Танзила Норбоева: “Ўзбекистонда БРМга эришиш бўйича уникал тизим жорий қилинди”
“Қисқа давр мобайнида Ўзбекистонда [БМТнинг] Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича бошқа жойда учрамайдиган тажриба ҳамда уникал тизим жорий қилинди”, – деди Сенат раиси Тошкентдаги халқаро форумда. Тадбирда қатнашган БМТ вакили Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг ўрни ҳар қачонгидан ҳам муҳимлигини қайд этди.
2015 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти дунё мамлакатларида иқтисодий, ижтимоий ва экологик вазиятни яхшилаш ва бу орқали бутун инсониятнинг турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган глобал мақсадлар дастурини ишлаб чиққан. Халқаро ташкилотнинг бу дастури жами 17 та барқарор ривожланиш мақсадлари ва 169 та вазифадан иборат бўлиб, уни амалга ошириш муддати 2030 йилгача этиб белгиланган.
Мақсадлар ишлаб чиқилган вақтидаёқ кўплаб мамлакатлар, хусусан, Ўзбекистон томонидан ҳам қабул қилинган. Барқарор ривожланиш мақсадларини рўёбга чиқариш доирасида нималар қилинганини ҳисоб-китоб қилиш ва келгуси режаларни белгилаш мақсадида 30 ноябр куни Тошкентдаги халқаро форумлар саройида парламентлараро иккинчи глобал форуми бўлиб ўтди.
Унда кўплаб давлатлар парламентлари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар, эксперт ва мутахассислар иштирок этишди.
Тадбирда қатнашган Ўзбекистон Сенати раиси Танзила Норбоева нутқи давомида бу каби форумлар бошқа давлат вакиллари билан тажриба алмашиш майдони сифатида хизмат қилишини қайд этди ва қилинган ишлар бўйича маълумот берди.
“Ўтган қисқа давр мобайнида Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича бошқа жойда учрамайдиган тажриба ҳамда уникал тизим жорий қилинди. Аввало, ҳукумат аъзолари таркибида мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилди.
Глобал барқарор ривожланиш мақсад ва вазифалари ҳамда уларнинг индикаторлари миллий хусусиятларимизга мослаштирилиб, 16 та мақсад, 125 та вазифа ва 206 та индикатор қабул қилинди.
Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг асосий вазифаси – миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш бўйича масъул вазирлик ҳамда идораларнинг самарали ишларини ташкил этиш, мақсадларга эришишда идоралараро уйғунликни таъминлаш этиб белгиланди. Ўз барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга оширишда нафақат парламент ва ҳукумат, балки фуқаролик жамияти институтлари билан ҳам ҳамкорлик асосий ёндашувлардан бири этиб белгиланди”, – деди Норбоева.
Қайд этилишича, форум доирасида жами 3 та сессия ўз ишини олиб боради ва уларнинг ҳар бири турли йўналишларни ўзида қамраб олади.
“Демак, [биринчи йўналиш] парламентлараро ҳамкорликда қайси йўналишларда кун тартибини ишлаб чиқиб, белгилаш.
Иккинчи йўналиш бу – гендер ва ёшлик масалалари бўйича қайси кўрсаткичларга эришилди ва бундан кейинги парламентларнинг олдида турган мақсад, кўрсаткичларни белгилаш. Учинчи йўналиш бўлса, бу – парламентларни жамоатчилик ташкилотлари билан... Мана бизда давлат раҳбарининг ташаббуси билан айнан маҳалла институти кескин ривожлантириляпти. Бундан мақсад БМТнинг барқарор ривожлантириш мақсадлари ўртасида парламентларнинг жамоат ташкилотлари билан қандай ҳамкорлик қилиш белгиланган.
Энди форум якуни бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилади. Уларнинг ҳар бири парламентларга юборилади, бунда жумладан, бизнинг парламентнинг олдига ҳам қўйиладиган қатор вазифа ва мақсадлар форум натижалари бўйича белгилаб берилади”, – деди Иминов.
Қолаверса, форум давомида БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори вазифасини бажарувчиси Консуэло Видал Брюс ҳам сўзга чиқиб, барча режаларга эришишдаги энг муҳим омил бу мамлакатда фуқаролик жамиятларининг ишлаши эканига урғу берди.
“Аёллар ва эркакларни тенг қадрлайдиган жамиятлар хавфсизроқ ва соғломроқ саналади. Бу ерда ҳам фуқаролик жамиятининг фаол иштироки қонунчиликни шакллантириш, муҳим алоқаларни таъминлаш ҳамда аҳолининг хабардорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг ўрни ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Фуқаролик жамиятини яқиндан жалб этишни давом эттириш орқали биз турли соҳалар, жумладан, ижтимоий ҳимоя, давлат хизматларини кўрсатишни яхшилаш, инсон ҳуқуқлари, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, муносиб иш ўринларини яратиш ва бошқа йўналишларда барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш мумкин.
Фуқаролик жамиятининг иштироки инклюзив, барқарор ва жамиятнинг барча қатламлари эҳтиёжларини акс эттирувчи сиёсатни шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга. Айтмоқчиманки, биз олдинга силжишимиз давомида барқарор ривожланиш бўйича мақсадларимиз инклюзивлик, тенглик ва шериклик тамойиллари билан узвий боғлиқлигини ёдда тутайлик. Келинг, БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг барчамизни фуқаролик жамияти фаоллиги ва бунёдкорлиги имкониятларидан тўлиқ фойдаланишга ундаган сўзларига амал қилайлик”, – дея якунлайди ўз нутқини Брюс.
Эслатиб ўтамиз, форум якунида сессиявий йиғилишлардан сўнг барча йиғилган таклиф ва тавсиялар муҳокама этилиб, тегишли ҳужжатлар қабул қилиниши режалаштирилган.
Мавзуга оид
17:39 / 07.11.2024
БМТ Марказий Осиёда фуқаролиги бўлмаган шахслар сони камайганини қайд этди
17:00 / 05.11.2024
Ўтган юз йилда цунами 260 мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди — БМТ
14:10 / 05.11.2024
БМТ: РФ ва КХДР ўртасидаги ҳамкорлик «хавфли эскалация»га олиб келади
13:50 / 05.11.2024