Жаҳон | 10:31 / 19.08.2023
8576
3 дақиқада ўқилади

Австрия собиқ канцлери Курц ёлғон гувоҳлик берганликда айбланмоқда 

Прокуратура маълумотларига кўра, 2020 йилда Себастян Курц парламент қўмитасидаги сўроқ пайтида ёлғон гапириб, ÖBAG давлат ҳолдинги раҳбарини тайинлаш жараёнига аралашганини рад этган. 

Фото: Dursun Aydemir/Anadolu/Bloomberg

Австрия собиқ канцлери Себастян Курц ёлғон гувоҳлик берганликда айбланмоқда. 36 ёшли собиқ сиёсатчи Австриянинг ÖBAG давлат ҳолдинги раҳбарини тайинлаш жараёни билан боғлиқ ёлғон маълумотларни тақдим этган бўлиши мумкин, деб хабар қилди 18 август, жума куни Венада иқтисодиёт ва коррупция бўйича прокуратура (WKStA). 

Тергов маълумотларига кўра, Курц 2020 йилда парламент қўмитаси томонидан сўроқ пайтида ўзининг ишончли одами Томас Шмидни ÖBAG раҳбари этиб тайинлашдаги роли ҳақидаги саволга жавоб бериб, ёлғон гапирган. Австрия канцлери ўзининг бу жараёнга аралашуви эҳтимолини рад этган, бироқ унга қарши тергов гумонлари 2021 йил баҳорида Курц ва Шмид ўртасидаги электрон ёзишмаларда тасдиқланди. 

Курц айбини рад этяпти 

Курцнинг ўзи айбини рад этяпти. 18 август куни X микроблоглар тармоғида (собиқ Twitter) у ўзига қўйилган айбловлар ёлғон эканини ёзди ва улар судда рад этилишига умид билдирди. Австрия канцлери Карл Нехаммер прокуратуранинг айблов эълон қилиш қарорини олқишлади. Бу ҳақиқатни аниқлаш имконини берди, деди у Залцбургда Германия канцлери Олаф Шолц билан учрашувида. 

Суд жараёни 18 октябрь куни Вена жиноий судида бошланади. Агар Курц айбдор деб топилса, унга уч йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин. Бу Австрия собиқ канцлерига қўйилган биринчи айбдир. Ҳозирда Курцга нисбатан бошқа бир қатор тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Хусусан, Курц ва унинг атрофидагилар 2016 йилдан 2018 йилгача ўзи ва партияси ҳақида ижобий мақолалар чоп этиш, шунингдек, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш мақсадида Австриянинг Österreich газетасига пора берганликда гумон қилинмоқда. 

Австриянинг энг ёш канцлери 

Себастян Курц илк бор 2017 йил декабрида 31 ёшида Австрия канцлери этиб сайланган ва Австрия вазирлар маҳкамасининг энг ёш раҳбари бўлган эди. 2019 йил май ойида «Ибицагейт» можароси фонида унинг ҳукуматига нисбатан ишончсизлик вотуми қабул қилинди. Ўшанда Курц канцлер лавозимидан истеъфога чиқди, лекин уни яна муддатидан олдин парламент сайловлари асосида эгаллади. 2021 йил октябр ойида коррупцияга оид турли айбловлар натижасида у яна истеъфога чиқишга мажбур бўлди ва ўша йилнинг декабрида Курц сиёсатдан бутунлай кетишини эълон қилди. 

Сиёсатдаги ўн йиллик фаолияти давомида у ҳам бошқалар қатори хатога йўл қўйганини тан олиб, Курц ҳамиша қўлидан келганини қилишга ҳаракатда бўлганини айтди. Бироқ, охирги пайтларда, деб тан олди собиқ канцлер, унинг сиёсатга бўлган иштиёқи пасайди - бу асосан унга қарши қўйилган айбловлар ва суд жараёнлари билан боғлиқ. Курц ўзига қўйилган айбловларни рад этишга ваъда берди. 

Мавзуга оид