Жаҳон | 09:09 / 20.07.2023
9204
3 дақиқада ўқилади

Россия спорт вазири Исинбаеванинг «қоғоздаги» унвон ҳақидаги сўзларини қоралади

Испания матбуоти Россия армиясининг майор унвонига эга россиялик спортчи Тенерифе оролига яшаш учун кўчиб ўтгани ҳақида хабар берди. Бунга жавобан Исинбаева ҳарбий унвони «қоғозда» эканлигини айтди.

Елена Исинбаева

Россия спорт вазири Олег Матицин россиялик спортчи Елена Исинбаевани унинг Россия қуролли кучларидаги майор унвони фақат «қоғозда» экани ҳақида айтган гаплари учун танқид қилди. «Ҳарбий унвонга ва мамлакатда содир бўлаётган воқеаларга бундай муносабатда бўлиш мумкин эмас. Жамоатчилик олдида ошкора қоралашга ҳожат йўқ, лекин ўз ватанини севган ҳар бир фуқаро бундай гапларга салбий муносабатда бўлади», - деди Матицин 19 июль, чоршанба куни.

Лангарчўпга таяниб сакраш бўйича икки карра Олимпия чемпиони Елена Исинбаева ЦСКА армия спорт клуби аъзоси эди. 2015 йилда Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу унга майор унвонини берди. ОАВ хабарларига кўра, ўша йили Исинбаева Россия армиясида хизмат қилиш учун беш йиллик шартнома тузган ва ЦСКАда енгил атлетика бўйича инструктор этиб тайинланган. 

17 июль куни «Вконтакте» ижтимоий тармоғида спортчи ўзининг шахси ахборот майдонида кенг муҳокама қилинганига муносабат билдирди ва у «спорт ютуқлари учун юқори мукофотлар ва унвонлар» билан тақдирланганини, «ҳозир гапирилаётган унвонлар эса фақат қоғозда қолиб кетганини, у ҳеч қачон Россия қуролли кучларида хизмат қилмаганини» маълум қилди.

Испаниянинг El Digital Sur нашри 14 июль куни унинг Канардаги Тенерифе ороли жанубида жойлашган «ҳашаматли мажмуа»да доимий истиқомат қилаётгани ҳақида хабар тарқатганидан сўнг Исинбаевага оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда қизиқиш кучайди. Алексей Навалний жамоасига кўра, мулкни Исинбаева 2022 йил бошида сотиб олган. Бунга жавобан спортчи ўзини «дунё одами» эканлигини ва «ишлаётган жойда яшашини» айтди. 

Испания нашри, шунингдек, Исинбаеванинг Россияда амалдаги тузумни қўллаб-қувватлашга қаратилган сиёсий ва ижтимоий фаолияти, хусусан, унинг 2015 йилда ташкил этилган «Юнармия» ҳаракатидаги фаолияти, унда болалар «қурол билан муомала қилиш, юриш, маҳбусларни сўроқ қилиш ва ватанни севиш» ҳақида ўқитилиши тўғрисида ҳам батафсил тўхталиб ўтди. Бундан ташқари, газета спортчининг Россия Конституциясига Владимир Путинга «ҳокимиятда чексиз қолиш» имконини берган ўзгартиришлар тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳдаги иштирокини эслатиб ўтди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид