Ўзбекистон | 12:46 / 10.09.2023
10560
15 дақиқада ўқилади

Санъатдаги жудолик, хорижлик муаллимлар ва бизнесга енгилликлар — ҳафта дайжести

Ортда қолаётган ҳафта давомида мамлакатимизда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисалар шарҳи билан Kun.uz дайжестида танишинг.

700 минг бола учун биринчи қўнғироқ чалинди

Ҳафта таълим даргоҳларида ёзги таътил тугаб, янги ўқув йилининг старт олиши билан бошланди. 4 сентябр куни Ўзбекистон бўйлаб 700 мингдан ортиқ бола 1-синфга қадам қўйди. Уларга берилган 12 турдаги ўқув анжомларидан иборат президент совғаси тўплами аввалгилардан бироз фарқ қилади. Совғалар олдингидек қиз ва ўғил болаларга алоҳида эмас, балки уларнинг иккаласига ҳам мос тушадиган ранг ва дизайнда ишлаб чиқилган.

Бу йил мактаб битирувчилари сони 400 минг, 1-синфга қабул қилинганлар эса 700 мингдан ортиқ бўлгани ҳисобига, мактаб ўқувчилари сони 300 минг нафарга кўпайиб, жами 6,5 миллион нафардан ошди. Болалар ҳафта давомида мактабларида қизиқ бир ўзгаришга дуч келди: мактабларда чет эллик ўқитувчилар пайдо бўлди. Инглиз тилини ўқитишни кучайтириш мақсадида бу йил тил эгалари бўлган 500 нафар хорижлик педагог халқ таълими тизимига жалб этиляпти. Келаси йил яна 1,5 минг нафар шундай мутахассис олиб келиниши кўзда тутилган.

Янги ўқув йилини кўтаринки руҳда бошлаш учун студентларда ҳам сабаб йўқ эмас. Давлат олийгоҳларида барча босқич талабалари учун тўлов-контракт миқдори оширилмайдиган бўлди. 1-курслар учун супер-контракт миқдорлари ҳам ўзгаришсиз қолди. Етарли балл тўплай олмаганлар оширилган суммани 15 октябргача тўлиқ тўласа, 10 фоиз чегирмага ҳам эга бўлади. Тиббиёт олийгоҳларида супер-контрактни олиб ташлаш бўйича янгилик бўлмади, афтидан, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бу борадаги таклифи инобатга олинмаганга ўхшайди.

Баҳолаш агентлиги эълон қилган маълумотларга кўра, кириш имтиҳонларида бухоролик талабалар энг юқори кўрсаткични қайд этган. Доимий яшаш жойи Бухоро вилоятида бўлган абитуриентларнинг 28 фоизи талабаликка тавсия этилган. Кейинги юқори ўринларни 24 ва 23 фоизлик кўрсаткич билан Навоий ва Хоразм ёшлари эгаллаган. Сўнгги ўринда – андижонлик абитуриентлар, бу йил уларнинг 17 фоизи ўқишга кира олди.

Каттақўрғонда 2008 йили қурилган бинода плита қулади

Ўқув йилининг биринчи куни Каттақўрғондаги нохуш воқеа билан ҳам ёдда қолди. Самарқанд давлат университетининг Каттақўрғон филиали биносидаги фаоллар зали шифтидан бетон плита қулаб тушди. Яхшиямки, ҳодиса оқибатида ҳеч ким оғир жароҳат олмаган.

Воқеа пайти бинонинг 2-қаватида жойлашган залда 150дан ортиқ 1-курс талабаларига мустақиллик дарси ўтилаётган бўлган. Kun.uz суриштируви плита уларнинг устига тушгани ҳақидаги бирламчи миш-мишлар нотўғри эканини кўрсатди. Бетон конструкция залдаги минбар томонга қулаган ва унинг бўлаклари биринчи қаторда ўтирган талабалардан 6 нафарига жароҳат етказган. Улардан 2 нафари шифохонада қолган. Бу икки талаба мухбиримиз билан суҳбатда саломатлигидан ортиқча шикояти йўқлигини айтди.

Прокуратура қурилиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш моддаси билан жиноят иши қўзғатди. Масъулларга кўра, бино 2008 йилда қурилган ва унда йиллар давомида Самарқанд давлат чет тиллар институти қошидаги академик лицей, кейинчалик 7-умумтаълим мактаби фаолият олиб борган. Бино 2021 йилда СамДУнинг Каттақўрғон филиалига берилгач, унда мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилган.

Энергетика: тариф ислоҳотининг 1-босқичи

Анча вақтдан бери ортга суриб келинаётган энергетика ислоҳоти ниҳоят кун тартибига қайтди. Шанба куни электр энергияси ва табиий газ таъминотидаги муаммолар ечими учун зарур бўлган ислоҳот – тарифларни эркинлаштиришга қаратилган ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Лойиҳа билан, ёқилғи-энергетика ресурсларининг 2023 йил 1 октябрдан кучга кирадиган нархлари тасдиқланиши мумкин. Бунда аҳоли учун газ ва “свет” нархлари ўзгаришсиз қолади. Оширилган тарифлар фақат юридик шахсларга тааллуқли бўлади. Хусусан, аксарият тадбиркорлик субъектлари учун электр энергияси тарифини 1 kWh учун 900 сўм, табиий газ тарифини 1 куб метр учун 1500 сўм деб белгилаш таклиф этилган.

Бу ҳужжатнинг қабул қилиниши билан, газ ва электр энергияси нархларини либераллаштириш бошланиши кутиляпти. Тарифлар сўнгги 4 йилдан буён ўзгармай қолаётганди. Иқтисодчиларга кўра, энергетикадаги мавжуд муаммоларни соҳада бозор механизмларини жорий этмасдан туриб тўлиқ ҳал қилиб бўлмайди. Бу эса инвесторларни жалб қилиш учун тариф ислоҳотини тақозо қилади.

Энергетика соҳасини либераллаштиришни узоқ вақтдан буён халқаро ташкилотлар ҳам ҳукуматга тавсия қилиб келади. Ҳозирда давлат энергия ресурсларини аҳолига ўз таннархидан ҳам арзонроқ даражада етказиб бериш учун триллионлаб субсидиялар ажратади ва бу билан Ўзбекистон дунё миқёсида энергетикага энг кўп субсидия ажратадиган давлатлар қаторида туради. Бироқ сунъий ушлаб турилган паст нархлар соҳага хусусий инвестицияларнинг кириб келишига тўсқинлик қилади.

Энергетикани субсидиялаш, шунингдек, ижтимоий тенгсизликни ҳам рағбатлантиради. Чунки аҳолининг даромади юқори қатлами табиий равишда кўпроқ энергия сарфлайди. Давлат энергоресурсларни барча учун бирдек субсидиялаши натижасида эса, бадавлат қатлам давлатдан бир неча баробар кўпроқ миқдорда билвосита субсидия олади. Шу сабабли юридик шахслар учун тарифларнинг бозор нархларига яқинлаштирилиши фақат биринчи қадам бўлишини айтиш мумкин.

Босқичма-босқич амалга оширилиши эълон қилинган энергетика ислоҳоти якунида давлат фақат регулятор ва магистрал ташувчи функцияларини ўзида сақлаб қолиб, ишлаб чиқариш ва тақсимлаш бўғинларида шаффоф ва рақобатли бозорни яратиши кўзда тутилган. Охир-оқибатда, арзон, лекин энг керак пайтда ўчиб қоладиган газ-светдан кўра, қиммат бўлса ҳам муҳими ўчмайдиган таъминот кафолатланиши лозим.

Шерали Жўраев вафот этди

Ўзбек халқининг атоқли фарзанди, ҳофиз Шерали Жўраев 4 сентябр куни 77 ёшида вафот этди. Ўлмас асарлари билан ўзбек санъатида ноёб феноменга айланган ижодкорнинг вафоти 2023 йилнинг энг катта йўқотишларидан бири бўлди. Ижтимоий тармоқларда жуда кўплаб ўзбекистонликлар Шерали Жўраев билан боғлиқ хотиралари ва унинг ўзбек санъатида тутган ўрни ҳақидаги фикрлари билан бўлишди. Президент Шавкат Мирзиёев ва бошқа юқори мартабали расмийлар ҳам унинг вафоти юзасидан таъзия билдирди.

Шубҳасиз айтиш мумкинки, Шерали Жўраев ижросидаги қўшиқлар ўзбек халқи миллий ўзлигининг ажралмас қисмига айланиб кетган. У куйлаган “Ўзбегим”, “Карвон”, “Дўст бўлсанг ёнимда тур”, “Биринчи муҳаббатим” каби қўшиқлар миллий тафаккурнинг шаклланишига катта таъсир ўтказган, урф-одатларимизга сингиб кетган. У қўшиқларидаги маъно-мазмуннинг чуқурлиги, шеъриятнинг мумтоз намуналарига мурожаат қилгани ва мукаммал ижроси билан халқчил ҳофиз образининг энг юқори планкасини қўйиб кетди.

