Жамият | 08:44 / 29.10.2023
29328
8 дақиқада ўқилади

«Алданиб қолганингизда фирибгардан эмас, ўзингиздан ўпкаланг» – қозоқ киноижодкорларидан долзарб мавзуда сериал

НТК телеканали суратга олган навбатдаги сериалда фирибгарларнинг содда одамларни қандай қилиб тузоққа илинтириши ҳаётий тарзда кўрсатиб берилади. Гап шундаки, бу каби «схема»лар Ўзбекистонда ҳам жуда авж олган. Ҳар куни юзлаб юртдошларимиз худди сериалдаги каби турли фирибгарликлар қурбонига айланишяпти.

Фотоколлаж: Kun.uz

«Фирибгарлар» («Мошенники») сериали Қозоғистондаги энг оммабоп кўнгилочар телеканал бўлган НТК (Независимый телевизионный канал – Мустақил телевизион канал) томонидан суратга олинган.

Бу телеканал анча йиллардан буён жиддий мавзуларда савияли сериаллар суратга олиб келмоқда. Жумладан, нафақат Қозоғистонда, балки бошқа кўплаб мамлакатларда ҳам қизиқиш билан томоша қилинган «Патрул» сериалини ҳам шу телеканал суратга олганди.

Бундан ташқари, телеканал томонидан 2020 йилда «Саке» сериали омма эътиборига ҳавола қилинди. «Патрул»да Қозоғистон полициячиларининг, «Саке»да давлат бошқарувининг муҳим бўғини бўлган ҳокимлар ҳаёти ва иш фаолияти танқидий руҳда ошкора кўрсатилган.

Ҳар икки сериал томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинган. Қозоғистондаги намойишлардан сўнг улар бир қатор давлатлар томонидан сотиб олинди.

«Патрул» сериали баннери

«Фирибгарлар» сериали

«Фирибгарлар» НТК телеканалида 2013 йил 2 октябрдан намойиш қилина бошланди ва дастлабки қисмлариданоқ кинотанқидчилар томонидан яхши баҳо олди.

«Фирибгарлар» сериалида бош ролни таниқли актёр Рустем Омаров ижро этган. Маълумот учун, у «Патрул» сериалидаги бош роллардан бири лейтенант Серик ролини ҳам қойиллатиб ижро этганди.

Рустем Омаров «Патрул» сериалида

«Фирибгарлар»нинг биринчи қисмиданоқ унинг бош қаҳрамони Дамир (Рустем Омаров) ҳозир жуда кенг тарқалган фирибгарликлар ҳақида маълумот беришдан бошлайди.

Яъни фуқаролардан бирига ўзини банк ходими деб таништирган шахс қўнғироқ қилади ва ҳисоб варағига жуда катта пул келиб тушганини айтади. Шунда фуқаро банкда ҳисобрақами йўқлигини айтади.

«Банк» ходими «Унда хатолик бўлибди ва бошқанинг ҳисоб варағи сизнинг номингизга ёзилибди. Ҳозир телефонингизга бир нечта рақамдан иборат код боради, шуни менга айтсангиз ҳаммасини тўғирлаб юбораман», дейди. Содда фуқаро кодни айтгач банк картасидаги барча пулни ечиб олишади.

Дамир буни шарҳлар экан, томошабинга қарата «Фирибгарлар ақлли бўлиб кетмади, аксинча сизлар гўл ва содда бўлиб кетдинглар. Алданиб қолганингизда фирибгардан эмас, ўзингиздан ўпкаланг», дейди.

Кейинги эпизодларда шундай фирибгарликлар ортидан ўз пулларини йўқотган одамларнинг оҳ-воҳлари кўрсатилади. Дамир эса ҳар йили фирибгарлар турли «схема»лар билан Қозоғистонда 40-50 минг кишини чув тушираётганини айтади.

Шунингдек, фирибгарликларни қандай амалга оширишлари кўрсатилади. Масалан, онлайн фирибгарликлар билан шуғулланаётганлар ўзларининг яширин call-марказларига эга ва чув туширмоқчи бўлган фуқароларга шу ердан қўнғироқ қилинади. Улар тераётган рақамларни эса аниқлаб бўлмайди.

Рустем Омаров «Фирибгарлар» серилида, Дамир ролида.

Бундан ташқари, кўчмас мулкларни бир нечта одамга сотиш, фуқаролар номига яширинча кредит олиш, банк карталари билан боғлиқ фирибгарликлар урчигани айтилади.

Ажабланарлиси, фирибгарлар ўзгалар маблағини ўзлаштириш йўлида беморларни ҳам аяшмаяпти. Уларга сохта ташхис қўйилади ва оғир дардга чалингани айтилади. Сўнг жуда катта пул эвазига даволашларини айтиб, арзимаган дард билан оғриган инсонларнинг пуллари ўзлаштирилади.

Булар орасида энг кўп содир этилаётган фирибгарлик – фуқарога қўнғироқ қилиб, ундан код рақамларини билишади. Сўнг банк картасида бўлган барча пулларни ечиб олишади.

Иккинчи фирибгарлик қонунни яхши билмайдиган инсонлар номига кредитга кўчмас мулк ёки машина олиш. Сериалнинг биринчи қисмида ўзи шундоқ ҳам зўрға пул топиб, рўзғорини ўтказиб юрган содда одамларни алдаб, уларнинг номига кредитга уй ва қиммат машиналар олиш йўли кўрсатилади.

