат шу кеча-кундузда эмас, балки олдин юз берган бўлиб, бунинг оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган. 

“Ҳозирда ишчи гуруҳ томонидан белгиланган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни мухофаза қилувчи идораларга топширилди”, дейилади Наманган вилоят ФВБ ахборот хизматининг хабарида.

Аммо Telegram-каналларда шу йилнинг 21 июнь куни тарқалган яна бир видеода ҳам канатга чиққан одамлардан бири дор йўлининг ярмида қолиб кетгани кўринади. Бироқ вилоят ФВБ баёнотида ушбу ҳолат ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган.

Чодакдаги дам олиш масканида канат билан боғлиқ фавқулодда вазият биринчи марта содир бўлмаяпти. Ўтган йили дор йўлининг тросларидан бири узилиб кетгани сабаб ичида одамлар бўлган қўлбола “кабина” ярим йўлда қолиб кетганди. Ўшанда ҳам вазиятни ўрганган ФВБ муаммо тезкорлик билан бартараф этилгани, ҳеч қандай кўнгилсиз ҳодиса юз бермаганини билдирганди.

Мавзуга оид