Иқтисодчи Ўзбекистондаги иссиқхоналар фалокат ёқасида эканини айтди. ҚХВ муносабат билдирди
Иқтисодчи Юлий Юсупов иссиқхоналарни газдан кўмирга ўтказиш уларнинг рентабеллигига салбий таъсир кўрсатиши, шунингдек, тармоқнинг қарз юкини янада ошириши мумкинлигини ёзди. Қишлоқ хўжалиги вазирлигига кўра, 2023-2024 йилги куз-қиш мавсумида иссиқхона хўжаликлари эҳтиёжи учун табиий газни бир қанча талабларга қатъий риоя этган ҳолда етказиб бериш кўзда тутилган.
Иқтисодчи Юлий Юсупов иссиқхоналарнинг газдан кўмирга ўтказилаётгани масаласида хавотир билдириб, улар “фалокат ёқасида” эканини таъкидлади.
Унинг Мева-сабзавот етиштирувчилар миллий ассоциацияси маълумотларига таяниб ёзишича, бугунги кунда Ўзбекистонда 5,2 минг гектар майдонда 6 мингдан ортиқ иссиқхона фаолият юритади. Уларда 600 млн долларлик маҳсулот етиштирилади, шундан 300 млн доллари экспорт улушига тўғри келади. Бу тармоқда 35 мингдан ортиқ киши ишлайди.
“Бугунги кунда соҳанинг асосий муаммоси шундаки, расмийларимиз негадир уларни газдан кўмирга ўтказмоқчи бўлишди. Бу ҳайратланарли. Чунки, а) иссиқхоначилар ҳиссасига мамлакатда истеъмол қилинаётган газнинг 1 фоизи тўғри келади ва бу газ балансига жиддий таъсир кўрсатмайди; б) улар газ учун тўлов қилишган, тўлашяпти ва энг юқори тарифларда ҳам тўлашга тайёр.
Ҳисоб-китоблар шуни кўрсатадики, кўмирга ўтиш кўплаб ишлаб чиқариш объектларининг рентабеллигига салбий таъсир кўрсатади ва уларни ёпишга тўғри келади. Шунингдек, кўмирда ишлайдиган ускуналарга сармоя киритилиши тармоқнинг қарз юкини янада оширади. Тармоққа аллақачон 1 млрд доллар (мамлакатнинг йиллик ялпи ички маҳсулоти 80 миллиард долларга тенг) қарз жалб қилинган”, – дея таъкидлади Юлий Юсупов ўзининг Telegram-каналига жойлаштирган постида.
“Иссиқхона хўжаликлари билан табиий газ етказиб бериш бўйича шартнома тузиш ишлари якунига етмоқда”
Ҳолат юзасидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати муносабат билдирди.
Қайд этилишича, Энергетика вазирлиги томонидан куз-қиш мавсумида аҳоли газ тармоқларига уланмаган иссиқхона хўжаликларига табиий газ етказиб бериш бўйича шартнома тузиш ишлари якунига етмоқда.
Вазирликнинг Kun.uz'га маълум қилишича, бунда, иссиқхона хўжаликлари эҳтиёжи учун 2023-2024 йил куз-қиш мавсумида табиий газни қуйидаги талабларга қатъий риоя этган ҳолда етказиб бериш кўзда тутилган:
- биринчидан, иссиқхона хўжаликларининг табиий газдан дебитор қарздорлигини сўндириш ҳамда табиий газ учун белгиланган тўловни олдиндан амалга ошириш;
- иккинчидан, иссиқхоналарни табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизими сертификациясидан ўтган электрон ҳисоблагичлар орқали уланган бўлиши;
- учинчидан, аҳоли истеъмолчилари газ таъминоти тизимида фавқулодда ҳолатлар юзага келганда иссиқхона хўжалигида етарли миқдорда муқобил ёқилғи захирасининг мавжудлиги инобатга олинади.
“Иссиқхона хўжаликлари молиявий аҳволини яхшилаш ва ривожлантириш бўйича республика ишчи гуруҳининг 3 та йиғилиш баёнлари қабул қилиниб, иссиқхона хўжаликлари томонидан олинган 87 фоиз кредит маблағларининг муддати 14 йилгача узайтирилди”, дейилади расмий муносабатда.
ҚХВ танқидий руҳда тарқатилган хабарларни “бирламчи тахмин” ҳамда “асосга эга бўлмаган фикрлар жамланмаси” деб атаб, муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш юзасидан очиқ мулоқотга ҳар доим тайёрлигини билдирган.
Аввалроқ, президент селекторида ихтиёрий равишда кўмир ёқилғисида ишлайдиган иссиқхоналарга давлат томонидан рағбатлантириш пакети жорий этилиши маълум қилинганди.
Мавзуга оид
20:46 / 07.11.2024
Президент 10 та сел сув омбори қуриш ишларини бошлашни буюрди
19:07 / 07.11.2024
2025 йилда каналларни бетонлаштиришга 800 миллиард сўм ажратилади
18:21 / 07.11.2024
Президент сув таъминоти оғир туманларда суғоришни «ақлли тизимга» ўтказишни буюрди
23:00 / 04.11.2024