Роналдуга яна бир шерик ва Мбаппенинг якуний қарори. Сўнгги трансфер хабарлари
Серхио Рамос Туркиядан таклифни рад этди, «ПСЖ» яна бир ҳужумчи трансферини ҳал қилди.
Мбаппе «ПСЖ»ни текинга тарк этмайди
Килиан Мбаппе кутилмаганда «ПСЖ» билан ярашиб олди. The Times хабарига кўра, 24 ёшли форвард ва клуб оғзаки келишувга эришган, унга кўра француз футболчиси ёки шартномасини яна бир йилга узайтиради (унинг ҳозирги шартномасида шундай опция бор), ёки Париждан фақат пул эвазига кетиши учун янада узоқ муддатли шартнома тузади.
Агар бу икки ҳолат ҳам бўлмаса, футболчи жорий мавсум охирида содиқлик учун 100 миллион евро миқдоридаги бонусдан қуруқ қолади.
Нашрнинг қайд этишича, 24 ёшли ҳужумчи «ПСЖ» президенти Носир Ал-Ҳилайфийга янги бош мураббий Луис Энрике қўл остида чин дилдан ишлашга тайёрлиги, шунингдек Париж клубига Чемпионлар лигаси ғолиблигини олиб беришни мақсад қилганини айтган.
Журналист Бруно Саломон эса футболчи «ПСЖ»нинг «Ланс»га қарши 26 август куни бўлиб ўтадиган ўйинидан кейин ўз келажаги бўйича якуний қарорини маълум қилади.
Роналду учун яна бир топ-жамоадош
«Ан-Наср» яна бир топ даражадаги футболчини сотиб олди. «Порту» яримҳимоячиси Отавио ҳам Саудия клубига келди. Трансфер қиймати 60 млн еврони ташкил этган, қўшимча бонуслар ҳам кўзда тутилган. Томонлар 2026 йил июн ойи охирига қадар амал қилувчи шартнома имзолаган. Отавио 7 йилдан буён «Порту» сафида тўп суриб келаётганди. Ўтган мавсумда у барча турнирлар доирасида 44 ўйинда қатнашиб, етти гол урган ва тўққиз голга узатма берган.
«Рома» Лукакуни кутмоқда
The Telegraph маълумотига кўра, Ромелу Лукаку ҳозирда «Челси»нинг ёшлар жамоасида шуғулланмоқда. Бу орқали кўклар жамоаси штаби ушбу 30 ёшли форвард янги мавсум учун режалардан ўрин олмагани ва уни ёзги трансферлар ойнаси ёпилгунича сотиш мақсад қилинганини билдиришмоқда. Унга қизиқаётган клуб ҳам бор — TMW хабарига кўра, шу кунларда Римдан Лондонга делегация учиб келган.
Tuttomercatoweb манбаси аниқлик киритишича, «Рома» клуби бош директори Лина Сулуку 22 август куни Лондонга келган, унинг мақсади Ромелу Лукакуни ижарага олиш бўйича музокаралар ўтказиш. Римликларни фақат ижара варианти қизиқтирмоқда, шунда ҳам унинг маошининг фақат бир қисмини тўлашга рози. «Челси» мутлақо кераксиз бўлиб қолган белгиялик ҳужумчи учун бундай шартларга рози бўладими, буни кузгача билиб оламиз.
Агар Фабрицио Романога ишонилса, «Рома»да «Аталанта»дан Дуван Сапатани харид қилиш варианти ҳам бор. Бу трансфер бўйича музокаралар якуний босқичда экани айтилмоқда. Трансфер қиймати — 10 млн евро ва бонуслардан иборат бўлиши мумкин. 32 ёшли колумбиялик ҳужумчининг ўзига қандай шартнома таклиф этилаётгани ҳозирча номаълум.
Маълумот учун, «Рома»нинг асосий ҳужумчилари Тэмми Абраҳам ва Пауло Дибала жароҳат туфайли ўйнай олмаяпти. Абраҳам А Сериянинг ўтган мавсумининг охирги турида хочсимон пайларини шикастлаб олганди ва ноябрдан олдин майдонга қайта олмайди. Дибала ҳам ўзини яхши ҳис қилмаяпти ва мавсум стартини ўтказиб юбормоқда.
