Ўзбекистон | 11:35 / 27.09.2023
27136
7 дақиқада ўқилади

Қўштепа канали можароси. Бунинг халқаро ҳуқуқий ечими борми?

Эксперт Афғонистон минтақадаги трансчегаравий сувлардан фойдаланиш бўйича ҳеч қандай минтақавий ёки халқаро шартномаларни имзоламаганига эътибор қаратди.

Фото: thekabultimes.com

Қўштепа канали Афғонистон шимолида толиблар томонидан Амударёдан сувни буриш учун қурилаётган канал бўлиб, унинг узунлиги 285 км бўлиши кутилмоқда. Қурилиши 2022 йил март ойида бошланган каналнинг ҳозирги кунга қадар 100 км.дан ортиқроқ қисмида қазиш ишлари тўлиқ битирилгани айтилади.

Ўзбекистон ушбу каналнинг Марказий Осиё минтақаси қишлоқ хўжалигига салбий таъсир кўрсатишидан ҳамда канал қурилиши натижасида Амударёдан Орол денгизига борадиган сув миқдори кескин камайишидан доимий хавотирларини билдириб келади. «Толибон»га кўра, ушбу канал қурилиши натижасида 550 минг гектар чўл майдонлари қишлоқ хўжалиги ерларига айланиши кутилмоқда.

Айрим мустақил экспертлар ва муҳандислар лойиҳага шубҳа билан қараб, «Толибон» канални самарали якунлаш бўйича ноу-ҳауга эга эмаслиги ва лойиҳани молиялаштириш қийин бўлиши, чунки ҳеч бир хорижий донор уни қўллаб-қувватлашга тайёр эмаслигини таъкидлайди.

Шу билан бирга, «Толибон»га кўра канал қурилишининг биринчи босқичини тугаллаш учун 8 миллиард АҚШ доллари сарфланган бўлиб, қурилишни давом эттириш учун ҳозирда Хитойдан қўшимча молиялаштириш манбалари жалб этилмоқда.

Агарда масалага халқаро ҳуқуқий нуқтайи назардан ёндашилса, шу нарса маълум бўладики, Афғонистон минтақадаги трансчегаравий сувлардан фойдаланиш бўйича ҳеч қандай минтақавий ёки халқаро шартномаларни имзоламаган. 

Амударё сувларини тақсимлаш бўйича илк шартнома СССР даврига тўғри келиб, унда Амударё сувлари Марказий Осиёнинг тўрт республикаси – Тожикистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Қирғизистон ўртасида ажратилган эди. Марказий Осиё республикалари мустақилликка эришганидан кейинги давр давомида, хусусан, 1992 йилда Олмаотада Амударё сувларидан фойдаланиш бўйича минтақавий шартнома имзоланган ва ушбу шартномада ҳам Афғонистоннинг Амударё сувларидан фойдаланиш ҳуқуқи назарда тутилмаган.

Ўз навбатида, Афғонистон ҳукумати СССР даврида ҳам, Марказий Осиё республикалари мустақиллиги даврида ҳам Афғонистон Амударё сувларидан фойдаланувчи субъект сифатида истисно этиб келинганини иддао қилади.

Можарони халқаро ҳуқуқ нормалари асосида ҳал қилиш ҳақида сўз борганда, «Толибон» ҳукуматининг халқаро ҳуқуқдаги мақомига алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз.

«Толибон» 2021 йил августида ҳокимиятни қўлга киритганидан бери уни ҳеч бир давлат Афғонистоннинг янги ҳукумати сифатида расман тан олмаган.

Халқаро ҳуқуқдаги анъанавий ёндашув шундан иборатки, агар у ёки бу ҳокимият гуруҳи давлат ҳудудини тўлиқ, мустақил ва барқарор назорат қилса, унинг ваколати аҳоли томонидан тан олинса ва унга рақобатчи ҳокимият мавжуд бўлмаса, у ҳукумат сифатида таснифланади.

