Ўзбекистон | 10:28 / 22.11.2023
7311
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги 7-шифохонада содир бўлган ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Тошкент шаҳар 7-сон клиник шифохонасида содир бўлган ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди. 

Фото: Видеодан кадр

Бош прокуратура хабарига кўра, иш Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) билан очилган. Ички ишлар органлари томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Аввалроқ мазкур тиббиёт муассасасида шифокор ва фуқароларнинг бир-бирлари билан жанжаллашаётган ҳолати акс этган видеотасвир интернет тармоқларида муҳокамаларга сабаб бўлганди.

Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси хабарига кўра, шифокор ва фуқароларнинг бир-бирлари билан жанжаллашаётгани акс этган видеотасвирдаги ҳолат шифохонада жорий йил 6 ноябрда содир бўлган.

Шу куни 2001 йилда туғилган фуқаро С.А. қабулхонанинг юз-жағ жарроҳлиги хонасига ютинишдаги оғриқлар, чайнашнинг қийинлиги, иккала томон жағ ости соҳасидаги шиш ва тана ҳароратининг кўтарилиши шикоятлари билан мурожаат қилган. Бу пайтда шифокор Д.М. навбатчиликда бўлган.

Шифокор томонидан бемор вирус этиологияли ринофарингит ёки инфекцион мононуклеозга гумон қилиниб, вирусолог-мутахассис кўригига юборилган. Бундан эса у ва яқинлари норози бўлиб, шифокорга ўта қўпол муносабатда бўлган ва унга қарата стул отган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид