Ўзбекистон | 23:14 / 26.09.2023
14900
2 дақиқада ўқилади

Наманганда касалланган болаларнинг барчаси соғайиб, уйига қайтди — Соғлиқни сақлаш вазири 

Ҳеч бир боланинг аҳволи оғир эмаслиги айтилди. 

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Наманган вилояти, Чуст туманида доридан заҳарлангани тахмин қилиниб, шифохонага ётқизилган болаларнинг барчаси соғайиб, уйига қайтди. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов маълум қилди.  

«Наманганда заҳарлангани айтилган болаларнинг барчаси соғайиб, бугунги кунда уйига қайтарилган. Ҳеч бир боланинг аҳволи оғир эмас», деб Kun.uz мухбири унинг сўзларидан иқтибос келтирди. 

Вазир сўзларига кўра, Наманганда болаларнинг оммавий заҳарланиши билан боғлиқ ҳолат тўлиқ ўрганиб чиқилган. «Тез орада барча саволларга жавоб берилади». 

Аввалроқ, Наманганда болаларнинг касалланиш ҳолати билан боғлиқ 450 та мурожаат келиб тушгани, уларнинг энг кўпи — 306 таси Чуст туманига тўғри келгани, 143 нафари тузалиб, қолганлари эса мунтазам назорат остида экани, аҳволи оғирлар йўқлиги айтилган эди. 

Шу билан бирга, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Наманганда ўнлаб болаларнинг саломатлиги ёмонлашишига сабаб қилиб кўрсатилаётган «Kaliy yodid 1 mg (0,001) tabletka №100 (Antistrumin)» дори воситаси истеъмолини лаборатория хулосалари чиққунга қадар зудлик билан вақтинча тўхтатиб туриш ҳақида топшириқ берган эди. 

Мавзуга оид