Ўзбекистон | 08:58 / 03.10.2023
2533
2 дақиқада ўқилади

АЭХАнинг Ўзбекистонга кўрсатаётган ёрдами ҳажми кенгайтирилади

Ўзбекистон делегацияси АЭХА бош конференциясининг 67-сессиясида иштирок этди.

Фото: Reuters

25-29 сентябр кунлари Венада Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) йиллик бош конференциясининг 67-сессияси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё».

АЭХА бош конференциясида «Ўзатом» агентлиги бош директори Баҳром Мансуров, Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Беҳзод Йўлдошев, соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Фаррух Шарипов ва бошқалардан иборат Ўзбекистон делегацияси иштирок этди.

Анжуман доирасида Ўзбекистон делегацияси қатор учрашув ва музокаралар ўтказди. Жумладан, АЭХА бош директори Рафаэл Гросси билан учрашувда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, АЭХАнинг республика билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва Ўзбекистонга кўрсатилаётган ёрдам ҳажмини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Ядровий материалларни ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизимини ҳамда хавфсизлик чораларини ишлаб чиқишга қаратилган «Умид нурлари» дастури доирасида ядро тиббиёти ва онкологик касалликларни даволаш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш таклиф этилди. Радиациявий хавфсизлик соҳасида республика назорат қилувчи органининг мустақиллигини таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.

АЭХА бош директори ўринбосари, ядро фанлари ва иловалари департаменти бошлиғи Нажата Мохтар билан учрашувда ядро технологияларини турли соҳаларда, жумладан, иқтисодиёт, тиббиёт ва қишлоқ хўжалиги жабҳаларида қўллашнинг ҳолати ва эришилган ютуқлари муҳокама қилинди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид