Жаҳон | 09:03 / 02.08.2023
4134
2 дақиқада ўқилади

Исландия Москвадаги элчихонаси фаолиятини тўхтатди

Исландия Москвадаги дипломатик ваколатхонаси ишини «музлатган» биринчи Европа Иттифоқи давлати бўлди. Шу билан бирга, Рейкявик Украинадаги иштирокини кенгайтирмоқда.

Фото: ТАСС

Исландия 1 август, сешанба куни июнь ойида эълон қилинган қарорга мувофиқ, Москвадаги дипломатик ваколатхонаси ишини «музлатиб қўйди», дейилади мамлакат ҳукумати сайтида. «Айни дамда Россия билан савдо, маданий ёки сиёсий алоқалар рекорд даражада паст. Шу боис элчихона фаолиятини сақлаб қолишни энди оқлаб бўлмайди», деб тушунтирди мамлакат ТИВ.

Шу билан бирга, Исландия элчихона фаолиятини тўхтатиш қарори дипломатик муносабатларни узиш эмаслигини ва «шароитлар имкон яратиши билан» Москвадаги элчихона фаолиятини қайта тиклашга биринчи ўринда эътибор қаратиши ҳақида бир неча бор таъкидлаган.

Шу билан бирга, сешанба куни Исландия Украинада ўзининг дипломатик ваколатхонасини кенгайтиришини эълон қилди, унинг бу мамлакатда ўз элчихонаси йўқ. Ҳукумат сайтидаги баёнотга кўра, Литванинг Украинадаги элчихонаси Исландия дипломатлари ва мамлакатнинг бошқа вакилларига ўз биноларининг бир қисмидан фойдаланишга рухсат беради. 

«Литва Исландиянинг халқаро майдондаги энг яқин дўстларидан бири. Бу ҳамкорликни таклиф қилгани биз учун шараф. Биз Украина билан муносабатларимиз яқин келажакда мустаҳкамланишини кутамиз», - деди ташқи ишлар вазири Тордис Гюльфадоттир. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид