Сурхондарёда ЙПХ инспекторларини тарвуз ўғирлашда асоссиз айблаган шахс 5 суткага қамалди
Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида ЙПХ инспекторларини тарвуз ўғирлашда айбланган фуқаро беш суткага қамалди. Бу ҳақда «Бу кун» информацион дастурида маълум қилинди.
Бир неча кун олдин ижтимоий тармоқларда Қумқўрғон туманида ЙПХ инспекторлари тарвуз ўғирлагани айтилган видео тарқалганди. Вилоят ЙҲХБ ҳолатга муносабат билдириб, воқеа аслида бошқача бўлганини маълум қилган.
Унга кўра, видеодаги ҳолат «Боймоқли» маҳалласи ҳудудида хизмат олиб бораётган йўл патрул хизмати инспекторлари ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этиб ИИО ходимларининг қонуний талабини бажаришдан бўйин товлаб, ўзининг танишлари билан ходимларга нисбатан қаршилик кўрсатаётган бир гуруҳ фуқаролар ўртасида содир бўлган.
Ҳолатга алоқаси бўлмаса-да шу атрофда турганлардан бири ходимларни тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга тарқатган.
Тегишли суриштирув ишлари амалга оширилганда фуқаро ўзига тегишли Labo юкхонасида тарвузларнинг бир нечтаси камайгани ва шу атрофда ЙПХ ходимлари тургани учун уларни ўғирликда айблаганини айтган.
Ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар Жиноят ишлари бўйича Қумқўрғон судига жўнатилган.
«Бу даражада бўлади деб ўйламагандим. Телефонимда бўлган [видео], гуруҳдагилар уни ижтимоий тармоқларга тарқатган», дейди айбланувчи.
Айбланувчи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 195-моддаси (ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) 1-қисми билан айбли деб топилиб, унга нисбатан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.