Жаҳон | 22:20 / 15.07.2023
6867
1 дақиқада ўқилади

Россияда тарғиботчи Симонянга суиқасднинг олди олингани айтилди

Тарғиботчи Маргарита Симонян ва телебошловчи Ксения Собчакка «суиқасд уюштиришга уринганлар» қўлга олинган.

Ксения Собчак ва Маргарита Симонян Фото: tvcenter.ru

Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) ва Тергов қўмитаси ходимлари тарғиботчи Маргарита Симонян ва телебошловчи Ксения Собчак ўлдирилишига тайёргарликнинг олди олингани ҳақида хабар берди. Эҳтимолий суиқасд Украина махсус хизматлари томонидан уюштирилгани даъво қилинмоқда.

ФХХ маълумотларига кўра, бу иш бўйича Москва ва Рязан вилоятида Симонян ва Собчакни кузатиб борган «Параграф-88» гуруҳи аъзолари қўлга олинган. Улардан Калашников автоматлари, патронлар, резина таёқлар, пичоқлар ва кишанлар олиб қўйилган.

ФХХ таъкидлашича, қўлга олинганлар «ҳар бир қотиллик учун 1,5 миллион рубль мукофот» эвазига «Украина хавфсизлик хизмати буюртмаси» бўйича ҳаракат қилганини аллақачон тан олишган.

2022 йил апрель ойида ФХХ Владимир Соловёв ва бошқа бир қанча тарғиботчиларга суиқасднинг олди олинганини эълон қилган эди. Кейинчалик қотилликни режалаштиришда гумон қилинган олти нафар шахс ҳибсга олинди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид