Жаҳон | 10:26 / 13.09.2023
23707
5 дақиқада ўқилади

Путин янги тамойиллар асосида қурол ишлаб чиқилаётганини эълон қилди

Россия президенти қандай қуроллар ишлаб чиқилаётганига аниқлик киритмади. Шу билан бирга, у яқин келажакда бундай қуроллар ҳар қандай давлат хавфсизлигини таъминлашини таъкидлади.

Фото: kremlin.ru

Россия президенти Владимир Путин Россия қуролларни янги жисмоний тамойиллар асосида ишлаб чиқаётганини айтди. «Хавфсизлик соҳасига назар ташласангиз, янги жисмоний тамойилларга асосланган қуроллар яқин тарихий келажакда ҳар қандай мамлакат хавфсизлигини таъминлайди. Биз буни жуда яхши тушунамиз ва бунинг устида ишлаяпмиз», - деди у 12 сентябр, сешанба куни Владивостокда Шарқий иқтисодий форум модераторлари билан учрашувда сўзлаган нутқида. 

Россия президенти гап қандай қурол ҳақида кетаётганига аниқлик киритмади. ТАСС агентлигининг қайд этишича, янги жисмоний тамойилларга асосланган қуроллар сифат жиҳатидан янги ёки илгари фойдаланилмаган технологиялар ва ишлаш тамойилларини назарда тутади. Ушбу турдаги қуролларга одатда лазер, инфратовуш ва радиочастотали воситалар киради.

2018 йил март ойида Путин Федерал мажлисга мурожаатининг муҳим қисмини янги қуроллар тақдимотига бағишлади. Ўшанда у, хусусан, «Сармат» ракетаси ва «Кинжал» гипертовушли мажмуа, қитъалараро масофали сувости аппаратлари ҳамда «чексиз масофага ва олдиндан айтиб бўлмайдиган парвоз йўлига эга бўлган» ядровий қурилмага эга янги қанотли ракета ҳақида гапирди. Ушбу турдаги қуролларнинг баъзилари аллақачон фойдаланишга топширилган, қолганлари, расмий маълумотларга кўра, ҳали ҳам ишлаб чиқилмоқда.

Украинадаги уруш ва Киев билан музокаралар 

Украинага қарши уруш ва Киев билан эҳтимолий тинчлик музокаралари масаласига тўхталган Путин, агар Қўшма Штатлар Украина музокараларга тайёр деб ҳисобласа, у ҳолда Киевдан Украина президенти Володимир Зеленскийнинг музокараларни тақиқловчи фармонини бекор қилишга эришиши кераклигини айтди. Гап 2022 йилнинг кузида имзоланган Россиянинг Украина ҳудудларини аннексия қилишига жавобан қабул қилинган Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши қарорини амалга ошириш тўғрисидаги фармон ҳақида кетмоқда. Унда Россиянинг амалдаги президенти билан музокаралар олиб бориш мумкин эмаслиги айтилган. 

Путиннинг сўзларига кўра, Украина қарши ҳужумни «амалга оширишга» уринаётган бир пайтда, Россия жангларни тўхтата олмайди. 

Президент ўз нутқида Украинага қарши урушни танқид қилган россиялик релокантларни «ватанпарвар бўлиб қоладими ёки Россия мухолифлари манфаатларини кўзлаб ҳаракат қиладими», шу ҳақда бир қарорга келишга чақирди. «Ушбу чегара бундай баёнотлар билан чиққан одамларнинг виждонига ҳавола. Одатда, бу одамларнинг ўз бизнеси ва мол-мулкини сақлаб қолиш истаги билан боғлиқ, айниқса, бу одамлар кўчиб кетган ва ҳаётларини бошқа мамлакат билан боғлашга қарор қилган бўлса», - деди у.

Путин Чубайсни «Моше Израилевич» деб атади

Мисол тариқасида Путин Исроилга кўчиб ўтган «Яндекс» асосчиси Аркадий Воложни келтирди. «Тасаввур қилишим мумкинки, у ерда яхши яшаш ва ҳокимият билан яхши муносабатда бўлиш учун маълум баёнотлар беришга мажбур бўляпти. У ўша ерда жим ўтирган эди, энди баёнот беришга қарор қилди. Асосийси, саломат бўлсин ва яхши яшашда давом этсин, бу, ростини айтсам, бизга зарар етказмаяпти», деди Путин.

У, шунингдек, Россия бош вазирининг собиқ ўринбосари, кейинроқ «Роснано» раҳбари Анатолий Чубайснинг Россиядан кетишига изоҳ берди. «Анатолий Борисович негадир у ерда яшириняпти. Улар менга интернетдан қандайдир фотосуратни кўрсатишди, у энди Анатолий Борисович Чубайс эмас, балки қандайдир Моше Израилевич. Нега у бундай қиляпти? Қочиб кетди», деди Путин. 

Май ойида Исроил матбуоти Чубайс ва унинг рафиқаси Авдотя Смирнова Исроил фуқароларининг доимий ҳужжатларини сўрагани ҳақида хабар берган эди. Анатолий Чубайс бу маълумотни рад этган. 

Иқтисодий мавзулар 

Владимир Путин Владивосток форумидаги нутқида иқтисодий мавзуларга ҳам тўхталди. У, хусусан, назоратсиз инфляциянинг ички иқтисодиёт учун хавфли оқибатлари ҳақида огоҳлантирди.

Путин Россия иқтисодиётида «давлатнинг иштироки жуда ортиб бораётгани»га ҳақидаги даъволарга қўшилмаслигини айтди. Унинг фикрича, бизнес ва давлат тенг ҳуқуқли шерик бўлиши керак. Ҳукумат солиқ юкини ошириш зарурлигини кўрмаяпти, дея қўшимча қилди президент. 

Мавзуга оид