Шерали Жўраев 1987 йилда Ўзбекистон халқ артисти унвони, 1991 йилда Навоий номидаги давлат мукофоти, 2018 йилда “Фидокорона хизматлари учун” ордени, 2022 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган. Бу шуниси билан ҳам аҳамиятлики, Шерали Жўраевга 1991 йилдан 2018 йилгача бўлган оралиқ даврда бирорта ҳам давлат мукофоти берилмаган. Аниқроқ айтганда, саънаткор 2016 йилга қадар узоқ йиллар давомида тақиқда бўлди, концертлар бера олмади. Фақат 2017 йилга келибгина Шерали Жўраев телевидение ва катта саҳналарда кўриниш бера бошлаганди. 2021 йилда хасталикка чалингани сабаб яна санъатни тарк этишга мажбур бўлди. Атоқли ҳофиз 5 сентябр куни Тошкентдаги Кўкча қабристонига дафн этилди.

Президент қарори: бизнесга енгилликлар

Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан учрашувида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича шу ҳафта имзолаган қарор билан, тадбиркорларни қийнаб келаётган бир қатор масалалар ўз ечимини топадиган бўлди. Хусусан, қўшилган қиймат солиғини қайтариб беришда солиқ узилиши коэффициентини қўллаш ва ҚҚС гувоҳномасини тўхтатиб қўйиш амалиётлари тақиқланади. Солиқчиларга камерал текширув ўтказиш учун тадбиркорнинг ҳудудига кириш ва ундан ҳужжат сўраш ман этилади. Камерал текширувда ҳисобланган солиқларни 6 ой давомида бўлиб-бўлиб тўлаш мумкин бўлади. Шунингдек, тадбиркорга нисбатан тўланмаган солиқлар бўйича даъво қилиш муддати 5 йилдан 3 йилга қисқартирилади.

Қарорга асосан, 2024 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектларининг ишончлилик рейтинги жорий этилади. Юқори рейтингга эга компаниялар барча турдаги солиқ текширувларидан озод қилинади. Уларга ҚҚС атиги 1 кун ичида қайтариб берилади. Кичик бизнесни давлат томонидан молиялаштириш бўйича янги тизим ҳам йўлга қўйиляпти.

Шунингдек, йил охиригача Ўзбекистонда ислом молиясини жорий этиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши керак. Лойиҳада ислом молияси асосида жорий этилган омонатларни ҳимоя қилиш механизмлари ҳам кўзда тутилади. Масъулларга яширин иқтисодиётни қисқартириш ва тенг рақобат муҳитини таъминлаш бўйича ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳам топширилди.

8 сентябрдаги селекторда Шавкат Мирзиёев бизнес учун муҳим бўлган яна бир муҳим топшириқ берди. Унга кўра, саноат корхоналарини олдиндан хабардор қилмасдан электр таъминотидан узиш амалиётига қатъий чек қўйилиши керак. Президентнинг бу бўйича топшириғи ижросини Энергетика вазирлиги таъминлаши зарур. Бош вазир ва ҳокимларга эса тун-у кун ишлайдиган штаблар ташкил қилиб, саноат корхоналарининг муаммоларини 24 соат давомида ҳал қилиб бориш топшириғи берилди.

Финтехнинг давлатлараро молиявий хизматлар бозоридаги фаолияти тўхтатилди

Ўзбекистонда тўлов ташкилотларига трансчегаравий пул ўтказмалари ва халқаро тўловлар бўйича хизмат кўрсатиш тақиқланди. Марказий банк нобанк ташкилотлар бўлмиш финтех компанияларнинг халқаро транзакцияларни амалга оширишини қонунга зид деб топди. Натижада тўлов ташкилотлари, хусусан кўплаб ўзбекистонликлар Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказишда фойдаланадиган Oson ва PayWay тизимлари 5 сентябрдан бошлаб халқаро пул жўнатмаларини амалга оширишни тўхтатди. Улар энди хорижий компанияларнинг хизматлари ва онлайн ўйинлар учун тўловларни ҳам қабул қила олмайди.

Ўзбекистонда истеъмолчилар эндиликда хориж билан билан боғлиқ ҳар қандай молиявий операцияларни фақат тижорат банклари орқали амалга ошириши керак. Марказий банк талаби билан, финтех компаниялар бу бозорни тарк этяпти. Бу қарордан манфаатдор бўлган қатор тижорат банклари ўз сайтларида бир хил баёнот эълон қилиш билан регуляторнинг сиёсатини қўллаб-қувватлади.

