Тошқинда қолган Ню-Йоркда вазият қандай? АҚШдаги ватандош билан суҳбат
Ню-Йорк ҳозиргидек иқлимий вазиятларни инобатга олган ҳолда қурилган. Махсус хизмат машиналари ўз вақтида ва ўз ўрнида ишлашади. Бу ердаги қоидага кўра, агар тез ёрдам 7 дақиқа ичида етиб келмаса, ўша ҳудудда яна бир касалхона қуриш керак бўлади, дейди Манҳеттанда яшаётган ўзбекистонлик докторант Сарвар Толипов.
“Офелия” тўфони олиб келган ёмғирлар сабаб бир ҳафта бўляптики, АҚШнинг Ню-Йорк шаҳрида йирик сув тошқинлари кузатилмоқда. Шаҳар мэрининг буйруғи билан ҳудудда фавқулодда ҳолат эълон қилинган, бу сув тошқини инсон ҳаёти учун хавфли экани сабаб фуқаролар эҳтиёт чораларини кўришга чақирилмоқда.
Kun.uz бундай фавқулодда вазият дунёнинг энг машҳур шаҳарларидан бири қандай яшаётганини мақсадида Ню-Йорк шаҳар университети (City University of New York)да докторантурада ўқиётган ҳамюртимиз Сарвар Толипов билан суҳбатлашди.
— Сарвар ака, синоптикларнинг ҳисоблашича, АҚШ тарихида 1882 йилдан буён сентябр ойида бу қадар кўп ёмғир ёғмаган. Ой бошидан буён шаҳарга 350 мм ёғингарчилик тушган. Баъзи жойларда бир куннинг ўзида ойлик нормадан икки баравар кўпроқ ёғингарчилик кузатилган. Ўзи аслида Ню-Йоркда ёғингарчилик тез-тез бўлиб турадими? Бу галгиси ростдан ҳам рекорд даражада бўлдими?
— Ню-Йорк ўзига хос жўғрофий ҳудудда жойлашган. Унинг 5 та туманидан 4 таси Атлантика океанидаги оролларга тўғри келади. Булар – Бруклин, Куинс, Манҳеттан, Статен-Айленд. Шу жиҳатдан ҳам сув тошқинлари шаҳар учун одатий ҳол.
Сув тошқинлари асосан мавсумий кучли ёмғирлар, қор эриши, тропик тўфонлар сабаб юзага келади. Охирги марта кучли бўлган тўфонни эсласак, бу ҳолат 2021 йилнинг сентябр ойларида содир бўлган. Унинг номини “Айда” деб номлашган. Америкада шундай бир одат бор, кучли тўфонларни аёл кишининг исмлари билан аташади. Ўша “Айда” тўфонида 13 киши ҳалок бўлган, 13 мингдан ортиқ биноларга шикаст етган. Ню-Йорк шаҳар ҳокимлигининг ўша вақтда айтиши бўйича, шикастланган жами бинолар шаҳардаги объектларнинг 3 фоизини ташкил қилган. Шунақанги фожиа юзага келган.
Шаҳарнинг жўғрофий хусусиятлари, оролларда жойлашгани сабаб Атлантика океанидан келиб турадиган катта тўлқинларга юз тутади. Биламиз, сув тошқинлари фақат булутлардан тушадиган ёмғир ортидан келиб чиқмайди, бунга океан тўлқинлари ҳам сабаб бўлиши мумкин. Бу сувлар эса шаҳарнинг дренаж тизимларини тўлдириб, “flash flooding”, яъни фавқулодда сув тошқини юзага келади. Мана шунақанги “flash flooding”лар Бруклин ва Манҳеттаннинг пастки ҳудудларида бўлди.
Бу сафарги ҳолатда айрим рақамларга қараб “энг катта сув тошқини” деб аташяпти, лекин бу вазият 2021 йилги бўронга бир фоизда ҳам яқин келмайди. Тўғри, жараёнда шаҳар инфратузилмасига шикаст етди, жамоат транспортларида тўхташ бўлди, лекин у даражада катта талафот ёки қурбонлар бўлгани йўқ. Бунақанги ҳолатлар мавсумий бўлиб туради, онда-сонда дренаж тизимининг ишдан чиқиши, самарали ишламаслиги ортидан сув тошқинлари юзага келади ва медиада кўрганимиздек, “flash flooding”лар юзага келади.
