Жаҳон | 10:21 / 30.07.2023
37724
4 дақиқада ўқилади

«Москва-Сити»га дронлар ҳужум қилди. Бу ҳақда нималар маълум?

Якшанбага ўтар кечаси учиб келган дрон «Москва-Сити» бизнес марказидаги биноларга зарар етказди. РФ мудофаа вазирлиги хабарига кўра, яна бир дрон Москва областининг Одинцово районида уриб туширилган. Бу май ойи бошидан буён Москвага тўртинчи бор дронлар орқали ҳужум қилиниши бўлди.

Фото: ТАСС

«Бугун тунда украин дронлари ҳужуми амалга оширилди. Ситидаги офис минораларнинг иккитасининг фасади шикастланган. Қурбонлар ва жабрланганлар йўқ», — дейилган Москва мэри Сергей Собяниннинг телеграм-каналида якшанба куни соат беш яримларда берилган хабарда.

Ҳужум оқибатида Россиянинг учта вазирлиги офислари ҳамда турар жой апартаментлари жойлашгани тахмин қилинаётган 50 қаватли «IQ-квартал» биносининг бешинчи ва олтинчи қаватлари ҳудудларида шикастланиш қайд этилган.

«Осторожно, новости» телеграм-каналида портлаш оқибатида Рақамли тараққиёт вазирлиги ҳужжатлари сочилиб кетгани акс этган видео намойиш этилган.

«Око-2» минорасида биринчи қаватдан тўртинчи қаватгача ойналар синган.

«Око-2»нинг шикастланган биноси атрофидаги фавқулодда хизматлар ходимлари
Фото: Alexander Nemenov / AFP / Scanpix / LETA

Айрим маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида икки киши жароҳатланган, аммо бу маълумот расмий тасдиқланмаган.

Mash телеграм-канали маълумотига кўра, Москвага ҳужум қилган дронлардан биринчиси соат 3:20 да қулаган. Худди шу вақтда Москва областининг Одинцово районида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишга тушгани ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлаганди.

Тахминан соат 4:10 атрофида иккинчи портлаш ҳақида хабар берилди — бу «Око-2» минорасида.

Россия мудофаа вазирлиги баёнотига кўра, украинларнинг дронларидан биттаси Москва области ҳудудида ҳавода йўқ қилинган, «яна икки дрон радиоэлектрон кураш воситалари томонидан нишондан оғдирилган ва бошқарувни йўқотиб, „Москва-Сити“ комплексидаги бинолар ҳудудида қулаган».

Ҳужум оқибатида шикастланган «IQ-квартал» минораси. Фото: Getty Images

Украина ҳужум учун жавобгарликни зиммасига олмади.

ТАСС маълумотига кўра, бу ҳужумдан кейин пойтахтдаги Внуково аэропортининг учиш ва қўниш йўлаклари маълум вақтга ёпилган, Москва шаҳри ва шаҳар атрофида ҳаво кенгликларида парвозлар тўхтатилган.

Бундан ташқари, «Москва-Сити» ҳудудида, Тестовская кўчасида автомобиллар ҳаракати тўхтатилган.

Фото: Getty Images

Тўртинчи ҳужум

Бу май ойи бошидан буён Москвага қилинган тўртинчи ҳужум бўлди. Навбатдаги ҳужум Оленивкадаги колонияда тутиб турилган ўнлаб украин ҳарбий асирлар ҳалок бўлганига бир йил тўлган куннинг эртасига амалга оширилди.

Дронларнинг олдинги ҳужуми 24 июлга тўғри келганди. Ўшанда ҳам Москвадаги нотурар жой биноларига зарбалар йўлланганди. Дронлардан бири Россия мудофаа вазирлиги бинолари яқинида қулаган.

Ўшанда ҳам вазирлик дронлар радиоэлектрон кураш воситалари томонидан «бостирилгани» ва ҳалокатга учраганини билдирганди.

Мудофаа вазирлиги дронлар нима учун шаҳарга киришдан олдин эмас, фақат Москва осмонида ҳаракатлана бошлаганидан кейингина курсдан оғдирилгани бўйича аниқлик киритмаган. Май ойи охири ва июл ойи бошида дронлар Россия пойтахтига киришда ишдан чиқарилганди.

BBC ҳарбий шарҳловчиси Иля Абишев ўшанда радиоэлектрон кураш воситалари дронларга қарши муваффақиятли ишлаганини мустақил манба орқали тасдиқлашнинг ҳам, рад этишнинг ҳам имкони йўқлигини таъкидлаганди. У бу дронлар билан ҳам ўқ-дори олиб юрувчи барча дронлар парвози охирги босқичида рўй берадиган одатий ҳолат такрорлангани — улар ҳам портлаганини қайд этганди.

Мудофаа вазирлиги баёнотига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари улар билан барча мавжуд воситалар - ўқотар қуроллар ҳам қўлланадиган паллада жангга киришган. Радиоэлектрон кураш тизимлари қилиши мумкин бўлган максимум иш — муайян объектга қараб ҳаракатланувчи дронларнинг радио-  ёки оптикэлектрон йўналтириш тизимларини ўчириб қўйишдир. Шунда ҳам дронлар нишонга олдиндан белгиланган координаталар бўйича бормасдан, шундай тизимлардан фойдаланган тақдирда. Радиоэлектрон кураш тизими камикадзе дронлар портлашининг олдини олишга кучсизлик қилади.

Мавзуга оид