Жаҳон | 09:24 / 06.10.2023
7632
2 дақиқада ўқилади

ЕИдаги энг баланд чўққи - Монблан тоғи икки метрга пасайгани маълум бўлди

Сентябр ойидаги ўлчовларга кўра, Алп тоғларида жойлашган Монблан денгиз сатҳидан 4805 метр ва 59 сантиметр баландликка эга. Мутахассисларнинг эътироф этишича, об-ҳаво қор қоплами қалинлигининг қисқаришига таъсир қилган бўлиши мумкин.

Фото: wikipedia.org

Европа Иттифоқининг энг баланд чўққиси Франция жануби-шарқидаги Монблан тоғи сўнгги икки йил ичида 2 метр ва 22 смга пасайган. Бу ҳақда 5 октябр, пайшанба куни тадқиқотчилар гуруҳи маълум қилди. Сентябр ойида ўтказилган ўлчовлар шуни кўрсатдики, тоғнинг баландлиги денгиз сатҳидан 4805 метр ва 59 сантиметр тепада жойлашган. Олдинги ўлчовлар 2021 йилда амалга оширилган

Алп тоғларининг энг баланд чўққиси қояли қисмини қоплаган қор қоплами қалинлигининг қисқариши ёзда ёғингарчилик миқдори камайиши билан боғлиқ бўлиши мумкин, деди геодезист Жан де Гар. Бироқ, иқлимшунослар, гляциологлар ва бошқа олимлар тўпланган маълумотларни ўрганиши ва янги ўлчов натижасини тушунтирувчи барча назарияларни илгари суриши керак, деди эксперт. 

Тоғнинг қояли қисми денгиз сатҳидан 4792 метр баландликда жойлашган. Уни қоплаган қор ва муз «қопқоғи» қалинлиги йилдан-йилга ўзгариб боряпти. 2001 йилдан бери тадқиқотчилар ҳар икки йилда бир марта шундай ўлчовларни ўтказади ва бу йил улар биринчи марта учувчисиз учиш аппаратидан фойдаланди. Шу тариқа, олимлар иқлим ўзгаришининг Алп тоғлари учун оқибатлари ҳақида маълумот оляпти.

Мавзуга оид