Ню-Йоркликлар учун буни ўта нормал деб атай олмаймиз. Лекин 2-3 йилда бир марта шундай вазият бўлишини кутишади. Бундан ҳайрон бўлишмайди. Ҳеч бўлмаса, бир йилда бир марта катта ёмғир ёғмаса, шаҳар Ню-Йорк бўлмай қолади.
— Сув тошқинлари бошланаётган вақтда одамлар ва ҳукумат бу ҳолатни қандай қабул қилди?
— Мана шу мавзу ҳақида гаплашар эканмиз, бир нарсани эсда тутиш керак. АҚШ ўта бой ва ривожланган давлатлар қаторида туради. Рақамли технологиялар борасида ҳам олди қаторларда туради. Биласизлар, NASA ва шунга ўхшаган космик агентликлари бор. Бунақанги агентликларнинг барчаси метеорологик хизматлар билан бирга ишлашади, уларнинг фаолияти бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Фазода булутлар тўплами пайдо бўлиши билан ёки Американинг шимолий қисмларига циклонлар, тропик бўронлар яқинлашиши билан вазиятни олдиндан прогноз қила олишади. Математик моделлар орқали ёнғингарчилик бўлишини 100 км атрофида тахмин қилиш мумкин. Уларда шуларнинг ҳаммаси ишлайди.
Ҳозирги кун билан боғлайдиган бўлсак, 3 кун олдин одамлар яшайдиган кўп қаватли турар жойларни бошқарувчи ширкатларга ҳафтанинг қайси кунида катта ёмғир бўлиши, сув тошқини юзага келиши ҳақида огоҳлантириш хабарини жўнатишади. Сув тошқини бўлиб турган ёки тошқин бўлишидан олдин интернетга уланмаган бўлса-да, ҳудуд аҳолисининг электрон қурилмаларига огоҳлантириш хабарлари юборилади, улардан хавфсизроқ жойга кўчиш сўралади. Америка ҳукуматига миннатдорлик билдириш керак, бундай вазиятларда улар оператив равишда ишлашади, уни назоратга олишади.
— Фалокатда маъмурият ходимлари одамларга ёрдам бергани ҳақида гапириб бероласизми?
— Айтганимдек, бу ҳолатга ҳукумат, шаҳар маъмуриятлари олдиндан тайёргарлик кўришади. Албатта, ҳар бир шаҳар ҳокимиятининг бюджетида ҳудудда юзага келадиган кутилмаган талафотлар учун ажратилган жамғарма бўлади, кимнингдир шахсий мулкига зарар етса, шу жамғармадан пул ажратишади. Бу моддий томони.
Амалий жиҳатдан кимдир сув тагида қолса, кимнингдир автомобили юрмай қолса, 911 қисқа рақамига телефон қилиш орқали ёрдам сўраши мумкин, махсус хизматлар, ўт ўчирувчилар, тез ёрдам ўз вақтида ишлайди.
Мен Манҳеттанда, 9-авенюда яшайман. Ёмғир бошланиб, сув тошқинлари бўлгандан бери тез ёрдам машиналарининг сиреналар овозини кўп эшитяпмиз. Умуман олганда, шундай... Махсус хизмат машиналари ўз вақтида ва ўз ўрнида ишлашади.
Ню-Йоркда шундай қоида бор, агар тез ёрдам 7 дақиқа ичида етиб келмаса, ўша ҳудудда яна бир касалхона қуриш керак бўлади. Бутун шаҳар хизмати мана шу регламентда фаолият юритади.
— Сув тошқини бўлишини эшитган одам қандай тайёргарлик кўради?
— Бу саволга жавоб бериш қийин бўлса керак. Шаҳарда ижара нархи қимматлиги сабаб одамлар кўп қаватли уйларнинг пастки қисми, ертўлаларини ҳам турар жой қилиб ижарага беришади. Бу Ню-Йорк учун жуда ҳам оддий ҳолат. Ўша жойларда ижара ҳақи 10 фоиз арзонроқ бўлиши мумкин, лекин шу 10 фоиз ҳам катта фарқ бўлгани учун ўша жойларда қўним топадиганлар талайгина. Афсуски, “Айда” тўфони бўлганида 13 киши ҳалок бўлганди, мана шу 13 киши пастки ертўлаларда яшашган эди. Сув тошқинидаги босим сабаб эшиклари очилмай, сув остида қолиб кетишганди.