«Манчестер Сити»да яна бир белгиялик бўлади
Лукас Пакетанинг трансферида муваффақиятсизликка учраган «Сити» тезда эътиборини янги нишонга қаратди. Фабрицио Романонинг тасдиқлашича, клуб «Ренн» вакиллари билан оғзаки келишувга эришган ва Жереми Докуни 60 млн еврога харид қилишга яқин, бу маблағ бир неча транш орқали ўтказиб берилади.
Белгия миллий жамоаси аъзоси бўлган 21 ёшли вингернинг ўзи эса август ойи бошидаёқ инглизлар клубига ўтишга розилик берган ва яқин вақтлар ичида у тиббий кўрикдан ўтади. Шаҳарликлар уни шу ёзда «Ал-Аҳли»га ўтиб кетган Риёз Маҳрезнинг ўрнига олишмоқчи.
«Бешиктош» афсонавий ҳимоячи билан келиша олмади
Серхио Рамос ҳозирча фаолиятини якунлаш учун клуб танламоқда. «Бешиктош» расмий сайтида клуб испаниялик футболчи билан музокаралар ўтказгани, аммо томонлар маош миқдори бўйича келиша олмагани хабар қилинди. Аввалроқ «Бешиктош» вице-президенти Эмре Хўжадоғ 37 ёшли испаниялик йилига камида 10 млн евро миқдорида маош олишни истаётганини айтганди. Аммо Серхиода фаолиятини Туркия лигасида давом эттириш имконияти сақланиб қолмоқда. Истанбулнинг «Галатасарой» клуби ҳам унинг хизматларига қизиқиш билдирган.
«Юве» афсонаси Бундеслигага йўл оладими?
Фабрицио Романонинг хабар беришича, «Ювентус» ҳимоячиси Леонардо Бонуччи Берлиннинг «Унион» клуби сафига қўшилиши мумкин. Томонлар ўртасида музокаралар олиб борилмоқда, 36 ёшли италияликнинг ўзи кучини янги чемпионатда синаб кўришга қарши эмас. Аввалроқ «Ювентус» ҳам Бонуччини сотишга қарши эмаслиги хабар қилинганди. Леонардо туринликлар сафида 502 ўйин ўтказган, у фаолиятининг 12 йилини ушбу клубга бағишлаган.
«Унион» эса янги мавсумда Чемпионлар лигасида иштирок этади. Берлинликлар бундан аввалроқ ҳам А Сериядан футболчи олганди, «Интер»нинг германиялик ҳимоячиси Робин Госенс ушбу клубга келиб қўшилганди.
«Мессининг тан соқчиси» Саудия Арабистони вариантидан воз кечди
Саудиянинг «Ал-Аҳли» клуби «Атлетико»нинг аргентиналик яримҳимоячиси Родриго Де Паулни трансфер қилишни хоҳлаганди. Аммо 29 ёшли футболчи жамоа бош мураббийи Диего Симеоне билан суҳбатдан кейин Мадридда қолишга қарор қилган. Фабрицио Романо хабарига кўра, «Ал-Аҳли» Де Паул учун 32 млн евро таклиф қилганди. Аввалроқ бу клуб «Наполи»дан Петр Зелинскийни трансфер қилишда муваффақиятсизликка учраганди. Мессининг энг яқин дўстларидан бири ҳам Европани тарк этмоқчи эмаслигини билдирди. Унинг мадридликлар билан амалдаги шартномаси 2026 йил ёзига қадар тузилган.
«Милан» Аргентинадан янги ҳимоячи топди
Италия гранди янги футболчи олишда давом этмоқда. Янги харид – «Платенсе» ҳимоячиси Марко Пеллегрино бўлди, Жанлука Ди Марцио маълумотига кўра, «Милан» унинг трансфери учун 5,5 млн евро тўлаган. Аргентиналик футболчи янги клуби билан беш йиллик шартнома тузган ва 31-рақамли футболкани олган. Бу футболчи шу вақтга қадар мухлисларга таниш эмасди, шунинг учун унинг Европанинг номдор клубларидан бирига ўтиши кутилмаган ҳол бўлди.
Феликс ва «Барселона»
Бу ёзда каталонлар клубига муҳаббат изҳор этган Жоау Феликс яқин вақтлар ичида «блаугранлар» сафида пайдо бўлиши даргумон. Marca маълумотига кўра, Хави жамоа ҳужум чизиғи тўлдирилган деб ҳисоблайди ва Феликсни жамоага олиб келишдан маъно кўрмаяпти. Аммо Испаниядаги бошқа манбаларга кўра, 23 ёшли ҳужумчида «Барселона»га ўтиш имконияти сақланиб қолмоқда: гўёки клуб президенти Лапорта ушбу португалиялик футболчи трансферига шахсан қизиқиш билдирмоқда ва уни трансферлар ойнасининг сўнгги кунида олиб келмоқчи.
«ПСЖ» Коло-Муани билан келишувга эришди
Рандал Коло-Муани фаолиятини «ПСЖ»да давом эттиришга яқин, деб ёзади RMC Sport. Париж клуби ҳужумчи учун «Айнтрахт»га бонуслар билан 70 млн евролик таклиф юбормоқчи. Қайд этилишича, Лига 1 чемпиони футболчи билан келишиб олган. Энди клублар ўртасидаги трансфер масаласи ҳал қилиниши керак.
Бироқ Франкфурт клуби ўтган ёзда «Нант»дан текинга қўшиб олинган 24 ёшли французни 80-90 млн евродан камига сотмоқчи эмас. Аввалроқ «ПСЖ» 65 млн евролик таклифга рад жавобини олганди.
Маьлумот учун, Коло-Муани янги мавсумда Бундеслига 1-туридан ўрин олган «Дармштадт»га (1:0) қарши баҳсда ғалаба голига муаллифлик қилди.
«Интер» ва «Бавария» Бенжамен Павар трансфери бўйича келишувга эришди
Франция миллий жамоаси сафида жаҳон чемпиони бўлган футболчи анчадан буён Мюнхендан кетишга ҳаракат қилмоқда. Ва ниҳоят у ўз мақсадига эришишга жуда яқин келди. Фабрицио Романо маълумотига кўра, «Интер» уни 30 млн еврога трансфер қилиш бўйича «Бавария» билан келишувга эришган, яна 2–3 млн евро миқдорида бонуслар кўзда тутилган. Немислар клуби 27 ёшли ҳимоячига ўринбосар топиши билан бу трансферга розилик беришга тайёр.
«Атлетико» бир ҳафта олдин ўзига гол урган ҳужумчини сафига қўшиб олди
19 ёшли Самуэл Омородион 14 август куни, Испания чемпионатининг 1-турида «Гранада» сафида «Атлетико» дарвозасини ишғол этганди. Энди эса унинг ўзи Мадрид жамоаси учун ўйнайди. Клуб футболчининг шартномасида кўрсатилган бадал пулини тўлаган ва у билан 2028 йилга қадар амал қилувчи шартнома имзолаган.
«Челси» Америкадан дарвозабон топди
Лондон клуби МЛС чемпионатида иштирок этувчи «Ню-Инглэнд Революшн» клуби дарвозабони Жорже Петровични сафига қўшиь олди. Кепа «Реал»га ижарага берилгач, «Челси»да биргина тажрибали дарвозабон, шу ёзда «Брайтон»дан сотиб олинган Санчес қолганди, ўтган мавсумдаги асосий дарвозабон Эдуар Менди Саудия Арабистонига йўл олган. Петровичнинг трансфери лондонликларга 16 млн еврога тушди. Петровични ўтган мавсумда МЛСда энг яхши иккинчи дарвозабон деб топишганди. У шунингдек Сербия миллий жамоасига номзод ҳисобланади.
«МЮ» Онанага ўринбосар топдими?
Инсайдер Фабрицио Романонинг ёзишича, «Фенербаҳче» дарвозабони Алтай Байиндир «Манчестер Юнайтед»га ўтишдан олдин тиббий кўрикдан ўтди. Ушбу футболчи Афинадан Истанбулга қайтган, кейин Англияга учган. «Фенербаҳче» эса Байиндир ўрнига хорватиялик Доминик Ливаковични олиб келади. У ҳам турклар клуби учун тиббий кўрикдан ўтиши кутилмоқда.
Мавзуга оид
14:26 / 17.10.2024
Мбаппе жинсий зўравонликда гумонланмоқда
14:17 / 06.09.2024
Трансфер ойнаси сарҳисоби: Топ-15 клубларнинг ёзги кампанияси рейтинги
10:26 / 02.09.2024
Мбаппе «Реал»да илк голларини урди, «Ливерпул» «МЮ»ни яксон этди
18:33 / 30.08.2024