Финтех компанияларга хорижий транзациялар тақиқланишидан бир неча кун ўтиб оммабоп иловага эга Uzum Bank Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказмалари хизмати рекламасини фаоллаштирди.

ЖК ва МЖтКга янги моддалар қўшилиши кутилмоқда

Ўзбекистон Олий Мажлиси Маъмурий ва Жиноий жавобгарлик кодексларига қўшимчалар киритишни кўриб чиқмоқда. Тегишли қонун лойиҳаси билан, миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб бир тоифа фуқароларни бошқа тоифа фуқаролардан устунлигини ёки нуқсонли эканлигини тарғиб қилганлик, никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга оширганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгилаш назарда тутилмоқда.

Лойиҳа билан икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилганлик, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини очиқдан очиқ инкор этганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланяпти.

Жамоат тартибини сақлаш бўйича кўрилаётган чоралар, хусусан “Хавфсиз шаҳар” концепцияси доирасида жорий этилган ахборот дастурларининг самарадорлигини ошириш мақсадида жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсган ҳолда бўлганлик учун маъмурий жавобгарлик чораси киритилмоқда. Бунда, тиббий кўрсатма асосида ёки меҳнат ва хизмат фаолияти билан боғлиқ ҳолатларда ёхуд йўл-транспорт ҳаракатида хавфсизликни таъминлаш учун кийиладиган махсус бош-кийимда ёки спорт ва маданий тадбирлар пайтида уларнинг иштирокчилари томонидан юзини тўсган ҳолда бўлиш жавобгарликка сабаб бўлмайди.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилди. Қайд этилишича, ҳужжат миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлашга, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, жамоат тартибини сақлаш самарадорлигини оширишга қаратилган.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Ўзбекистон дунё миқёсида очлик хавфи энг кам давлатлар қаторига киритилди. Глобал очлик индексига кўра, Ўзбекистон 121 та давлат орасида 21-ўринни эгаллаган. Бу ижобий кўрсаткич мамлакатда тўйиб овқатланмайдиган аҳоли улуши камлиги, 5 ёшгача болалар ўртасида ўлим, озғинлик ва бўй ўсмаслиги каби кўрсаткичлар пастлиги билан боғлиқ.

Жорий йилнинг дастлабки 7 ойи давомида Ўзбекистонда 4772 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган. Маълум бўлишича, уларда 1115 киши ҳалок бўлиб, 4564 киши турли даражада жароҳатлар олган. ЙТҲлар, қурбонлар ва жароҳатланган сони ўтган йилгига қараганда ошган. Сешанба куни Бухоронинг Олот туманида юк машинаси ҳайдовчисининг темирйўл кесишмасидаги эҳтиётсизлиги унинг ўлимига олиб келди. Машина қўриқланмайдиган кесишмада тепловознинг йўлига чиқиб кетган. Масъулларга кўра, кесишмада барча зарурий қурилма ва жиҳозлар ўрнатилгани ва соз ҳолатда ишлаб тургани аниқланган.

Нақд валютани божхонадан декларациясиз олиб ўтиш миқдори оширилди. Эндиликда 100 млн сўмгача нақд сўмни ва/ёки шу эквивалентдаги нақд чет эл валютасини декларация тўлдирмасдан олиб кириш ёки олиб чиқиш мумкин. Аввал бу миқдор 70 млн сўм эди.

Ўзбекистонда 2026 йил охиригача тиббий суғурта тўлиқ жорий этилиши керак. Бу – соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича имзоланган янги қарорда кўрсатилган. Ҳужжат билан, Фармацевтика агентлиги Инвестициялар вазирлигидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига қайтарилди. 1 октябрдан Она ва бола саломатлиги илмий-амалий республика тиббиёт маркази ва унинг 14 та филиали иш бошлайди. Соғлиқни сақлаш соҳасини тўлиқ рақамлаштириш, асоссиз қоғозбозлик ва навбатларга чек қўйиш кўзда тутиляпти.

Тошкентда 19 туп дарахтни қуритишга уриниш бўлди. Воқеа Тахтапул маҳалласида, қурилиш қилиш кўзда тутилган жойда рўй берган. Аҳоли ва экологларнинг қаршилиги сабаб дарахтларни кесишнинг имкони бўлмагач, уларнинг таги дрел билан тешилиб, ўсимликни қуритадиган суюқлик қуйилган. Табиатга етказилган зарар 1 млрд 97 млн сўмга баҳоланди. Ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Мавзуга оид