Шу билан бирга, БМТ Хавфсизлик кенгаши ҳукумат ноқонуний экани ва унинг тан олинмаслиги кераклиги тўғрисида мажбурий қарорлар қабул қилиши мумкин. Бунга ҳукуматнинг халқаро ҳуқуқнинг императив нормалари бўлмиш jus cogens’ни бузиши ёки ҳукуматнинг халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш принципини рад этиш орқали ҳокимиятга келган ҳолатлар асос сифатида хизмат қилиши мумкин. 

У ёки бу ҳукумат билан ўзаро алоқада бўлиш ҳар доим ҳам халқаро ҳуқуқда тан олишни англатмайди. Мисол учун, турли давлатлар, жумладан Ўзбекистон ҳам ҳозирги кунда «Толибон» ҳукумати билан инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш масалаларида ўзаро ҳамкорлик қилиб келади, ёки айрим давлатлар (масалан, Хитой ва Россия) «Толибон» Афғонистонида ўз элчихоналарини ҳозирги кунга қадар очиқ қолдирмоқда. 

БМТнинг Трансчегаравий сув оқимлари ва халқаро кўлларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги 1992 йил қабул қилинган конвенциясида трансчегаравий характердаги сув манбаларидан адолатли ва рационал фойдаланиш кўзда тутилган. Ушбу халқаро конвенцияни Марказий Осиё давлатларидан фақат Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон имзолаган. Аммо Афғонистон ушбу халқаро шартнома шартларига ҳеч қачон қўшилмаган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам 15 сентябр куни Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи маслаҳатлашув учрашувида Қўштепа канали қурилиши масаласига тўхталиб, минтақада сувдан фойдаланиш жараёнида Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳеч қандай мажбурият асосида боғланмаган янги иштирокчи пайдо бўлганини қайд этди, каналнинг ишга туширилиши Марказий Осиёдаги сувдан фойдаланиш тартиби ва мувозанатини тубдан ўзгартириб юбориши мумкинлигини таъкидлади ва Афғонистон вакилларини сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича минтақавий мулоқотга жалб этиш масаласини кўриб чиқишни таклиф этди.

Афғонистон томони Душанбедаги ушбу баёнотдан сўнг ҳозирда мамлакат Марказий Осиё давлатлари билан Амударё сувларидан фойдаланиш бўйича ҳеч қандай шартномаларга эга эмаслигини таъкидлаб, «Толибон» ҳукумати Амударё сувларидан фойдаланиш масаласини тегишли манфаатдор Марказий Осиё давлатлари билан муҳокама қилишга тайёрлигини билдирди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, «Толибон»нинг канални қуриш нияти жиддий бўлиб, масалага халқаро ҳуқуқ нуқтайи назаридан ечим топиш мушкул. Ўз навбатида, канал қурилиши Марказий Осиё минтақасидаги давлатлар ўртасидаги сув тақсимоти механизмларига путур етказишини ҳисобга олиб, Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги бошқа манфаатдор давлатлар учун асосий вазифа – «Толибон» ҳукумати билан дипломатик музокаралар орқали Афғонистон ҳудуди томон буриладиган Амударё сувлари оқимини минималлаштириш ва бундан кейинги Амударё сувини тақсимлашга оид музокараларга ва тегишли халқаро ёки минтақавий ҳуқуқий шартномаларни имзолаш жараёнларига Афғонистон ҳукуматини жалб қилиш ҳамда сув тақсимлаш квоталарини юқорида таъкидланган БМТ конвенциясининг адолат ва рационаллик принципларига асосан тақсимланишини назарда тутувчи шартномалар билан мустаҳкамлаб қўйиш мақсадга мувофиқ бўлиб, бундай шартномалар келажакда минтақадаги трансчегаравий сув низолари кескинлашиши олди олинишига хизмат қилади. 

Абдуазиз Исақулов

Фордҳам университети Халқаро ҳуқуқий низоларни ҳал этиш йўналиши бўйича магистр битирувчиси,

ҳозирда Ешива университети Кардозо ҳуқуқ мактаби докторанти

Мавзуга оид