Жаҳон | 18:59 / 20.08.2023
32898
5 дақиқада ўқилади

Россиянинг «Луна-25» станцияси Ойга бориб урилиб, сочилиб кетди

Россия ўзининг замонавий тарихидаги илк ой миссиясини бажара олмади. «Луна-25» станцияси Ернинг табиий йўлдошига қулаб тушган. «Луна-25» билан алоқа 19 август куни Москва вақти билан соат 15:00 лар атрофида йўқолган. Шу вақтгача аппаратни топиш ва у билан алоқани тиклашнинг имкони бўлмаган.

Фото: «Роскосмос»

«Луна-25» сайёралараро автоматик станцияси Ой юзаси билан тўқнашув оқибатида «ўз мавжудлигини йўқотди», деб хабар берди «Роскосмос»дагилар 20 август куни — бу Ой миссияси бошланганидан 10-кунида рўй берди. Давлат корпорациясидагилар маълум қилишича, 19 август куни қўнишдан олдинги орбитага ўтиш чоғида «фавқулодда вазият» рўй берган. Кейинги куни «Роскосмос» аниқлик киритиб, аппарат билан алоқа йўқолганини билдирди. Корпорация мутахассислари алоқа ўрнатиш ва станцияни топишга муваффақ бўлмаган. Улар аппарат «режадан ташқари орбита»га чиқиб, Ернинг табиий йўлдоши юзасига қулаган, деб ҳисобламоқда.

«Луна-25»нинг учирилиши замонавий Россия тарихидаги биринчи ой миссияси бўлганди. Станция 11 август куни Амур областидаги «Восточный» космодромидан космосга кўтарилишни бошлаганди. У ойга 21 август куни қўниши режалаштирилганди. Бундан олдинги станция — «Луна-24» — 1976 йилда советлар томонидан учирилганди. Режага кўра, Россия аппарати Ойга юмшоқ қўниши ва кейин табиий йўлдошнинг жанубий қутб минтақасида тадқиқотлар ўтказиши ва ресурсларни, жумладан сув бор ёки йўқлигини текшириши керак эди.

Станция учирилишидан олдин Хабаровск ўлкасида Шахтинский посёлкаси аҳолиси эвакуация қилинганди. Эвакуация «Луна-25»ни коинотга олиб чиққан «Союз-2. 1б» ракета ташувчисининг биринчи поғонаси қулаши хавфи туфайли ўтказилганди. Кейинроқ маҳаллий аҳолига ўз уйларига қайтишга рухсат берилди. Ракета ташувчи парчалари посёлкадан 28 километр масофадан топилди.

Миссия давомида россияликлар станцияси бир неча тасвирларни, жумладан Ойнинг нариги томонининг жанубий қутб ҳудудидаги Зееман кратери фотосурати ҳамда илмий маълумотларни юборишга улгурди. Хусусан, «Луна-25» асбоблари Ой юзасига микрометеорит келиб урилишини қайд этишган.

Ойнинг нариги томонидаги Зееман кратерининг фотосурати. «Луна-25» станцияси бу тасвирни 17 август куни, коинотга чиқарилганидан олти кун ўтиб олган. Фото: «Роскосмос»

«Луна-25» Ҳиндистоннинг «Чандраян-3» миссиясидан ўзиб кетиб, Ойнинг жанубий қутбига борган илк станция бўлиши мумкин эди. Ҳиндистон ўзининг учинчи аппаратини 14 июл куни учирганди. Миссия доирасида у ҳам Ер табиий йўлдошининг жанубий қутбини ўрганиши кўзда тутилганди. 19 август куни Ҳиндистон космик тадқиқотлар ташкилоти (ISRO) «Чандраян-3»нинг «Викрам» номли қўниш модули ой атрофидаги орбитада баландликни пасайтириш бўйича сўнгги манёврни амалга оширгани ва қўнишга тайёргарлик кўришни бошлаганини хабар қилди. Қўниш 23 август куни амалга ошиши кутилмоқда. Муваффақият қозонилган тақдирда, Ҳиндистон Ойга аппаратини қўндиришга эришган СССР, АҚШ ва Хитойдан кейинги тўртинчи давлат бўлади. The New York Times газетаси қайд этишича, ҳиндларнинг Россия ой миссиясининг муваффақиятсизлигидан кейинги муваффақияти «Россиянинг космосдаги ютуқларидан ўз ҳокимиятини тасдиқлашнинг ажралмас қисми сифатида фойдаланадиган РФ президенти Владимир Путин учун зарба бўлади».

«Союз-2. 1б» ракета ташувчиси «Луна-25» автоматик космик станцияси билан Амур областидаги «Восточный» космодромидан учирилиши. 2023 йил 11 август

«Луна-25»ни учириш лойиҳаси 1997 йилда бошланган, кейин маблағ етишмаслиги, авария ва санкциялар туфайли бу иш ортга сурилиб келган. Хусусан, миссияда «Роскосмос» билан бирга Европа космик агентлиги ҳам қатнашиши режалаштирилганди, аммо ташкилот РФ қўшинларининг Украинага босқинидан кейин Россия билан ҳамкорлигини тўхтатди. Янги санкциялар туфайли «Луна-25» кейинги «Луна-27» станциясининг «ақлли қўниши»ни машқ қилиши учун зарур бўлган Европанинг Pilot-D навигация камерасидан ҳам маҳрум бўлди. «Роскосмос» стратегик режалаштириш бошқармаси бошлиғи Юрий Макаров 2014 йил октябрида «Луна-25» миссияси нархи «ўнлаб миллиард рубл»га баҳоланишини айтганди. Шу билан бирга, «Роскосмос» раҳбарияти миссияни тайёрлаш жараёнида коррупцияда айбланган.

Мавзуга оид