Ўзбекистон | 16:53 / 07.09.2023
34242
2 дақиқада ўқилади

Тошкент халқаро аэропортида 8,5 тонна гиёҳвандлик моддаси тўхтатилди

Аэропорт орқали 8,5 тонна кўкнори сомони олиб ўтилаётгани аниқланди. Улар ҳужжатда қандолат кўкнориси деб кўрсатилган 25 тонна уруғ ва сомонлар таркибида бўлган. Битта ҳолатда шунча гиёҳвандлик воситаси аниқланиши божхона тизимининг 30 йиллик тарихида илк бор қайд этилган.

Фото: Божхона

Тошкент халқаро аэропортида божхона органлари томонидан йирик миқдорда гиёҳвандлик воситаси фош этилди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Божхона қўмитаси ва Давлат хавфсизлик хизмати томонидан “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комлексининг “Авиаюклар” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида ҳаво йўллари орқали республикага хориждан олиб келиниб, сўнгра юк автотранспорт воситаси орқали транзит тарзида олиб ўтилиши режалаштирилган 25 тонна оғирликдаги 1000 қоп қандолат кўкнориси уруғлари озиқ-овқат маҳсулоти белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилган.

Одатда турли пишириқларга қўшиладиган ёки юзасига сепиладиган қандолат кўкнориси гарчи ўхшаш бўлса-да, анъанавий кўкнори гиёҳвандлик воситасидан тубдан фарқ қилади. Яъни ушбу маҳсулот кўкнори оиласига мансуб ўт ўсимликларнинг махсус тайёрланган ва қайта ишланган уруғлари ҳисобланади.

Аммо божхона кўриги давомида ҳужжатларда қандолат кўкнориси деб кўрсатилган 25 тонна уруғ ва сомонлар таркибида ҳақиқий гиёҳвандлик воситаси ҳисобланган 8,5 тонна кўкнори сомони борлиги аниқланган. Кўкнор сомони мамлакат ҳудудида муомаласи тақиқланган гиёҳвандлик моддаси ҳисобланади.

Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилган.

Мавзуга оид