Германия Leopard 2 ворисини ишлаб чиқиш бўйича янги лойиҳани ишга туширди
Янги MGCS жанговар танкларини яратиш бўйича Германия-Франция лойиҳаси билан бир вақтда, Берлин Италия, Швеция ва Испания билан шундай ҳамкорликни бошлайди, деб ёзади Handelsblatt.
Германия Leopard 2 ўрнини босувчи асосий жанговар танкларни ишлаб чиқиш бўйича янги иттифоқ тузишга ҳаракат қилмоқда.У Италия, Швеция ва Испания билан биргаликда янги жанговар транспорт воситаларини ишлаб чиқишни режалаштирмоқда, деб ёзади 6 сентябр, чоршанба куни Германиянинг Handelsblatt газетаси.
Янги жанговар танк Германия мудофаа концернлари - Krauss-Maffei Wegmann ҳамда Rheinmetall ва бошқа мамлакатлардаги ҳамкорлар билан биргаликда ишлаб чиқилади, деб таъкидлайди Handelsblatt саноат ва сиёсий доиралардаги манбаларга таяниб. Ушбу маълумотларга кўра, шартномалар бир неча кун олдин имзоланган, кейинги қадам Европа Мудофаа жамғармасидан (EDF) молиялаштириш учун қўшма ариза бўлади.
Франция билан ҳам худди шундай лойиҳа 2017 йилдан бери давом этмоқда
Handelsblatt таъкидлашича, бу лойиҳа ҳайратланарли бўлди, чунки у Берлин ва Париж ўртасида худди шу соҳада мавжуд ҳамкорлик билан рақобатлашади. 2017 йилда ҳар икки давлат ҳукуматлари «Асосий ердаги жанговар тизим» (Main Ground Combat System) деб номланган жанговар танкни яратиш лойиҳаси бўйича келишиб олган. Режаларга кўра, унинг доирасида ишлаб чиқилган машиналар кейинги ўн йилликнинг ўрталарида немисларнинг Leopard 2 ва французларнинг Leclerc техникаси ўрнини эгаллайди.
Handelsblatt эслашича, Бундесвер яқин ўн йил ичида Leopard оғир жанговар танкларини янгиларига алмаштиришни режалаштирмоқда. Аввалроқ Германия Украинага Бундесвер захираларидан 18 та Leopard 2 танкини, шунингдек, 20 та Leopard 1 танкини етказиб берган эди.