Сув тошқини бўлиши ва бундай вазиятда пастликда қолиш хавфли эканини кўп инсонлар билишади ёки уларга бу нарса хабар қилинади. Менимча, бу жараёнда хавфсизлик чораларини кўриш ҳар бир шахснинг ўзига боғлиқ. Агар фалокат ёқасида қолсангиз, махсус хизматлар доим ёрдам беришади. Лекин бу барибир шахснинг ўзига боғлиқ.
Айтайлик, Жонатан Манҳеттаннинг қуйи, сув тошқини бўладиган қисмида яшайди. Огоҳлантириш келганидан кейин у яшаётган уйни катта эҳтимол билан сув босишини билади. Бундай вазиятда у шаҳарнинг юқори қисмига чиқиши мумкин ёки кафеда ўтириши мумкин. Яъни бу жараёнда у ҳаётини сақлаб қолиши учун вақти бўлади. Қандай хавф юзага келишини биладиган одам шундай чоралар кўриши мумкин. Лекин ўтган сафарги “Айда” тўфонидаги қурбонлар бундай бўлишини билишмаганди. У вақтда огоҳлантириш тизими ҳозиргидек яхши йўлга қўйилмаган эди.
— Ёғингарчилик инсонлар ҳаёти ва шаҳар инфратузилмасига қандай таъсир қилмоқда? Ҳозирда вазият қандай?
— Ню-Йорк қадимий шаҳар эмас, лекин аввалдан ривожланиб бораётган ҳудуд саналади. Шаҳар иқлимий вазиятлар ҳисобга олинган ҳолда қурилган. Масалан, бизнинг ўқишимиз, Ню-Йорк ёки Колумбия университети ҳам тепаликларда қурилган. Шу сабабли бу бинолар сув остида қолмайди. Мактаблар ҳам худди шундай, аммо шаҳарнинг қуйи қисмларида ҳам одамлар зич яшашни бошлагандан сўнг, иложсиз равишда Ню-Йоркда префектура тизими йўлга қўйилган. Шунга мувофиқ ҳар бир ҳудудда мактаб бўлиши лозим. Бу сафар ҳам сув тошқинда мана шу мактабларга зарар етган. Бруклин, Куинс, Манҳеттаннинг айрим жойларидаги мактабларга – умумий ҳисобда 150 та мактабга зарар етган. Бунда ҳам мактабларнинг сув чиқариш тизимларига зарар етган. Яъни бу мактабларда сув тошқини бўлиши инсон ҳаёти учун хавфли ҳисобланади. Жойлар тозаланиб, сув чиқариш тизимларига тўғриланмагунча, биноларда ўқув ишларини олиб бориш мумкин эмас, чунки хавфсизлик талабларига жавоб бермайди. Шунингдек, худди шу сабаб билан Бруклиндаги бир маҳаллада жойлашган клиника ҳам ёпилди.
Ёғингарчилик бошлангандан бери жамоат транспорти вазиятни инобатга олган ҳолда ишлаб турганди, аммо фавқулодда тошқинлар бўлган вақтда 3-4 та метро линиялари фаолияти тўхтатилди, чунки метро йўллари дренаж тизими билан уланиб кетган. Лекин автобуслар шу ҳолатда ҳам бассейнда юргандек бўлса ҳам ишлаб турди. Уларга ҳам фарқи йўқ экан, анча одамларга хизмат қилиб турди. Аммо кейин сув анча кўтарилганидан кейин вақтинчалик тўхтаб турди. Умуман олганда, шаҳарда транспорт коллапси юзага келмаслиги учун ерусти транспорти ишлаб турди.
Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.
Тасвирчи – Мирвоҳид Мирраҳимов.
Монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.
Мавзуга оид
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
21:25 / 22.11.2024
Россия ортидан АҚШ ҳам ядро стратегиясини ўзгартирди
13:52 / 22.11.2024
АҚШ Ўсимликлар карантини агентлигига 205 минг долларлик ускуналар топширди
21:00 / 21.11.2024