Бу учун энг аввал қиммат кийимлар кийиб, таксига ўтирилади ва таксичи билан танишиб, унга доимий мижоз бўлинади. Сўнг таксичининг ишончига кириб, унинг номига кредитга уй ва қиммат машиналар олинади.

Шу жойда сериал бош қаҳрамони Дамир муҳим бир гапни гапиради:

«Биз фирибгарларнинг номимизда ҳеч нарса бўлмайди. Яна биз ҳеч нарсани ўз номимизга расмийлаштирмаймиз».

Биринчи қисмнинг охирроқларида машина олди-сотдиси бўйича фирибгарликлар қандай содир этилиши ҳақида маълумот берилади.

Сериални суратга олиш жараёни
Фото: ntk.kz

Бундай фирибгарлар асосан қиммат машиналар билан ишлашади ва бойларнинг ишончига кириб олгунча уларнинг машинаси қимматроқ олиниб, ҳатто бироз зарарига сотилади.

«Биз фирибгарлар учун энг муҳими ишонч. Бойларнинг ишончига кириб олганингдан сўнг улар сени ўз давраларидаги бошқаларга ҳам тавсия қила бошлашади. Шундан сўнг яхшироқ нархга сотиб беришинг учун сенга машиналарини ҳам ишониб топширишади. Шу жараёнда мижозларни ҳам ишонтирасан ва машиналарни кейинроқ расмийлаштириб беришга кўндирасан. Шунда бир томон сенга машинасини беради. Иккинчи томон ҳали номига расмийлаштирилмаган машинанинг пулини тўлайди. Охирида пайтдан фойдаланиб, қўлингдаги барча машиналарни сотасан ва қочиб кетасан», дейди Дамир.

Сериал ижодкорлари нима дейишади?

Саида Игенбек, НТК телеканали бош директори:

«Ҳар куни кўплаб қозоғистонликлар онлайн ва оффлайн тарзда ишлайдиган турли фирибгарларнинг ҳужумларига дучор бўлишяпти. Аксарият ҳолларда интернетга кирмайдиган ва муҳим янгиликлардан узилиб қолган кексалар уларнинг қурбонига айланяпти ва сўнгги пулларини олдириб қўйяпти. Ҳатто сўнгги пулларини олдиргач, чорасиз қолиб ўз жонига қасд қилган инсонларни биламан. Шу сабабли ушбу сериални суратга олиб, бугун авж олган фирибгарликларнинг барчасини батафсил оммага кўрсатишга қарор қилдик».

Рустем Омаров
Фото: ntk.kz

Рустем Омаров:

«Кадрда яхши одамнинг ролини ўйнашдан кўра, ёмон одам бўлиб кўриниш осонроқ. Мен шу пайтгача доим яхши одамлар ролини ўйнаб келдим. Бу сафар фирибгар ролини ўйнашим ҳақида таклиф бўлгач дарҳол қабул қилдим. Қолаверса, бугун авж олган фирибгарликларни очиб берадиган лойиҳада иштирок этаётганимдан хурсандман».

Фариза Эскермес:

«Сериалда рол ўйнашдан аввал қаҳрамонимга ўхшаш қизни топиб гаплашдим. Унинг ёши атиги 22 да ва қиз бошқа иш қилиб ҳалол йўл билан яшаса ҳам бемалол эплаб кетади. Бироқ хоҳламайди. У учун ҳаётда қимматли ҳеч нарса қолмаган. Мақсади кўпроқ ва кўпроқ эркакларни чув тушириш ва шериклари билан «ўлжа»ларининг пулларига эга бўлиш».

Шунингдек, ушбу сериал лойиҳасида қатнашаётган актёрлар Азамат Нигманов, Ақилхан Алмасов ва бошқалар ўзлари ҳам турли фирибгарларга дуч келишганини, шу учун одамларни алдаб пулларини ўзлаштираётганлар ҳақида сериалга таклиф этишганда ўйланмасдан рози бўлганларини айтишган.

Ақилхан Алмасов, орган ходими ролида

Ўзбекча хулоса

Қозоғистонлик ижодкорлар жуда долзарб мавзуни кўтариб чиққан ва «Фирибгарлар» сериалида кўтарилган мавзулар Ўзбекистон фуқаролари учун ҳам бегона эмас.

Сериални томоша қилган ҳушёр томошабин тушунадики, унда кўрсатилган воқеалар, инсонлар тақдири, ғам-ғусса-ю, кўз ёшлар айрим ўзбекистонликларнинг ҳам бошида ўтган, ўтмоқда.

Ҳар куни ўнлаб (балки юзлабдир) ҳамюртларимиз у ёки бу фирибгарнинг тузоғига илинмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда сериалда тилга олинган онлайн ва оффлайн фирибгарликнинг қурбонлари сони кўпайди.

Шу учун бизда ҳам ушбу мавзу бўйича филмлар, сериаллар ишлаш ёки қозоқ қардошлардан тайёр сериални сотиб олиб намойиш қилиш керак. Балки шунда одамларнинг кўзи очилар ва фирибгарликлар камаяр?!

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид