Швейцарияда Гулнора Каримовага нисбатан айблов хулосаси судга топширилди
Швейцария Бош прокуратураси 5 йиллик терговни якунлади. Гулнора Каримова жиноий ташкилотда иштирок этиш, жиноий даромадларни легаллаштириш, хорижий давлат амалдори сифатида пора олиш ва ҳужжатларни қалбакилаштириш каби жиноятларда айбланмоқда.
Швейцария Бош прокуратураси жиноий тергов якунига кўра, 2023 йил 28 сентябр куни жиноят ишлари бўйича Федерал судга Ўзбекистон Республикаси собиқ президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова ва Россия телекоммуникация компанияси ўзбек филиалининг собиқ директорига нисбатан айблов хулосасини топширди. Прокуратура ахборотида компания номи ва раҳбарининг исми-шарифи очиқланмаган.
Икки айбланувчи турли мамлакатларда, жумладан, Швейцарияда фаолият юритган жиноий ташкилотга алоқадорликда гумон қилинмоқда. Айбловлар 2005 йилдан 2013 йилгача бўлган даврни ўз ичига олади ва жиноий ташкилотда иштирок этиш, жиноий даромадларни легаллаштириш, хорижий давлат амалдори сифатида пора олиш ва ҳужжатларни қалбакилаштириш кабиларни ўз ичига олади.
Қайд қилинишича, 2018 ва 2021 йиллар оралиғида тергов натижасида тўрт киши судланган ва пул ювиш ва ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбдор деб топилган. Шу билан бирга, 340 миллион Швейцария франкидан (4,5 трлн сўм) ортиқ пул Ўзбекистонга қайтарилиши учун мусодара қилинган. Ҳозирда Гулнора Каримова ва иккинчи айбланувчи иши бўйича 440 миллион Швейцария франкидан (5,8 трлн сўм) ортиқ маблағлар ҳибсда қолмоқда.
«Офис»нинг ташкил этилиши ва мақсади
Айблов хулосасига кўра, 2001 йилдан 2013 йилгача Гулнора Каримова бир неча ўнлаб одамлар ва кўплаб компанияларни ўз ичига олган «Офис» деб номланувчи иерархик жиноий ташкилот тузган ва унга раҳбарлик қилган. Швейцарияда ушбу ташкилот 2005 йилда, хусусан, Швейцария банкларидаги ҳисоб рақамлари ва сейфларида, шунингдек, кўчмас мулк сотиб олиш йўли билан ўзининг жиноий операцияларидан олинган капитални яшириш мақсадида ўз фаолиятини бошлаган.
«Офис» ўз фаолиятини профессионал бизнес сифатида, мажбурий қоидаларга риоя қилган ҳолда амалга оширган. Унда вазифалар қатъий тақсимланган, аммо зўравонлик ва қўрқитиш усулларидан фойдаланилган. Тергов жараёнида бутун тузилманинг шаффоф бўлмаслигини таъминлаш учун ташкил этилган юзлаб компаниялар аниқланган. Бу компаниялар турли юрисдикцияларда, хусусан, Швейцарияда банк ҳисоб-варақларини юритган.
Ўзбекистон телекоммуникация соҳасидаги фаолият
Айблов хулосасига кўра, Ўзбекистон телекоммуникация соҳасига кириш ва фаолият юритиш истагида бўлган хорижий компаниялар Гулнора Каримовага «Офис» таркибидаги компаниялар орқали пора бериши талаб қилинган. Шу тариқа, Гулнора Каримова президентнинг қизи ва Ўзбекистон ҳукумати амалдори сифатидаги икки томонлама мақомидан фойдаланган, бу эса унга компанияларнинг телекоммуникация соҳасига кириши ва фаолият юритишига рухсат бериш масаласида давлат амалдорларига чексиз таъсир ўтказиш имконини берган.
Швейцариядаги жиноий фаолият
Қайд қилинишича, телекоммуникация компанияларидан олинган коррупцион маблағлар кейинчалик мураккаб операцияларда бир қанча давлатлар ва турли компаниялар орқали турли банк ҳисоб рақамларига ўтказилган. Хусусан, Швейцариядаги «Офис» таркибига кирувчи компаниялар номига очилган банк ҳисоб рақамларига ўтказилган. Ушбу банк ҳисобварақларининг бенефициар эгалари «сохта шахслар» бўлиб, бу билан Гулнора Каримова ўзининг ҳақиқий бенефициар эканини яширган. Швейцарияда олиб борилган текширувлар натижасида умумий қиймати тахминан 780 миллион Швейцария франки (10,3 трлн сўм) эквивалентидаги активлар, жумладан, банк активлари ва кўчмас мулклар, шунингдек, банк сейфларида сақланаётган нақд пул ва қимматбаҳо буюмлар мусодара қилинган.
Айбловлар ва иккала айбланувчининг роли
Гулнора Каримова жиноий ташкилот бўлган «Офис»ни бошқарганликда айбланмоқда. Айтилишича, у ташкилотни яратишда ва унинг жиноий фаолиятини бошлашда, хусусан Швейцарияда «Офис» аъзолари ва компаниялари номидан банк ҳисоб рақамлари очишда, жиноий активларни ўтказишда ва бу ўтказмаларни асословчи сохта ҳужжатларни тайёрлашда иштирок этган.
Гулнора Каримовадан ташқари иккинчи судланувчи (Россия телекоммуникация компаниясининг Ўзбекистондаги филиали собиқ бош директори) «Офис»нинг «муҳим аъзоси» бўлган. Хусусан, у Ўзбекистон телекоммуникация соҳасида коррупциявий схемаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда айбланмоқда.
Халқаро миқёсдаги иш
Қайд қилинишича, Швейцария бош прокуратураси берган маълумотга асосланиб, Швеция, Франция, Норвегия, Нидерландия, АҚШ ва Буюк Британияда бир нечта жиноий ишлар очилган. «Офис»нинг мавжудлиги, шунингдек, ушбу жиноий ташкилот томонидан содир этилган кўплаб жиноятлар Швейцария ва хорижда чиқарилган бир нечта суд қарорлари билан тасдиқланган.
Швейцария бош прокуратураси Жиноят ишлари бўйича Федерал судга топширилган айблов хулосасига билан боғлиқ ҳолда, шунингдек, умумий қиймати 440 миллион Швейцария франкидан (5,8 трлн сўм) ортиқ бўлган активларни мусодара этишни ҳам талаб қилмоқда.
Мавзуга оид
18:15 / 28.10.2024
Ўзбекистоннинг Швейцариядаги янги тайинланган элчиси иш бошлади
18:03 / 14.10.2024
Швейцарияда рекорд даражада кучли лазер яратилди: у нимага керак?
14:50 / 25.09.2024
Швейцария парламенти Голодоморни геноцид деб тан олди
23:10 / 22.09.2024