Ўзбекистон | 13:00 / 27.11.2023
3390
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон элчиси Австрия президентига ишонч ёрлиқларини топширди

Вена шаҳрида Ўзбекистоннинг фавқулодда ва мухтор элчиси Бахтиёр Ибрагимовнинг Австрия президенти Александр Ван дер Белленга ишонч ёрлиқларини топшириш расмий маросими бўлиб ўтди.

Фото: Дунё АА

«Дунё» хабарига кўра, маросим доирасида элчининг Австрия президенти билан суҳбати бўлиб ўтди. Унда сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Суҳбат якунида Австрия Президенти элчини янги лавозимга тайинлангани билан табриклади ва унинг ушбу масъулиятли фаолияти Австрия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни янада кенгайтиришга хизмат қилишига умид билдирди.

Элчи штаб-квартираси Вена шаҳрида жойлашган Ядро синовларини кенг қамровли тақиқлаш тўғрисидаги шартнома ташкилотидаги Ўзбекистоннинг доимий вакили сифатида ҳам расман аккредитация қилинган эди.

Ўзбекистоннинг янги элчиси Австрияга тайинланишидан олдин Нью-Йорк шаҳрида 2017–2023 йиллар мамлакатинг БМТдаги доимий вакили лавозимида ишлаган.

Мавзуга оид