Ўзбекистон | 09:51 / 06.12.2023
42595
2 дақиқада ўқилади

«Бахти Ташкентский» 15 суткага қамалди

Бахтиёр Қудратуллаев майда безорилик ва ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармасликда ифодаланган ҳуқуқбузарликларни содир этгани учун жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди қарори билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазосига тортилгани маълум бўлди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

2023 йил 29 ноябр куни жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани судида Бахтиёр Қудратуллаев билан боғлиқ иш кўриб чиқилган. Унга майда безорилик ва ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармаганлиги учун маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. 

Суд қарорида келтирилишича, Бахтиёр Қудратуллаев 2023 йил 28 ноябр куни соат 21:45 да Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Коҳинур кўчасидаги 37-уйнинг йўлагида ИИО ходимларига нисбатан бақир-чақир қилиб, фуқароларнинг тинчлигини бузган.

Шунингдек, ИИО ходимларининг ИИБ биносига бориб шахсига аниқлик киритиш ҳақида қонуний талабларини бажармаган.

Ушбу ҳаракатлари учун суд Бахтиёр Қудратуллаевни МЖтКнинг 183-моддаси ва 194-моддаси 1-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир қилган деб топган ҳамда унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.  

Эслатиб ўтамиз, 52 ёшли Бахтиёр Қудратуллаев Жиноят кодексининг 165-модда 3-қисми (жуда кўп миқдорда товламачилик), 276-модда 2-қисми (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Мавзуга оид