Спорт | 13:59 / 27.09.2023
20880
2 дақиқада ўқилади

Улуғбек Рашидов — Осиё ўйинлари чемпиони

Таэквондочилар битта олтин ва битта кумуш қўлга киритишди. Ўзбекистон ҳисобидаги олтин медаллар сони 6 тага етди.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси

Осиё ўйинларида -68 кг вазн тоифасида иштирок этган таэквондочи Улуғбек Рашидов Ўзбекистон жамоасига навбатдаги олтин медални тақдим этди.

У турнирдаги иштирокини ҳонгконглик Ло Вай Фунгни 14:1, 16:4 ҳисобларида таслим этиш билан бошлади. 

Чоракфиналда Тайбэй вакили Йи Жуи Чиуга қарши баҳсда 13:0, 17:4 ҳисобларида мағлуб этди.

Яримфиналда таэквондо ватани ҳисобланган ва турнирда ҳам энг кўп медаллар жамғараётган Жанубий Корея жамоаси вакили Жин Ҳожун устидан 16:9, 16:7 ҳисобларида ғалаба қозонди.

Финалда эса иорданиялик Абдулкарим Заидга ҳеч қандай имконият қолдирмади - 14:6, 13:9.

Шу куни таэквондо бўйича баҳсларда Ўзбекистон жамоасининг яна бир вакили Феруза Содиқова ҳам финалга чиққанди.

-67 кг вазн тоифасидаги баҳсларда қатнашган ушбу спортчи ўз йўлида таиландлик Тонгчан Сасикарн (5:4, 11:10), қозоғистонлик Нурай Ҳуссайнова (6:8, 10:1, 7:2) ва эронлик Мелика Мирҳоссайнини (2:3, 13:10, 18:6) каби рақибларни мағлуб этди.

Аммо финалда хитойлик Сонг Жиега ютқазиб қўйди - 0:2, 3:9.

Шу тариқа, Ўзбекистон жамоаси ҳисобидаги олтин медаллар сони 6 тага, кумушлар сони 7 тага етди ва умумий рейтингда 4-ўринга қайтилди.

Мавзуга оид